Ер ҳисоби ва давлат кадастрлари шакллантирилишидаги иллатларга барҳам берилишига муносиб ҳисса қўшишимиз керак

22.12.2021, 14:55

Ер ҳисоби ва давлат кадастрлари шакллантирилишидаги  иллатларга барҳам берилишига муносиб ҳисса қўшишимиз керак

Маълумки, Президентимиз шу йил 20 августда мамлакатимиз тадбиркорлари билан очиқ мулоқот ўтказганди. Эътиборлиси, мазкур учрашув олдидан тадбиркорларни қийнаётган муаммолар сўралган ва бир неча кун ичида тадбиркорларимиздан бошқа кўплаб мурожаатлар қатори  ер майдонлари билан боғлиқ 4 мингдан ортиқ шикоят ҳам бўлган.  Бу эса ер муносабатларида ҳал қилиниши зарур турли масалалар тўпланиб қолганини ҳам англатади. Шуни ҳам қайд этиш зарурки, президентликка номзод  Шавкат Мирзиёев иштирок этган сайловолди учрашувларида ҳам фуқаролар томонидан бошқа масалалар қатори ерга тааллуқли муаммолар ҳам тилга олинганди. Номзод шу масала тўғрисида гапириб, ер халқни боқаётган мулк экани, ерга бўлган муносабатни бутунлай ўзгартириш зарурлигини таъкидлаб, соҳада қонун устуворлигини таъминлаш бўйича мақсад ва режаларини баён қилганди. Кўп ўтмай бу борадаги ишларни такомиллаштиришга қаратилган янги қонун кучга киргани эътиборга молик.

 Соҳани янада такомиллаштиришга қаратилган ишлар тизимли давом эттирилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев 21 декабрь куни ер ҳисоби ва давлат кадастрларини шакллантириш, соҳага рақамли технологияларни жорий этиш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон тарихида илк бор қишлоқ хўжалиги ерлари ялпи хатловдан ўтказилмоқда.

Хатловда кўплаб хатоликлар ҳам юзага чиқмоқда. Мисол учун, электрон ҳисобга олинаётган қишлоқ хўжалиги ерлари қоғозда юритиб келинган Ер фонди ҳисоботи билан фарқ қилмоқда.

Бундан ташқари, йўл, электр, газ таъминоти, сув хўжалиги, ободонлаштириш объектлари, кўп қаватли уйларга туташ ҳудудлар кадастрида ҳам кўплаб муаммолар мавжуд.

Булар қилинадиган ишлар ҳали кўплигини кўрсатади.

Шу боис йиғилишда галдаги муҳим вазифалар белгиланди.

Пировардида шуни айтишни истардикки, бугунги кунда ерга талаб тобора ортиб боряпти. Йиғилишда рўйи-рост айтилганидек, ўтган йилларда ер ҳисобига доир ҳужжатлар сохталаштирилган, соҳада порахўрлик авж олган. Биз – партия фаоллари шу каби салбий кўринишларга чек қўйилишига ҳисса қўшишимиз керак. Жумладан, ер ҳисоби ва давлат кадастрлари шакллантирилиши жараёнларида очиқлик, шаффофлик механизмларини жорий қилиниши, самарали жамоатчлик назорати ўрнатилиши учун жонбозлик кўрсатишимиз керак.   Зеро, ер умуммиллий бойлигимиз ва ундан оқилона фойдаланиш орқали  фаровонлик  яратилади.

Ботир МАРДАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси.

  • Кўрилди
    247
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+