Аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш учун янги имкониятлар яратилмоқда

16.04.2024, 18:26

Аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш учун янги имкониятлар яратилмоқда

“Ўзбекистон-2030” стратегиясида ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард долларга ва аҳоли жон бошига даромадларни 4 минг долларга етказиш вазифаси белгиланган. Иқтисодчилар бу маррага етиш формуласи сифатида, жумладан, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, шу орқали экспортни, валюта ва  солиқ тушумларини кўпайтиришни таклифини ҳам илгари суришяпти. Айнан кичик тадбиркорлик кўламини кенгайтириш воситасида иқтисодиётни янада тараққий эттириш мумкинлигини билдиришяпти.

Маълумки, тадбиркорлик — муайян ташаббус асосида, масъулият билан амалга оширилувчи мустақил иқтисодий фаолият Хусусан, фаолият кўлами бўйича  ихчам бўлган кичик тадбиркорлик,  унинг бир қисми ҳисобланган оилавий бизнес иқтисодиётдаги ўзгаришларга тезлик билан мослаша олиши, истеъмолчининг қизиқишларини эътиборга олиши, ички имкониятлардан тўлиқ фойдаланиши, рақобат муҳитини кучайтирган ҳолда иқтисодиётга динамика бағишлаши каби хусусиятлари билан ажралиб туради.

 Оилавий  тадбиркорликнинг янги иш ўринлари яратиш борасидаги имконият ва салоҳияти унинг ҳаракатчанлиги, йўналишни тез ўзгартира олиши каби хусусиятларида намоён бўлади. Ана шу ва бошқа талай афзалликлари туфайли мамлакатимизда тадбиркорликнинг мазкур шаклини ривожлантиришга урғу берилаётир.

Шу ойда – 2 апрелда давлатимиз раҳбари “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида аҳолининг бизнес ташаббусларини молиялаштиришни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.  Ушбу ҳужжат ЎзЛиДеПнинг тегишли  дастурий мақсадларига уйғунлиги билан ҳам, айниқса, эътиборга молик. Зеро, мазкур қарор ёшлар ва хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, мунтазам даромад манбаига эга бўлишларига шароит яратиш, бизнес лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш борасидаги ислоҳотларнинг узвий давоми бўлди.

Қарорда Марказий банкнинг асосий ставкаси пасайтирилса, ресурс маблағлари ва кредит бўйича фоиз ставкаси мутаносиб равишда камайтирилиши, оширилган тақдирда эса ўзгаришсиз қолиши ҳам белгилаб қўйиляпти.

Оилавий тадбиркорлик ёхуд даромад топишга қаратилган муайян меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ёки фаолият турини кенгайтириш истагини билдирган ўзини ўзи банд қилган шахсларга ҳамда тадбиркорлик субъектларига ажратиладиган кредитлар 6 ойдан 1 йилгача бўлган имтиёзли давр билан 3 йилдан 4 йилгача муддатга берилади.

Чорвачилик балиқчилик ва паррандачилик (тухум йўналиши) учун эса кредитлар 1 йилгача имтиёзли давр билан 3 йилдан 4 йилгача бўлган  муддатга берилади.

Эндиликда ўзини ўзи банд қилган жисмоний шахслар (асосий иш жойига эга шахслар бундан мустасно) паррандачилик, қуёнчилик, чорвачилик, асаларичилик, балиқчиликни бошлаш ҳамда ихчам иссиқхонада полиз маҳсулотлари етиштириш учун учун 33 миллион сўмгача кредит олишлари мумкин.  Шунингдек, қарорда оилавий тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни истаган, ер майдони 10 сотихдан ортиқ бўлган томорқа ер эгаларига ва ижарачиларга 50 млн. сўмгача, 10 сотихли ихчам иссиқхоналарни барпо этиш ва балиқчилик фаолиятини ташкил этиш учун эса 100 млн. сўмгача гаровсиз кредитлар ажратилиши белгилаб қўйилган.

   Шуни ҳам айтиш жоизки, маҳаллага бириктирилган банк ва ҳоким ёрдамчиси маҳалладаги кредитлар ҳисобига амалга оширилаётган оилавий тадбиркорлик лойиҳаларининг натижадорлиги учун тенг манфаатдор ва жавобгар бўлади.   

 Мазкур қарор имзолангунга қадар амалда бўлган меъёрий ҳужжатларда кредит олишда нақдлаштириш имконияти чекланганди. Бу борадаги тўсиқлар ҳам олиб ташланади.  Икки йиллик имтиёзли давр билан беш йил муддатга бериладиган кредитларни жорий қарор кучга кирган кундан эътиборан уч йиллик имтиёзли давр билан етти йил муддатга олишлари мумкин бўлади.

 Дарвоқе, Президентимизнинг 2018 йил 7 июндаги “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги, 2021 йил 20 декабрдаги “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолининг даромад манбаини кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари тилга олинган қарор асосида таҳрир қилинади. 

Хуллас, ушбу қарор оилавий тадбиркорлик салоҳиятини ошириш, унинг ривожига хизмат қилади.  Бу ижобий ўзгаришлар эса, ўз навбатида, истеъмол бозорини товар ва хизматлар билан тўлдириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини оширишда муҳим омилдир. 

 Моҳинур Баҳрамова,

юридик фанлари доктори,

O`zLiDeP Чилонзор туман кенгаши аъзоси

 

  • Кўрилди
    143
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+