Ўзбекистон-Ҳиндистон ўртасидаги стратегик шерикликнинг янги босқичи

31.01.2022, 16:34

Ўзбекистон-Ҳиндистон ўртасидаги стратегик шерикликнинг янги босқичи

Биз Ўзбекистон-Ҳиндистон ўртасидаги стратегик шериклик ва кўп қиррали  ҳамкорлик муносабатлари  олий даражадаги  мунтазам мулоқотлар давомида эришилган келишувларга мувофиқ изчил ривожланиб бораётганини ижобий баҳолаймиз. Бу йил давлатларимиз ишонч ва манфаатларни ҳисобга олиш тамойилларига асосланган, юқори йўналишларда ривожланиб бораётган муваффақиятли ҳамкорликнинг 30 йиллигини нишонлашмоқда.

2017 йилдан бошлаб ҳамкорлигимиз олий даражадаги сиёсий мулоқотларнинг жадаллиги билан тавсифланадиган янги сифат босқичига кўтарилди. Масалан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2018  ва  2019 йилларда Ҳиндистонга икки маротаба ташриф уюштирди. Бундан ташқари, икки мамлакат раҳбарлари ўртасида халқаро ташкилотлар “майдонлари”да  учрашувлар  ўтказиш яхши анъанага айланди. Давлатимиз раҳбари ШҲТ нинг Остона ва Циндао саммитларида Ҳиндистон Бош вазири билан учрашди. Бу борада 2020 йил декабрь ойида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Ҳиндистон виртуал саммити икки томонлама муносабатларнинг замонавий парадигмасида ўзига хос оҳангни белгилаб берувчи яна бир муҳим воқеа бўлди.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Ҳиндистон стратегик яқинлашувида томонларнинг халқаро ва минтақавий кун тартибидаги кўплаб долзарб масалалар бўйича позицияларининг ўхшашлиги ҳам муҳим роль ўйнайди,  бу сиёсий, иқтисодий, илмий-технологик, маданий, гуманитар, соғлиқни сақлаш  соҳалари бўйича амалий ҳамкорликнинг кенг кўламли йўналишларида яқинлашиш имконини беради.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасидаги товар айирбошлаш қарийб 2 баробар кўпайди, қўшма корхоналар сони тўрт юзтага етди. Саноат, инфратузилма ва қурилиш соҳаларида йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Андижон вилояти ва Гужарат штати ўртасидаги кооперация муваффақиятли ривожланмоқда.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг видеоанжуман шаклида ўтган “Ҳиндистон – Марказий Осиё” биринчи саммитидаги иштироки давлатлараро алоқаларни ривожлантириш йўлидаги навбатдаги қадамдир. Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди ташаббуси билан ташкил этилган олий даражадаги учрашув кун тартибига мувофиқ, кўп томонлама муносабатларни янада кенгайтириш, минтақавий боғлиқликни кучайтириш ҳамда минтақада  барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш  масалалари кўриб чиқилди.

Қайд этиш жоизки, саммитда савдо, саноат кооперацияси, “яшил” иқтисодиёт, инновациялар ва рақамли технологиялар, транспорт ва логистика, маданий-гуманитар алмашинув соҳаларида амалий ҳамкорликни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди. Саммит якунида дўстлик муносабатларини ва устувор йўналишларда узоқ муддатли шерикликни мустаҳкамлашга қаратилган Деҳли декларацияси қабул қилинди.

Ўзбекистон Президенти ўз нутқида учрашувнинг стратегик шерикликни мустаҳкамлаш ҳамда минтақавий ҳамкорликнинг узоқ муддатли  истиқболга мўлжалланган янги кун тартибини шакллантиришдаги аҳамиятини алоҳида қайд этди.

Экспертлар ҳамжамияти Шавкат Мирзиёевнинг  нутқида “Ҳиндистон – Марказий Осиё” форматидаги амалий ҳамкорликни илгари суришнинг стратегик устувор йўналишларини белгилаб, бу бора аниқ таклифлар билдирганига кенг эътибор қаратдилар.

Хусусан, биринчи устувор йўналиш сифатида таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида фаол ҳамкорлик қилиш, Ҳиндистоннинг илғор тажрибаси, билим ва технологияларини жорий қилиш орқали инсон капиталини ривожлантириш белгилаб олинди.

Президентимиз янги университетлар ва профессионал таълим марказларини очиш, илмий ва академик алмашинувларни йўлга қўйиш, инновацион ишланмалар ва стартапларни қўллаб-қувватлашга қаратилган “йўл харитаси”ни ишлаб чиқишни таклиф этди.

 Шунингдек, рақамли, молиявий ва блокчейн технологияларини ривожлантириш, киберхавфсизлик ва кадрлар тайёрлаш борасида, шу жумладан мавжуд платформалар негизида ҳамкорлик қилишнинг минтақавий дастурини қабул қилиш ташаббуси илгари сурилди.

Иккинчи энг муҳим стратегик устувор йўналиш сифатида давлатимиз раҳбари иқтисодий шерикликни кенгайтиришни таклиф этди.

Шу билан бирга, тадбиркорлар ва ҳудудлар даражасидаги бевосита алоқаларни рағбатлантириш, инвестициялар ва савдо соҳасида янги ўсиш нуқталарини аниқлаш мақсадида “Ҳиндистон – Марказий Осиё” ишбилармонлар кенгаши фаолиятига жадал суръат бағишлаш муҳим экани таъкидланди. Ўзбекистон Президенти минтақа мамлакатлари ўртасидаги транспорт алоқалари самарадорлигини ошириш ва замонавий инфратузилма яратиш масалаларининг устувор аҳамиятини қайд этди.

Маданий-гуманитар соҳа учинчи устувор йўналиш сифатида қайд этилди. Музейлараро ҳамкорлик, кўргазма ва анжуманлар ташкил этиш, қўлёзма фондларини рақамлаштириш ва виртуал кутубхона яратиш, умумий тарихий-археологик меросни тадқиқ этишни назарда тутадиган қўшма чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Шавкат Мирзиёев Афғонистонда сақланиб қолаётган мураккаб вазиятга алоҳида тўхталди. Ушбу мамлакатда барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш, гуманитар инқирознинг авж олишига йўл қўймаслик, йирик инфратузилма лойиҳаларини илгари суришга кўмаклашиш чораларини кўриш муҳим экани таъкидланди.

Ҳиндистон ва Ўзбекистон ушбу мамлакатда тинч иқтисодиётни тиклашдан манфаатдор ва бу заминда ижтимоий-иқтисодий  барқарорлаштиришга катта ҳисса қўшишмоқда. Ўзбекистон томонидан транспорт ва энергетика соҳасида «Хайратон - Мозори-Шариф», «Сурхон - Пули-Хумри» электр узатиш линияси каби лойиҳалар, Ҳиндистон томонидан «Зарандж - Дилором», «Спин-Булдак - Қандаҳор» ва «Қандаҳор - Қобул» автомагистрал йўллари, Салма ва Шохтут тўғонларини қуриш ишлари амалга оширилмоқда. Томонларнинг бу каби саъй-ҳаракатлари Афғонистон иқтисодиётини  тиклаш ва  афғон  заминида  узоқ муддатли тинчликни ўрнатишда муҳим ҳисса бўлиши шубҳасиз.  Зеро, айнан Афғонистон ҳудуди  Жанубий ва Марказий Осиё  ўртасида  мутлақо янги  транспорт-транзит  йўлагини қуриш имкониятини тақдим этган ҳолда, Ўзбекистон ва Ҳиндистонни бирлаштирувчи  ерусти кўприги бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Мозори - Шариф - Қобул - Пешавор трансафғон темир йўли лойиҳасини ҳам илгари сурмоқда. Бу келажакда   Ҳиндистон транспорт-коммуникация  тизимлари билан боғланиши, Жанубий ва Марказий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаши, мамлакатлар ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик ҳамда икки минтақа барқарор ривожланишининг муҳим омилига айланиши мумкин.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаймизки, бундай тадбирлар Ҳиндистон ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги самарали ҳамкорликни амалга оширишда зарур бўлган қатор устувор  йўналишларда  мавжуд салоҳиятдан фойдаланишга хизмат қилади. Масалан, бизнингча бу мамлакатимизга нисбатан, Ўзбекистон Республикаси ва Ҳиндистон Республикаси ўртасида Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим ҳамда Инвестицияларни  рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисидаги битимни ишлаб чиқиш ва имзолашдан иборат. Шунингдек, янги истиқболли инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш, Ҳиндистон ва Марказий Осиё мамлакатлари тадбиркорлари ўртасида савдо алоқаларини йўлга қўйиш, иқтисодий ҳамкорлик бўйича комплекс дастурларни тайёрлаш ишларини фаоллаштириш ҳам муҳим аҳамиятга эга. 

Актам Хаитов

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси.

  • Кўрилди
    1422
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+