Партиянинг видеоконференция йиғилишида муҳим масалалар кўриб чиқилди

27.04.2020, 20:44

Партиянинг видеоконференция йиғилишида муҳим масалалар кўриб чиқилди

Бугун, 27 апрель куни O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси, ҳудудий ва туман (шаҳар) партия ташкилотлари ҳамда халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари иштирокида видеоконференция шаклида йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан йўлга қўйилган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатининг ижтимоий-иқтисодий ҳаётимиздаги улкан аҳамияти ҳакида атрофлича фикр алмашилиб, партия олдида турган вазифалар белгилаб олинди.

Бу ташаббус халқимиз бирлигини, унинг беқиёс қудратини ёрқин намоён этиб, янги тарихимиз саҳифаларидан мустаҳкам ўрин олганлиги алоҳида таъкидланди. Шу билан бирга ҳақиқий ўзбек менталитетини, ҳозирги кунда амалга оширилаётган модернизацион жараёнлар моҳиятини ўзида мужассамлаштирган амалий ҳаракат деб баҳоланди.

 Шу маънода Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вакиллари ушбу саъй-ҳаракатни мана шундай ижтимоий-сиёсий аҳамиятга молик муҳим қадам деб билиши кайд этиб ўтилди.

Йиғилишда партиянинг энг фаол қисми бўлган тадбиркорларни “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатидек олийжаноб мақсадлар йўлида бошланган саъй-ҳаракатларда янада фаол бўлиши бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳим эканлиги айтиб ўтилди. Шу кунга қадар бу савобли ишга бош қўшиб келаётган ишбилармонларга алоҳида миннатдорчилик билдирилди.

Онлайн мулоқотда мамлакатимизда пандемия бошланганидан буён ҳозирга қадар ҳудудий партия ташкилотлари, маҳаллий кенгаш депутатлари, партиянинг барча қуйи бўғинлари ва фаоллари 123 минг 225 та хонадонга жами 19 млрд. сўмга яқин хайрия ёрдами кўрсатилгани қайд этилди.

Видеконференцияда бундан ташқари, партия депутатлик корпуси томонидан қилиниши керак бўлган зарур саъй-ҳаракатлар ҳам белгилаб олинди.

Шунингдек, йиғилишда жойларда маҳаллий кенгаш депутатларига депутатлик одоби ва қоидаларини кенгрок, атрофлича тушунтириш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди. Зеро, карантин вактида айрим маҳаллий кенгаш депутатлари билан содир бўлган хунук ҳолатлар такрорланмаслиги бу борадаги ишларни қайта кўриб чиқиш ва уни туғри ташкил этишга ундайди.  

Онлайн мулоқот якунида бошимизга тушган синовли кунларда ҳар қандай вазиятга вазминлик, босиқлик ва кенг мулоҳаза билан ёндашиш лозимлиги таъкидланди.

O'zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1127
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+