2022 йилдан “Фуқаролар бюджети” дастури доирасида ҳар бир туман бюджетининг камида 5 фоизи ушбу Дастур орқали тақсимланади

13.09.2021, 11:28

2022 йилдан “Фуқаролар бюджети” дастури доирасида ҳар бир туман бюджетининг камида 5 фоизи ушбу Дастур орқали тақсимланади

Куни кеча Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг X съезди бўлиб ўтди. Унда партиядан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш масаласи муҳокама қилиниб, Шавкат Мирзиёев номзодини кўрсатиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Аввал O'zLiDeP Сиёсий Кенгашининг шу йил 7 август куни бўлиб ўтган мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш учун Шавкат Миромонович Мирзиёев номзоди маъқулланиб, съездга таклиф киритилган эди.

Съездда номзоднинг Сайловолди дастурининг асосий устувор йўналишлари баён қилинган маърузасини диққат билан тингладик. Хусусан, маърузада сўнгги беш йилда соҳаларда эришилган ютуқлар таҳлил қилиниб, келгуси йиллар учун мақсадли режалар баён этилди.

Албатта, ютуқларни эътироф этиш учун камчиликларга рўйи рост назар ташлаш керак. Пандемия сабаб сўнгги йилда иқтисодиёт бир қадар сустлашганидан кўз юмиб бўлмайди. Тўғри, жорий йилда бу сустлашувга барҳам беришга эришилди. Келгусида ҳам иқтисодиётда юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолиш зарур. Бунинг учун макроиқтисодий барқарорлик таъминланади.

Номзоднинг сайловолди дастурида мазкур йўналишдаги ишларга алоҳида тўхталинган. Жумладан, 2023 йил охиригача инфляция даражаси 5 фоизга туширилади. Давлат бюджети тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 2,5 фоиздан ошмаслиги таъминланади. Бунинг учун, бюджет маблағларини самарали тақсимлаш ва назорат қилишнинг янги тизими йўлга қўйилади.

Номзод ўз маърузасида бюджет харажатлари биринчи навбатда фуқароларимизнинг турмуш шароитини яхшилаш ва ҳудудларни ривожлантиришга йўналтирилишини алоҳида қайд этди.

Маълумки, жорий йилдан бошлаб кучга кирган “Фуқаролар бюджети” дастури доирасида 14 та туман бюджетининг 5 фоизи, аҳоли таклифлари асосида долзарб муаммоларни ечишга қаратилди. Эндиликда янги йилдан ҳар бир туман бюджетининг камида 5 фоизи, ушбу Дастур орқали тақсимланади. Бу билан бевосита аҳолининг талаблари асосида йилига 1,5 – 2 триллион сўм маблағ, жойлардаги энг долзарб муаммоларни ҳал этишга сарфланади.

Маърузада янгидан жалб қилинадиган йиллик ташқи қарз миқдори 5 миллиард доллардан ошмаслиги таъминланиши айтиб ўтилди. Келгуси 5 йилда фонд бозори ҳажми 200 миллион доллардан 7 миллиард долларга етказилишининг таъминланиши иқтисодиётда молиявий ресурсларни кўпайтириш мақсадини ўзида ифода этади. Бунда, мамлакатимизда капитал олиб кириш бўйича мавжуд чекловлар қайта кўриб чиқилиб, барча учун қулай бўлган шарт-шароитлар яратилади.

Партиямиздан кўрсатилган номзоднинг маърузасини тинглаб, бир нарсага амин бўлдим. Барча ислоҳотлар, қулайликлар халқ розилиги, аҳоли манфаатлари учун деган эзгу тамойил бардавом бўлибгина қолмай, инсон омили янада юқори босқичга кўтарилади.

Жавлонбек ЭРГАШЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    720
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+