Мораторий тадбиркорларимиз учун айни муддао бўлди ва бу борадаги ижобий ўзгаришлар янада кенг кўлам касб этиши даркор

22.05.2021, 10:01

Мораторий тадбиркорларимиз учун айни муддао бўлди ва бу борадаги ижобий ўзгаришлар янада кенг кўлам касб этиши даркор

Бундан тўрт йил муқаддам, Асосий Қонунимиз қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган тантанали тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёев тадбиркорлик фаолиятининг эркинлиги, хусусий мулк дахлсизлигини амалда таъминлаш давлат сиёсатида устувор йўналиш бўлиб қолишини таъкидлаган эди.

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари бу йўналишда қатъият ва изчиллик билан иш олиб борди.  Ўтган даврда хусусий мулк ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бир қанча янги қонун ҳужжатлари кучга кирди. Илгаритдан мавжудлари эса қайта кўриб чиқилиб, такомиллаштирилди.  Рухсат бериш тартиб-таомилларини қисқартириш, ортиқча бюрократик ғовларни бартараф этишга оид меъёрий ҳужжатлар қабул қилингани алоҳида диққатга молик. Натижада бизнес муҳити яхшиланди. Фаолиятнинг лицензияланадиган турлари ва рухсат бериш тартиботлари анча қисқарди, рўйхатдан ўтказиш ҳамда ҳисобот тизими соддалаштирилди ва хусусий сектор қонуний манфаатларига хизмат қилувчи бошқа талай ишлар амалга оширилди. Шу кунларда эса тадбиркорлик кодекси ишлаб чиқилаётганини ҳам қайд этиш жоиз.  

Биз соҳадаги кўпдан-кўп ижобий ўзгаришлардан биттасини алоҳида тилга олмоқчимиз. Мана, тўрт йилдан ошдики, мамлакатимизда тадбиркорлик субъектлари молия-хўжалик фаолияти текширувларига мораторий амал қилаяпти. Бунинг самарасини кўриб турибмиз: шу вақт ичида тадбиркорлар сони икки баробарга кўпайиб, 400 мингга етди. Кўплаб ишбилармонлар текширувларга кетадиган вақти, куч-қувватини фаолиятини кенгайтириш, такомиллаштириш, иш жараёнида вужудга келадиган турли масалаларни ҳал қилишга сарфлаяпти. Шунингдек, иккиланмасдан айтиш мумкинки, талайгина тадбиркорлик субъектлари ёпилиб кетмади, улар фаолиятини давом эттиряпти.  Албатта, бундан тадбиркорлар ҳам, иқтисодиёт ҳам, жамият ҳам ютди.   

Сир эмас, яқин ўтмишда тадбиркорлар, жумладан, қонунга итоаткор ишбилармонлар ҳам текширишлардан безиллаб қолгандилар. Чунки текширувлар кўп ҳолларда ғаразли ниятда амалга ошириларди, очиғи, тирноқ остидан кир қидириларди. Давлатга, жамиятга деярли зиёни тегмайдиган нуқсонлар учун ҳам катта жарималар, жазолар  қўлланилганига гувоҳмиз.  Ҳаттоки, ҳуқуқбузарлик ҳолатлари кимлардир томонидан атайин уюштирилганини ҳам яхши биламиз.

Мораторий чексиз давом этмайди, албатта. Лекин, ишончимиз комилки, илгариги шаклдаги – ҳалол-пок тадбиркорларни ҳам осонликча маҳв этиши мумкин бўлган текширувлар энди қайтмайди. Бу борада ҳам тадбиркор манфаатининг устуворлиги, шаффофлик, одиллик каби тамойиллар ҳаётга тўла татбиқ қилинади.

Биз бу борадаги ишлардан четда туролмаймиз. Зеро, “бизнес юритишнинг олис истиқболга мўлжалланган имкониятини таъминлаш” партиямиз дастурий вазифаларидан ўрин олган.

Хусусан, Тадбиркорлик кодекси лойиҳаси муҳокамаларида биз назорат идораларининг текшириш фаолиятига доир аниқ ва асосли таклифларимиз, хоҳиш-истакларимизни ўртага ташладик.           
 Ўйлаймизки, улар кодекс талаблари қаторидан  ўрин олади.

Бахтиёр Руҳитдинов,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши

Ижроия қўмитаси бизнес тузилмалар

ва фермерлар билан ишлаш бўлими мудири

  • Кўрилди
    514
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+