Жамоатчилик назорати керак экан-да!

29.02.2024, 12:08

Жамоатчилик назорати керак экан-да!

Кенгашимиз ҳузуридаги депутатлик гуруҳи аъзолари ниҳоят шундай қарорга келишди. Нега? Чунки улар партия электорати вакиллари ва аҳолининг турли қатламлари билан кечган жонли мулоқотларда қатор масалаларга биргаликда жавоб излашди.

Масалан, оилавий тадбиркорлик билан шуғулланаётганларнинг кўпчилиги иссиқхона фаолияти ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича айрим жўяли таклифларни ўртага ташлашди. Албатта, бу жараёнда арзон ва сифатли уруғ топиш кейинги пайтда осон бўлмаяпти. Айниқса, экспортбоп ва бозорбоп уруғ навларини қиммат нархларда сотиб олишга мажбур бўлишаётгани ҳам сир эмас.

Жамоатчилик гуруҳи аъзолари Жарқўрғон туманидаги “Марказий Сурхон” маҳалласида бўлишиб, булғор қалампири етиштириш билан шуғулланаётган оилавий тадбиркорлар билан суҳбат жараёнида биринчи навбатда уларнинг даромадлари қандайлиги билан қизиқишди. Табиийки, кейинги йилларда барча соҳаларда бўлгани каби, ўз томорқасида иссиқхона қурган хонадон соҳибларининг иқтисодий жиҳатдан бақувват бўлиб бораётгани кузатиляпти. Мазкур маҳаллада ҳам тўрт фаслда томорқасини гуллатиб қўйганлар сафи йил сайин кўпаймоқда. Аммо юқорида тилга олинган муаммо – сифатли уруғни қимматига харид қилиш оқибатида кўпчиликнинг харажатлари кўпайиб, фойдаси камайиши одамларнинг ҳафсаласини пир қилаётгани  ҳақиқат. Шунинг учун айни масалада депутатлар ва партия фаолларининг кўмаги ниҳоятда зарурлиги бежиз таъкидланмади.

Биринчи навбатда ушбу муаммони ижобий ҳал қилиш учун иккита таклиф ўртага ташланди: Аввало, тадбиркорларга уруғ етказиб беришда имтиёзлар қўлланилса, натижадорлик ва манфаатдорлик ошади. Хориждан келтирилаётган сифатли уруғлар муқобилини Ўзбекистонда ҳам етиштириш чораларини кўриш лозим!

Шунингдек, гуруҳ аъзолари вилоят миқёсида оилавий тадбиркорлик билан машғул бўлган жисмоний ва юридик шахслар дуч келаётган муаммолар орасида электр ва газ таъминоти линиялари бўлмаган ёки узилишлар рўй берадиган айрим ҳудудларда бу борада узлуксиз таъминотни йўлга қўйиш учун қайта тикланувчи электр манбалари ҳамда кўмир маҳсулотлари етказишда имтиёзли шартларни қўллаш бўйича ҳам амалий таклифларни ўртага ташлашди.

Чунки ҳозирги кунгача, айниқса, иссиқхона ташкил этган тадбиркорлар ўша ҳудудда, масалан, умуман газ қувурлари бўлмаса-да, ноиложликдан куз-қиш мавсумида кўмир маҳсулотларини ишлатишга мажбур. Лекин уларни қўллаб-қувватлаш учун баъзи имтиёзларни қўллаш вақти келмадимикан? Яна бир жиддий муаммо, бу сув таъминоти масаласидир.

Вилоятимизнинг Бандихон, Қизириқ, Музработ, Шеробод ва Термиз туманларида фаолият кўрсатаётган фермерлар, яъни партиямиз электорати вакиллари, айниқса, қизғин мавсум пайтида сув етишмаслигидан азият чекмоқда. Бу борада, албатта, ҳукуматимиз ва тегишли идоралар қонуний асосларга кўра барча чора-тадбирларни кўришмоқда. Лекин барибир бу муаммога биргаликда, ҳамжиҳатликда ечим топиш учун ҳаракат қилмасак, кейин кеч бўлади. Шунинг учун жамоатчилик гуруҳимиз ҳамфикр бўлиб, санаб ўтилган туманларда сув тежовчи технологияларни янада кенг роқ жорий қилиш, айниқса, томчилатиб суғориш ускуналаридан унумли фойдаланиш, артезиан қудуқлари орқали сув чиқариш учун имтиёзлар ва субсидия лар ажратиш зарур деб ҳисоб лайди! Кузатувларимиз давомида гувоҳ бўлдикки, номлари саналган ана шу ҳудудларнинг деярли ярмидан кўпида асосан томорқачилар фақатгина эртаки экинлар етиштириш билан чекланиб қолишаётгани ачинарли ҳолдир.

Яна бир эътибор қаратиш зарур бўлган соҳа, бу мева-сабзавот энг кўп етиштириладиган туманлар, масалан, Ангор, Денов, Жарқўрғон, Олтинсой туманларида аҳоли томорқаларига комплекс хизмат кўрсатишни ташкил этиш учун томорқа хизмати кластерлари фаолиятини йўлга қўйиш кечиктириб бўлмайдиган вазифа эканлигини алоҳида таъкидлашни истардик. Бу тажриба аксарият ҳудудларда ўзини оқлаётгани учун шундай таклифни ўртага ташлаяпмиз. Бу эса, биринчи навбатда, экспорт салоҳиятимизни янада оширишга хизмат қилса, қолаверса, одамларнинг иқтисодий манфаатдорлигини таъминлашда ўзига хос кўприк вазифасини ўтайди.

Умуман олганда, кенгашимизнинг фаол аъзолари, депутатлик гуруҳимиз вакилларидан иборат жамоатчилик гуруҳи қисқа ўрганиш жараёнида халқимизнинг мамлакатда олиб борилаётган изчил ислоҳотлардан розилигини аслида ҳар доим ана шундай мезонлар асосида ўлчашимиз лозимлигига яна бир бор гувоҳ бўлдик.

Алишер РЎЗИЕВ,

O‘zLiDeP Сурхондарё вилоят  кенгаши раиси

  • Кўрилди
    186
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+