Янги Ўзбекистон – инсон қадри улуғ, ҳуқуқлари қадр топган юрт

05.01.2022, 10:31

Янги Ўзбекистон – инсон қадри улуғ, ҳуқуқлари қадр топган юрт

Ортда қолган 2021 йилни кузатиб, Янги – 2022 йилни кутиб олар эканмиз,  якунланган йилда юртимизда барча соҳаларда эришилган ютуқларга назар ташлаймиз. Чунки ўтган йилда мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг асосий мақсади ҳар бир жамиятда олий қадрият ҳисобланмиш инсон манфаатлари тўла рўёбга чиқарилишига қаратилди.

Пандемия ва глобал инқирозга қарамай, юртимизда юқори иқтисодий ўсиш таъминланди. Кўплаб корхоналар, кластер ва технопарклар, замонавий инфратузилма тармоқлари барпо этилди. Янги-янги уй-жойлар, боғча ва мактаблар, олийгоҳ, шифохоналар, маданият ва спорт масканлари фойдаланишга топширилди. Энг муҳими, бу янгиланишларни одамлар ўз ҳаётида ҳис этди.

Янги Ўзбекистонни барпо этиш, учинчи Ренессанс пойдеворини мутсаҳкамлаш йўлида дадил қадамлар ташланди. Ўзбекистоннинг халқаро мавқеи янада юксалди. Юртдошларимиз онг-тафаккури ўзгариб, халқимизнинг хоҳиш-истаклари, орзу-умидлари рўёбга чиққан ҳолда, ҳаётимизда ёрқин из қолдирди.

Бу борада O'zLiDeP ўз дастурий вазифаларидан келиб чиқиб, поёнига етган йилда барча соҳаларда кечган янгиланиш, юксалиш жараёнларига ҳамоҳанг иш олиб борди. Ҳаракатлар стратегиясини 2021 йилда амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган вазифалар бажарилишига муайян ҳисса қўшди.

Олдимизда эса янги, кўламдор, сифат ўзгаришларини чуқурлаштирадиган вазифалар турибди. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бугунги Ўзбекистон – бу ҳали том маънодаги, биз орзу қилаётган, интилаётган Янги Ўзбекистон эмас.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига Янги йил табригини  тинглаб, жорий йилда бу борадаги ишлар кўлами янада ошишига, Янги Ўзбекистонда инсонни эъзозлаш, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, одамларни рози қилиш давлат сиёсатининг энг устувор вазифаларидан бири бўлиб қолишига ишонч ҳосил қилдим.

Давлатимиз раҳбарининг халқимизга йўллаган табригидаги қуйидаги сўзлари диққатга сазовордир: “Юртимизда кенг кўламли ислоҳотларимиз барқарор тус олди. Уларни янада ривожлантириш мақсадида биз  Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясини ишлаб чиқдик. Унинг асосида "Инсон қадри учун", деган улуғвор ғояни амалга оширамиз. Биз янги йилга ном беришда, кенг жамоатчиликнинг фикрларини ўргандик. Ана шу таклифлардан келиб чиқиб, мен Янги – 2022 йилни мамлакатимизда "Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йилидеб эълон қилишни таклиф этаман”. Бу фикрга барчамиз бирдек қўшиламиз. Боиси инсон қадрини улуғлаш – юртимизда яшаётган  ҳар бир одамнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш демакдир.

2022 йилга ана шундай ном берилиши беш йил муқаддам бошланган туб ислоҳотлар ортга қайтмаслигидан далолатдир. Негаки, Янги Ўзбекистонда “Давлат – инсон учун” тамойили асосида инсон ҳуқуқларини мустаҳкамлаш, одамларни рози қилиш ислоҳотларнинг энг устувор йўналишига айланди ва бу борадаги саъй-ҳаракатлар келгусида ҳам изчил давом этади. Уларнинг нечоғли самарадор бўлишида эса жамиятимиз асоси бўлган маҳалла  ҳал қилувчи ўрин тутади.

Шу жиҳатдан, яқинда мазкур тизимдаги ишлар янада такомиллаштирилиб, ҳар бир маҳаллани ҳокимликлар билан боғлаш мақсадида маҳаллаларда ҳоким ёрдамчиси лавозими жорий этилди. Бу эса, Президентимиз қайд этганидек, жойларда раҳбарлар фақат давлатга эмас, аввало, инсон ва оилага, уларнинг қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилишига эришишда дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Бу ўзгариш маҳаллада аҳоли билан ишлаш механизмларини такомиллаштиряпти.

Шунингдек, Ўзбекистон аҳолисининг олтмиш фоиздан ортиғини ташкил этувчи ёшларнинг ҳам катта ҳаётга қадам қўядиган илк маскани маҳалла эканлиги ҳисобга олиниб, маҳаллаларда ёшлар масалалари билан мунтазам шуғулланадиган Ёшлар ишлари агентлигининг вакили штати ташкил этиляпти. Ўз навбатида, ҳокимликлар ва маҳаллаларнинг молиявий имкониятини кенгайтириш мақсадида туман бюджети қўшимча манбалар билан таъминланиб, маҳаллаларнинг алоҳида жамғармаси шакллантирилади.

Давлатимиз раҳбари ўз чиқишларида тилга олаётган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришга қаратилган Ҳаракатлар стратегиясининг узвий давоми бўлиб, бугунги глобал ўзгаришлар, аҳоли турмуш тарзи, ҳаёт талаби ва қадриятларимиздан келиб чиққан ҳолда еттита йўналишда белгилаб олинди. Стратегиядаги ҳар бир вазифа ва мақсадлар жорий йил бўлиб ўтган сайлов жараёнларида бевосита фуқароларимиз иштирокида муҳокамадан ўтказилиб, ҳаётий таклиф ва ташаббуслар билан тўлдирилди. Бошқача айтганда, халқимиз билан бамаслаҳат ишлаб чиқилди. Демак, ислоҳотларни янги босқичда давом эттириш, аввало, халқимизнинг хоҳиш-иродасидир.

Эътибор беринг, Тараққиёт стратегиясининг биринчи йўналиши — эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, инсон қадр-қиммати ва унинг қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни янги поғонага кўтаришга йўналтирилган вазифалардан иборат. Улар ҳаётимизга татбиқ этилиши орқали миллати, тили ва динидан қатъи назар, юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг, бутун халқимизнинг фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган “Янги Ўзбекистон – халқчил ва инсонпарвар давлат” ғоясини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилиб“Инсон қадри учун” деган устувор тамойил тўлақонли рўёбга чиқарилади. Жумладан, бунда маҳаллий бошқарув органларининг жойларда муаммоларни ҳал этишдаги роли ва масъулияти янада кучайтирилади.

Албатта, Тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга оширишда халқ вакиллари бўлган депутатлар алоҳида ўрин тутади. Хусусан, Олий Мажлис фаолиятини янада такомиллаштириш, халқимиз кутаётган, Янги Ўзбекистон тараққиётини тезлаштиришга хизмат қиладиган қонунчилик концепциясини ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш, қонун ижодкорлиги фаолиятини демократлаштириш ва уларнинг ижросини таъминлашга қаратилган парламент назоратини кучайтиришга устувор аҳамият берилади.

Бу борада парламент томонидан мамлакатимиз бўйича мурожаатлар билан ишлаш ҳолати назоратга олиниб, жойлардаги ижро идораси раҳбарлари ҳисоботини эшитиш ва натижага асосланиб, уларга нисбатан таъсирчан чоралар кўриш тизими йўлга қўйилади.

Бугун Ўзбекистонда янги давр бошланди.  Президентимиз “Халқимиз билан бошлаган демократик ислоҳотлар йўлини янада қатъий давом эттирамиз ва бу йўлдан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз! Янги Ўзбекистонни биргаликда, албатта, барпо этамиз!” дея бот-бот таъкидламоқда. Қатъият билан йўғрилган бу сўзлар барчамизни янада фаолроқ ишлашга даъват этмоқда, руҳлантирмоқда. Шу жиҳатдан, мамлакатдаги етакчи сиёсий куч сифатида O'zLiDeP Янги Ўзбекистон бунёдкорларининг энг олдинги сафларида бўлади.

 

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари

  • Кўрилди
    1236
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+