Иқтисодиёт ривожини ускуналар эмас, замонавий билим ва инновациялар белгилайдиган замон келди…

14.09.2021, 17:34

Иқтисодиёт ривожини ускуналар эмас, замонавий билим ва инновациялар белгилайдиган замон келди…

Оламшумул янгиланишлар замони келди. Юксалишлар шиддати шу қадар тезки, мамлакатимизда янгиланишлар нафаси кириб бормаган бирорта шаҳар, туман, қишлоқ ёки маҳалла қолмади. Қайси ҳудудга борсангиз дилингиз яйрайди, юрагингизда шу гўзал заминга бўлган муҳаббатингиз жўш уради. Аслидаям фуқаролари ўз юртини севган, ардоқлаган мамлакатда тараққиёт ва юксалишлар юз кўрсатади. Буни шаҳар ва қишлоқларимиз жамолига боқиб, аниқ-тиниқ ҳис қиласиз.

Ана шундай юксалаётган ва янгиланаётган мамлакатимиз бу йил улкан сиёсий жараён - Президент сайлови арафасида турибди. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови халқимиз иродасини синовдан ўтказиб, ўзи туғилиб ўсган жонажон Ватанига дахлдорлик ҳиссини янада ошириб юбориши табиий. Яқиндагина O’zLiDePнинг Х съезди ўтказилди ва унда Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига номзод Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастурининг асосий йўналишлари ҳақида маъруза қилди.

Мени қувонтирган нарса шу бўлдики, маърузада таъкидланганидек, бугунги кунда давлатимиз инсон учун, халқ учун очилди. Халқ билан бевосита мулоқот қилиш, унинг дарду ташвишлари, муаммоларини ижобий ҳал этиш бўйича, мутлақо янги тизим яратилди. Давлат ташкилотлари иш фаолиятида  “маҳаллага тушиш”, “халқ ичига кириш, унинг “дардига қулоқ солиш”,  “ташвишига шерик бўлиш” ва “муаммоларни жойида ҳал этиш”  тамойиллари, асосий мезонга айланди.

Халқимизда олдин иқтисод, кейин сиёсат, деган фикр юради. Биноабрин бу фикрлар нечоғли ҳақиқатга яқин эканини мамлакатимизда ўтган 5 йилдаги юксалишлар яққол кўрсатиб берди. Тан олиш керак, дунё миқёсида иқтисодиётнинг таркиби кескин ўзгариб, рақамли ва био технологиялар, сунъий интеллект каби соҳалар, шиддат билан ҳаётга кириб келаётган бир пайтда бундай янгиланишлардан орқада қолишнинг сира иложи йўқ. Чунки эндиликда иқтисодиёт ривожини ускуналар эмас, балки замонавий билим ва инновациялар белгилайдиган замон келди.

2020 йили бошланган коронавирус пандемияси ва унинг оқибатида келиб чиққан глобал иқтисодий инқироз, Ўзбекистон учун ҳам, жиддий муаммоларни юзага келтиргани ҳаммамизга аён. Шундай мураккаб ва қийин вазиятга қарамасдан, миллий иқтисодиётимизнинг ўсиш суръатлари барқарор сақлаб қолинди. Амалга оширилган ислоҳотлар, эришилган ютуқ ва натижаларни  нафақат халқимиз, балки халқаро ҳамжамият ҳам холисона эътироф этмоқда.

Бунга биргина мисол келтирмоқчиман: сўнгги йилларда юртимизда ипотека дастурлари доирасида 140 мингдан ортиқ уй-жой барпо этилди. Бу рақамни олдинги йилларга солиштирганда, 10 мартадан ҳам кўп экани кимни қувонтирмайди, дейсиз. Энг муҳими эса самарали ва аниқ манзилли ижтимоий сиёсатни жорий этилиши натижасида аҳолини арзон уй-жойлар билан таъминлаш даражаси анча юксалди.

Нутқда мавжуд захира ва имкониятларни сафарбар этган ҳолда, келгуси беш йилда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотни 1,6 баробар ошириш вазифаси олдимизда тургани айтиб ўтилди. Шу тариқа 2030 йилга бориб, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни 4 минг доллардан ошириб, “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига киришга пухта замин яратилади. Бунга эришиш учун, аввало, иқтисодиётда илм ва инновацияларга асосланган ривожланиш ҳисобидан янги технологиялар ва қўшилган қиймат занжирларини кўпайтириш орқали, меҳнат самарадорлигида туб ўзгаришлар қилиниши лозим.

Бир сўз билан айтганда, юртимизда барча соҳаларда кузатилаётган оламшумул янгиланишлар бардавомлигини таъминлаш, мамлакат эртасини янада нурафшон кўриш учун ҳам биз Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ана шундай улкан ислоҳотларни амалга оширишга қодир номзодни қўллаб-қувватлашимиз лозим.

  Ҳазратқул ХЎЖАМҚУЛОВ,

  Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    387
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+