Сурхондарёда “Бойсун баҳори” халқаро фестивалига тайёргарлик жараёнлари бошланди

24.02.2024, 12:15

Сурхондарёда “Бойсун баҳори” халқаро фестивалига тайёргарлик жараёнлари бошланди

Ноёб қадрият ва бой номоддий маданий меросга эга Бойсун тумани 2001 йил ЮНЕСКО ташкилоти томонидан “Инсониятнинг оғзаки ва номоддий мероси дурдоналари” рўйхатига киритган эди. 2002 йил май ойида хушманзара туманда Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон халқ ижрочиларининг илк очиқ фолклор фестивали бўлиб ўтган эди.

Ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган ушбу маданий тадбир хорижий давлатлар билан ҳамкорликда миллий маданиятлар уйғунлиги ва турфа хиллигини сақлаш ва ривожлантириш, номоддий маданий мероснинг энг яхши намуналарини муҳофаза қилиш ва ривожлантириш, миллий анъаналарни асраб-авайлаб, ёшларда фолклор санъатига бўлган қизиқишни ошириш, халқимизнинг маданияти, хусусан, бетакрор фолклор санъатини эъзозлашга қаратилгани барчада катта қизиқиш уйғотди. Фестивал ҳунармандчилик кўргазмалари, тасвирий ва амалий санъат асарлари, қадриятлар ва анъаналарни кенг тарғиб этишга, турли миллат вакилларини маънавий мулоқотга чорлаб, миллий анъаналар асосида халқаро маданий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва маданий туризмни ривожлантиришга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир.

Сурхондарё воҳасида дунё фолклор санъати ижрочилари, шинавандалари ва фолклоршуносларни мафтункор Бойсун туманига чорлайдиган шодиёнани бу йил ҳам юксак савияда ўтказиш учун пухта ҳозирлик кўрилмоқда. Тадбир ўтадиган “Бибиширин” маҳалласида фестивал учун ер майдони танлаб олинган бўлиб, ушбу ҳудудда теварак-атрофни ободонлаштириш-кўкаламзорлаштириш, иштирокчилар ва мухлисларга қулай шароитлар яратиш учун “йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Унга кўра, айни пайтда анфитеатр, меҳмонхона ва бошқа маиший хизмат кўрсатиш бинолари қурилмокда.

Миллий анъана ва қадриятлар кенг тараннум этиладиган шодиёна фақат жонли ижрода ўтказилади. Фестивал доирасида шунингдек, илмий-ижодий конференсиялар, семинарлар, давра суҳбатлари, сайиллар, концертлар, кўргазма ва бошқа тадбирлар ташкил этиш, воҳанинг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар уюштириш режалаштирилмоқда. Миллий созлар ва либослар, ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари кўргазмаларини, бадиий ва ҳужжатли филмлар, аудио ва видео дисклар, китоблар, албомлар, фотосуратлар намойиши ва уларнинг сотуви йўлга қўйилади.

Алишер РЎЗИЕВ,

O'zLiDeP Сурхондарё вилояти

Кенгаши депутати

  • Кўрилди
    180
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+