Депутат ташаббуси билан маҳкума аёллар тиббий кўрикдан ўтказилди

10.01.2022, 15:32

Депутат ташаббуси билан маҳкума аёллар тиббий кўрикдан ўтказилди

Ушбу тиббий кўрик “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” муносабати билан Халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгашининг ахборот сиёсати ва маҳаллий давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссияси, депутат Абдулазиз Хужаков ташаббуси билан ташкил этилди.

– Кўрик O'zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши ҳамда халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилди, – дейди ИИВ ҳузуридаги ЖИЭД 3-минтақавий ҳудуд 29-сонли манзил-колонияси кадрлар билан таъминлаш гуруҳи катта инспектори, капитан Адбуваҳоб Абулқосимов. – Бу маҳкумлар учун ҳам, бу ерда хизмат қилаётган ходимлар учун ҳам зарур.

Тиббий кўрикка вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига қарашли республика тез тиббий ёрдам илмий маркази Жиззах филиали, вилоят ОИТС ва ОИВ маркази, сил касалликлари диспансерининг энг малакали хирург, травмотолог, уролог, гинеколог, окулист, невропотолог ва бошқа турдаги касалликлар шифокорлари, лаборант-мутахассислар махсус тиббий мобиль автобус, етарли миқдордаги тиббий анжомлар, рентген, мобиль ижтимоий дорихона жалб этилди. Ушбу колониядаги барча маҳбуслар навбат билан бирма-бир чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.

– Ўтган 2021 йилнинг 25 ноябридан 10 декабрига қадар ўтказилган акция доирасида шу манзил-колонияга келиб маҳкума аёллар билан учрашган эдим, – дейди халқ депутатлари Жиззах шаҳар кенгашининг ахборот сиёсати ва маҳаллий давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси Абдулазиз Хўжаков. – Ўшанда, ушбу колонияга янги олиб келинган маҳкума аёллардан бири чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказилишида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган эди. Бугун шунинг натижасини кўриб турибмиз. Ушбу чуқурлаштирилган тиббий кўрикни ўтказишдан кўзланган мақсад, аввало инсон қадрини улуғлаш, маҳкумларнинг жамиятимизда ўз ўрни борлиги ва уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, саломатликларини ҳимоя қилишдан иборат. Чунки улар ҳам шу халқнинг, шу юртнинг фарзандлари. Билиб-билмай адашган ватандошларимизни махсус колонияларда қайта тарбиялаб, тўғри ҳаёт йўлига бошқариш ҳаммамизнинг бурчимиз.

Шу куни бу ерга “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Жиззах вилояти филиали тиббий-ижтимоий ёрдам бригадаси ходимлари ҳам келиб, тиббий кўрик давомида шифокорлар кўрсатмасига асосан маҳбусларга дори-дармон, санитария-гигена воситалари, тиббий жиҳозлар тарқатди. 

Саида Умаралиева,

O`zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши

Сиёсий таълим маркази раҳбари

  • Кўрилди
    345
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+