Мушкулимиз осонлашади

24.05.2019, 15:18

Мушкулимиз осонлашади

Чорак асрдан буён хусусий бизнес билан шуғулланиб келаётган ишбилармон сифатида айтишим мумкинки, Президентимизнинг “Тадбиркорлик фао­лиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мамлакатимиз иқтисодиётига қўшилган навбатдаги амалий ҳиссалардан биридир.

Бизнесга қўл урган одам бюрократик тўсиқ ва ўтиб бўлмас ғовларга дуч келиши сир эмас. Мен билан иш бош­лаган дўстларимнинг кўпчилиги ана шу қийинчиликлар гирдобида қийналиб ўз фаолиятини тўхтатганига шахсан гувоҳман. Тадбиркор  тинимсиз изланиши, янги-янги лойиҳаларни амалга ошириш ҳақида ўйлаши керак.

Энди тадбиркор ўзини қийнайдиган долзарб муаммолар, бюрократик тўсиқларга дуч келса, ўнлаб идораларга эмас, балки Тадбиркорларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарига боради. Қабулхонада ташкил этиладиган мулоқот ва семинарларда қатнашиб, фаолиятини замонавийлаштириш юзасидан чет эллик инвесторлар билан ҳам мулоқот қилиш имкониятига эга бўлади. Янги-янги лойиҳалар билан танишиб, уларни амалиётга татбиқ этишга ҳаракат қилади. Ҳар чоракда халқ депутатлари кенгашлари мажлисларида тадбиркорларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш борасидаги ишларнинг таҳлил этилиши биз учун кутилмаган хушхабар бўлди. Очиғини айтаман, депутат сифатида жорий йилнинг ўтган даврида тадбиркорларни қийнаб келаётган бирорта масала маҳаллий кенгашлар сессияларида кўрилганлигини эслай олмайман. 

Тадбиркорликка тўсиқ бўлаётган ҳар қандай муаммони кўриб чиқишнинг ягона тизими яратилиши, шубҳасиз мурожаатларни ўз вақтида ўрганиш, таҳлил этиш ва ижобий ҳал этишни тезлаштиради. Ҳокимият органлари вазифасини мувофиқлаштиришнинг бундай таъсирчан механизми тадбиркорнинг қимматли вақтини ўз бизнесини ривожлантириш йўлида сарфлашига яқиндан ёрдам беради. Зеро, қулай ишбилармонлик муҳити яратиш йўлида тадбиркорларнинг эркин фаолият олиб бориши учун кўмаклашиш, қонуний талабларини аниқлаш ва ижобий ҳал этишни назоратга олиш жуда муҳим.

Жамиятимизда томат пастаси, маринадланган карам, помидор ва бодринг маҳсулотлари ҳам тайёрланади. Йиллар давомида маҳсулот тури ва сифати ошиб бормоқда. Замонавий ишлаб чиқаришни янада такомиллаштириш мақсадида бир қатор хориж мамлакатларида бўлиб, тажриба ўрганиб қайтдик. Тайёр маҳсулотларимизни экспортга чиқариш юзасидан изланяпмиз. Эндиликда олма маҳсулотларини совуткичда сақлаб, исталган пайтда бозорга чиқариш имконига эгамиз. 160 гектар узумзор ва 10 гектар олмазор боғимиз бор. 

Келгусида қурилиш материаллари, узум ва олма маҳсулотларини ташиш учун пластмасса қутилар ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш, шу орқали яна 25 нафар ёшни иш билан таъминлашни режалаштирганмиз.

          Алишер БОЙҚАРАЕВ,

Китоб туманидаги

“Севаз-Андроникс” жамияти

раҳбари, Халқ депутатлари

Қашқадарё вилоят

Кенгаши депутати

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    1075
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+