O‘zLiDeP раҳбари ЕХҲТ делегациясини қабул қилди (+фото)

07.09.2018, 13:54

O‘zLiDeP раҳбари ЕХҲТ делегациясини қабул қилди  (+фото)

2018 йил 6 сентябрь куни O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитасида ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича Бюроси ва Венециан комиссия вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Ташрифнинг мақсади – Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси лойиҳаси бўйича фикр алмашишдир.

Учрашув давомида O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси Раиси А.Хаитов партия делегациянинг Ўзбекистонга ташрифини Ўзбекистон ва ЕХҲТ ўртасида жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш борасида фуқароларнинг ҳуқуқларини таъминлаш каби муҳим масалада конструктив ҳамкорликнинг тасдиғи сифатида кўриб чиқишини таъкидлади.

Мазкур масалалар жамият ҳаётининг барча жабҳаларидаги кенг қамровли демократик ўзгаришлар, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари билан чамбарчас боғлиқ. Бу нуқтаи назардан бугун амалга оширилаётган либерал ислоҳотлар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фуқаролар билан мулоқот қилишга очиқлиги Ўзбекистонни принципиал янги сиёсий ривожланиш даражасига олиб чиқди. Жумладан, бугун мамлакатда кенг муҳокама этилаётган Сайлов кодекси ҳам ушбу Ҳаракатлар Стратегияси доирасида ишлаб чиқилган. Мазкур ҳужжатни умумхалқ муҳокамаси ҳақида гапиришимиз мумкин.

Сўнг партия етакчиси кичик бизнес вакиллари, тадбиркорлар ва фермерлар – мулкдорлар синфи манфаатларини илгари сурувчи ва ҳимоя қилувчи партия тарихи ва фаолияти ҳақида сўзлаб берди. 2014 ва 2016 йиллардаги сайловларда ғолиб бўлган партия ўзини ҳокимият партияси сифатида эътироф этишини қайд этди. Бугунги кунда партия 11.376 бошланғич партия ташкилотлари сафида 402 мингдан зиёд аъзоларни бирлаштиради.

Ўз навбатида, ЕХҲТ ДИИҲБнинг сайлов масалалари бўйича бўлим бошлиғи ўринбосари Ричард Лапин таъкидлаганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг ЕХҲТ билан ҳамкорлиги ижобий тус олди. Ташкилотимизда мамлакатингиз билан барча йўналишлар бўйича ўзаро ҳамкорлик соҳасида ижобий силжишларни қайд этмоқдамиз. ЕХҲТ ва Венециан комиссияси экспертлари томонидан ўрганилаётган сайлов қонунчилигини кўриб чиқиш ҳам бунга мисол бўла олади. Суҳбат давомида ЕХҲТ делегацияси сайлов кодексини тайёрлаш жараёни қандай ўтган, партиянинг бу жараёндаги иштироки, ишчи гуруҳ аъзолари билан учрашувлари, сайлов кодекси лойиҳасига яна қандай бандларни киритиш бўйича тавсиялари билан қизиқди.

O‘zLiDeP раиси эса сайлов кодекси лойиҳаси устидан бир йилдан ортиқ вақт давомида иш олиб борилганини таъкидлаб, кодекс лойиҳаси 18 боб ва 100 моддадан иборатлигини маълум қилди. Шунингдек, А.Хаитов янги кодекс лойиҳаси амалдаги сайлов ҳақидаги 5 та қонунни унификация қилишни назарда тутиши, лойиҳани тайёрлаш давомида сайлов қонунчилиги инвентаризация қилингани ва сайлов ўтказиш борасидаги миллий амалиёт умумлаштирилганини айтиб, ЕХҲТ ДИИҲБнинг тавсиялари ҳам инобатга олинганини таъкидлади.   

Энг муҳими, бу ҳужжат бир ташкилот доирасида пайдо бўлаётгани йўқ, у мамлакатдаги барча сиёсий кучлар, партиялар, фуқаролик жамияти институтлари саъй-ҳаракатларини бирлаштиришнинг натижаси, умумхалқ муҳокамаси маҳсули. Мазкур жараён ҳамон давом этмоқда. Биз МСК, парламент билан ҳужжат лойиҳаси бўйича биргаликда иш олиб бормоқдамиз, ва мунтазам равишда ўз таклифларимизни киритмоқдамиз. Сайлов кодекси лойиҳасини тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳда бошидан партиянинг парламентдаги фракцияси аъзолари ва экспертлар, юристлар бевосита қатнашди.

Таъкидлаш керак, ҳужжатни тайёрлашда уни жамоатчилик муҳокамасига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳужжат лойиҳаси «СОВАЗ» портали ва Марказий сайлов комиссияси сайтида эълон қилинган. Ҳужжат сиёсий партиялар ва уларнинг электорати вакиллари иштирокида жойларда кенг муҳокама этилмоқда. Биргина O‘zLiDePнинг ўзи жойларда 150 дан зиёд тадбирлар ўтказди, уларнинг якунлари бўйича 200 дан ортиқ таклиф ва хулосалар ишлаб чиқилди.

Учрашув якунлари бўйича  Р.Дапин ЕХҲТ ДИИҲБ ва Венециан комиссия шу йилнинг охиригача ЎзСК лойиҳаси бўйича ўз хулосасини беришини қайд этди.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1406
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Олимжон Мовланов – O’zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши ҳузуридаги Сиёсий таълим маркази раҳбари2018-09-07 15:35:40

Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) билан мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий партиялар ўртасидаги ўзаро амалий ва ҳар томонлама манфаатли алоқалрнинг ривожланиб бориши юртимизда сиёсий ислоҳотларнинг жадал суратларда амалга оширилаётганлигидан бир далолатдир. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал- демократик партияси ўз дастур ва мақсадларидан келиб чиқиб, мазкур нуфузли ташкилот ҳамкорлигида юритимизда либерал- демократик ғояларга таянган ҳолда, тараққиётнинг янги босқичига жадал суратларда чиқиб бораётган юртимизнинг порлоқ ва нурафшон истиқболи йўлида хизмат қилиб келаётганлигини бутун фуқароларимиз қўллаб- қувватлайдилар. Яқинлашиб келаётган 2019 йилдага депутатлик сайловларида бизнинг партиямиз ўз позициясидан келиб чиқиб, шаффоф сайловларга тайёр эканлигини мазкур учрашув орқали кўрсатиб тургани барчамизни бирдек қувонтирмоқда.


Шердор Исаков2018-09-07 14:54:17

Матбуот хизмати матндаги қисқартиришларни тушунарли қилиб баён этса мақсадга мувофиқ бўлар эди. (Масалан: ЕХҲТ ДИИҲБ)


Холмат Тўраев Жиззах вилояти2018-09-07 14:39:30

Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг ЕХҲТ билан ҳамкорлиги ижобий тус олаётганлиги ҳамда ташкилотда мамлакатимиз билан барча йўналишлар бўйича ўзаро ҳамкорлик соҳасида ижобий силжишлар қайд этилаётганлиги янада қувонарлидир.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+