O‘zLiDeP фракцияси аъзолари ва партия фаоллари ўртасида спорт мусобақалари ўтказилди

20.02.2019, 12:22

O‘zLiDeP фракцияси аъзолари ва партия фаоллари ўртасида спорт мусобақалари ўтказилди

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва партиянинг парламентдаги фракцияси ҳамкорлигида “Соғлом ҳаётга қадам ташла!” шиори остида акция ўтказилди.

Акцияда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси масъул ходимлари, партия Тошкент шаҳар Кенгаши фаоллари ҳамда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабалари иштирок этишди.

Тадбирда кейинги йилларда мамлакатимизда юқумли бўлмаган касалликлар ҳамда уларнинг хавф омилларининг олдини олиш, даволаш ва назорат қилиш, аҳолининг барвақт ўлим ҳамда касалланишини камайтириш борасида амалга оширилаётган тизимли ишлар юксак самара бераётгани таъкидланди.

Президентмизнинг 2018 йил 18 декабрдаги “Юқумли бўлмаган касалликларнинг профилактикасини, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиргани айтиб ўтилди. Ҳужжатда тиббий-профилактика соҳасида олиб борилаётган ишларни такомиллаштириш, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзи, жисмоний фаоллик ва тўғри овқатланиш маданиятини кенг тарғиб этиш тилга олингани қайд этилди.

Таъкидланганидек, қарорда давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг асосий мезонларидан бири этиб, ходимлар жамоасининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш, уларнинг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш мақсадида барча зарур шароитларни яратиш, ушбу вазифаларга эришишга қаратилган чора-тадбирларни мунтазам равишда ташкил қилиб бориш алоҳида белгилаб қўйилган. 

– Ҳар қандай давлатнинг энг муҳим бойлиги мамлакат аҳолисининг саломатлиги, миллат генофондининг мустаҳкамлиги билан баҳоланади. Чунки соғлом халқ, соғлом авлодсиз келажакни ҳам, тараққиётни ҳам яратиб бўлмайди, – дейди O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раис ўринбосари М.Ходжаева. – Шу боис, мамлакатимизда аҳолининг соғлиғини муҳофаза қилишга давлат сиёсатининг энг муҳим йўналиши сифатида эътибор қаратиб келинмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга  оширилаётган бу хайрли  ишлар миллатни соғломлаштириш ғоясининг асосини  ташкил қилади. Мазкур акциядан кўзланган мақсад ҳам, партия фаоллари ўртасида спортни оммалаштириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашдан иборат.

Акция доирасида шунингдек, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ходимлари ва партиянинг парламентдаги фракцияси аъзолари ўртасида спортнинг футбол, волейбол, югуриш турлари бўйича спорт мусобақалари ҳам ўтказилди.  

Якунда ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан эсдалик ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1658
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+