O‘zLiDeP раҳбари А.Хаитов фарғоналик сайловчилар билан учрашди (+фото)

06.12.2019, 11:25

O‘zLiDeP раҳбари А.Хаитов фарғоналик сайловчилар билан учрашди (+фото)

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси А.Хаитов тадбиркор ва фермерлар фаолияти билан танишиш, партия ғоя ва мақсадларини аҳоли онгига сингдириш, сайловчилар билан мулоқот қилиш мақсадида Фарғона вилоятига борди.

Партия етакчиси вилоятдаги ташрифини Қўқон шаҳридаги “Imano group” МЧЖ билан танишишдан бошлади. 2008 йилда ташкил этилган мазкур корхонада айни пайтда юздан ортиқ ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Эътиборлиси, бу ерда ишлаб чиқарилаётган трикотаж маҳсулотлари нафақат ички бозорда, балки хорижга ҳам экспорт қилинмоқда.

O‘zLiDeP раҳбари А.Хаитов  корхонада яратилган шарт-шароитлар билан танишар экан, ишлаб чиқариш кўламини янада кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш бўйича зарур тавсиялар берди. Иш самарадорлиги оширишга қандай тўсиқлар бўлса, партия вакиллари уларни бартараф этишга тайёрлигини билдирди.

“Тадбиркорлик —  аҳоли бандлигининг гарови! Биз кичик бизнес ва фермерликни иш ўринларини яратувчи генератор сифатида қўллаб-қувватланиши тарафдоримиз!  Иш ўринлари заҳирасини яратиш, аҳоли, энг аввало ёшларни ишга жойлаштиришда янги самарали усуллардан фойдаланиш, уларни тадбиркорлик фаолиятига жалб қилишга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз”, – дейди А.Хаитов.

Учрашув давомида Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига кўрсатилган номзодлар ўз сайловолди дастури бўйича йиғилганларга қисқача маълумотлар берди.

Шу куни O‘zLiDeP раҳбари А.Хаитов бошчилигидаги партия вакиллари вилоятнинг Бешариқ туманида бўлиб, сайловчилар билан учрашди.

Унда сўз олган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод Шуҳрат Шарафутдинов ўзининг сайловолди дастурида белгиланган асосий йўналишлар ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.

“Бугунги замон тадбиркорники. Нега десангиз сўнгги уч йилда юртимизда тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аҳоли, айниқса, ёшларни бизнес билан шуғулланишга фаол жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада партиямиз томонидан ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Партиямиз сайловолди дастурида ҳам ишбилармонлик ва инвестициявий муҳитни яхшилаш,  бизнес юритишни олис истиқболга мўлжалланган имкониятини таъминлаш мақсадида тадбиркорлик соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш ва либераллаштиришга қаратилган муҳим вазифалар ўрин олган”, – дейди депутатликка номзод Ш.Шарафутдинов.

Учрашувда партия вакиллари иштирокчиларни 22 декабрь куни бўладиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларда фаол иштирок этишга чақирди.

O‘zLiDeP  Фарғона  вилоят

Кенгаши  матбуот  хизмати

  • Кўрилди
    517
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+