Экспортёр корхоналарга 5 миллион АҚШ долларигача бир марталик молиявий ресурслар тақдим этилади

13.09.2021, 11:35

Экспортёр корхоналарга 5 миллион АҚШ долларигача бир марталик молиявий ресурслар тақдим этилади
Мамлакатимизда экспорт салоҳиятини ошириш, экспортчи корхоналарни молиявий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, миллий маҳсулотларнинг ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини мустаҳкамлаш ва валюта тушумларини кўпайтиришга алоҳида аҳамият қаратиляпти.Бунда ишбилармонларга яратиб берилаётган кенг имконият, имтиёз ва енгиликлар муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Хусусан, ўтган йили пандемия даврида тўқимачилик корхоналарига экспортдан валюта тушумини кутмасдан, қўшилган қиймат солиғини қайтариб бериш тартиби амалда ўз самарасини берди. 482 та корхонага қарийб 2 триллион сўм қайтарилди. Энди жорий йил 1 октябрдан ушбу тартиб барча тармоқларнинг ҳалол ишлайдиган ва интизомли бошқа экспортёрларига нисбатан татбиқ этилади.

Сир эмаски, кўплаб экспорт қилувчи корхоналарнинг асосий муаммоларидан бири, бу – айланма маблағ етишмаслиги бўлган. Тадбиркорлардан келиб тушаётган мурожаатларнинг аксарият қисмини ҳам айни шу масала ташкил этарди. Бу борада ўтган йили Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилиб, экспорт учун 1 миллион долларгача молиялаштириш механизмлари йўлга қўйилгани айни муддао бўлди. Чунки бу тизимдан 200 та корхона унумли фойдаланиб, қўшимча 210 миллион долларлик маҳсулотларини четга экспорт қилди.

Маҳсулотларимиз рақобатбардош бўлиши, янги бозорларга чиқиши, умуман, ҳудудлараро савдо ва кооперация алоқаларини боғлашда транспорт-логистика масалалари муҳим ўрин тутади. Бу борада транспорт коридорларини ривожлантириш, юкларни божхона орқали ўтказишни соддалаштириш ва рақамлаштириш, транспорт харажатларини қисман қоплаш тизими йўлга қўйилди. Бу тизим орқали, йил бошидан буён 3 мингдан зиёд экспортёрларга 200 миллиард сўмлик молиявий ёрдам кўрсатилгани туфайли қарийб 800 миллион долларлик экспорт амалга оширилди.

Йил якунига қадар эса ушбу корхоналар томонидан экспорт ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш бўйича тизимли ишларни изчил давом эттирилади. Бунинг учун, юк автомобилларини олиб киришга 2 йил аввал божхона имтиёзлари берилгани ҳисобидан автотранспортда ташиш хизматлари 2 баробар арзонлашди, юк ҳажми эса, 1,5 марта ошди. Лекин бу имтиёз 4 ойдан кейин тугаши керак эди. Тадбиркорлардан ушбу масала бўйича келиб тушаётган таклифлар инобатга олиниб, имтиёзлар яна 3 йилга узайтириладиган бўлди.

Президентимизнинг жорий йил 7 сентябрдаги “Экспортчи корхоналарни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони тадбиркорлар учун янги даврни бошлаб беради, десак муболаға эмас.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 21 октябрдаги “Экспорт фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, 2021 йил 13 июлдаги “Экспорт фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш тўғрисида”ги қарорига асосан экспорт билан боғлиқ савдо операциялари ва экспортолди молиялаштириш кредитлари учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан Экспортни рағбатлантириш агентлиги ҳузуридаги Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармасига 200 миллион АҚШ доллари ажратилган эди.

2021 йил 1 октябрдан бошлаб Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан йиллик экспорт ҳажми 20 миллион АҚШ долларидан ошган корхоналарга экспорт билан боғлиқ савдо операциялари ва экспортолди молиялаштириш кредитлари учун тижорат банклари орқали бир марталик молиявий ресурслар 5 миллион АҚШ долларигача миқдорда ҳамда бир йилгача муддатга тақдим этилади.

Эътиборга молик томони, охирги ўн икки ой давомида 1 миллион АҚШ долларидан ортиқ тайёр тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилган корхоналарга асосий ва ёрдамчи ишлаб чиқариши учун бутловчи буюмлар, хомашё ва материаллар олиб киришда божхона тўловларини тўлаш бўйича фоиз ҳисобланмаган ҳамда уларнинг тўланишини таъминлаш талаб этилмаган ҳолда 120 кунга тўловни кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) имконияти берилади.

Фармонда белгилаб қўйилганидек, ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан жарималар қўлланилиши, шунингдек, ушбу фармон кучга киргунига қадар қўлланилган жарималар ундирилиши 2021 йил 31 декабрга қадар тўхтатилади.

Жорий йил 1 октябрдан эса юқори сифат ва назорат тизимига эга мамлакатлардан сертификатланган ва декларацияланган асбоб-ускуна, бутловчи қисмлар, хомашё, ўлчов воситалари, кимёвий реагентлар, кўтариш мосламалари ва транспорт воситалари импортида миллий сертификат олиш талаби бекор қилинади.

Эндиликда фармонга биноан, Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан тижорат банкларига экспорт билан боғлиқ савдо операциялари ва экспортолди молиялаштириш кредитлари учун бир марталик молиявий ресурслар тақдим этиш тартибига тегишли ўзгартиришлар киритилиб, Европа мамлакатларига қўшилган қиймати юқори бўлган маҳсулотларни экспорт қилишда транспорт харажатларининг 50 фоизини компенсация қилиш тизими бир йил муддатга жорий этилади.

Шу билан бирга, мазкур ҳужжат билан сертификатланган ва декларацияланган асбоб-ускуна, бутловчи қисмлар, хомашёлар, ўлчов воситалари, кимёвий реагентлар, кўтариш мосламалари ва транспорт воситалари импортида миллий сертификат олиш талаб қилинмайдиган юқори сифат ва назорат тизимига эга давлатлар рўйхати ҳам тасдиқланди.

Бир сўз билан айтганда, республика ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг ҳозирги босқичида экспорт ҳажмларини кўпайтириш орқали макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш энг долзарб вазифалардан бири саналади. Мазкур ҳужжатнинг ижроси эса республикамизнинг экспорт салоҳиятини ошириши, экспортчи корхоналарни молиявий қўллаб-қувватлаши баробарида уларнинг “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи остидаги маҳсулотлари етиб борадиган мамлакатлар географиясининг янада кенгайишига ҳам хизмат қилади.

Абдулла РЎЗМЕТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати

  • Кўрилди
    571
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+