Мамлакатимизда хизматлар соҳаси янги босқичга кўтарилади

03.02.2022, 17:08

Мамлакатимизда хизматлар соҳаси янги босқичга кўтарилади

Қайси мамлакатда хизматлар соҳаси изчил ривожланган бўлса, ўша жойда тараққиёт ва юксалиш бўлади. Буни биз мамлакатимизда кейинги беш йилликда бу соҳада қўлга киритилаётган натижалар мисолида кузатдик. Мана биргина мисол: 2021 йилда мамлакатимизда хизматлар кўрсатиш ҳажми қарийб 20 фоизга ўсди. Аммо бу ҳали барча тармоқлар хизматлар билан қамраб олинди, дегани эмас. Чунки халқ фаровонлиги юксалгани сайин хизматлар соҳасига эҳтиёж ҳам ортиб бораверади.

Презиеднтимизнинг шу йил 27 январдаги “Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳам мамлакатимизда бу соҳани изчил ривожлантириш ва халқаро даражага кўтариш мақсадида қабул қилинди. Қарорда хизматлар соҳасини ривожлантиришга янгича ёндашувларни жорий этиш орқали бозор хизматлари ҳажмини 2022 йилда 1,5 бараварга ошириш ҳамда қўшимча 1,5 миллион янги иш ўринларини яратиш имкониятлари мавжудлиги таъкидлаб ўтилган. Демак шунча имкониятлар бор экан, ундан фойдаланишимиз учун нималарга аҳамият қаратишимиз лозим?

Қарорда бу масалаларга катта эътибор қаратилган. Хусусан,  ҳар бир туман ва шаҳарларда бюджет маблағлари ҳисобига 2021-2022 йилларда шаҳарсозлик лойиҳалари асосида мукаммал таъмирланган, ташқи ёритиш, суғориш ва дренаж тизимлари модернизация қилинган, пиёда ва велосипед йўлаклари қурилган ҳамда аҳоли гавжум бўлган кўчаларни савдо, хизмат кўрсатиш, сайилгоҳ ва кўнгилочар кўчаларга айлантириш, рақамли хизматлар улушини босқичма-босқич ошириш учун зарур инфратузилма билан таъминлаш ва сифатли алоқа ва интернет хизматлари қамровини, шунингдек, “Электрон ҳукумат” тизими хизматларидан фойдаланиш кўламини кескин кенгайтириш белгилаб қўйилган.

Шунингдек, қарорда Тошкент, Нукус шаҳарлари, вилоятлар марказлари ҳамда бошқа шаҳарларда кўпи билан ҳар 3-5 та маҳалла учун аҳоли гавжум бўлган кўчани ободонлаштириб, пиёдалар йўлакчаларини кенгайтириш ва уларни ёритиш орқали маҳаллалараро савдо-хизмат кўчасини ташкил этиш қайд этилган.

Бундан ташқари саноат ва хизматлар соҳаси юқори суръатларда ривожланиб бораётган туманларда – савдо, меҳмонхона, овқатланиш ва логистика хизматларини, шунингдек, техник хизмат кўрсатиш ва кўнгилочар масканларни ташкил этишга устуворлик бериш, тоғли, тоғолди, рекреацион туризм салоҳияти юқори туманларда – автомобиль йўллари, электр энергияси ва ичимлик суви таъминоти ҳамда бошқа инфратузилмани яхшилаш ва тайёр лойиҳалар асосида туризм хизматларини ривожлантириш, чегара ҳудудларда жойлашган ҳамда ҳудудидан халқаро автомагистраль ва темир йўллар ўтган туманларни – савдо, туризм, логистика ҳамда йўл бўйи хизматларини кўрсатишга ихтисослаштириш белгилаб қўйилган.

Кўриниб турибдики, хизматлар соҳасини янада жадал ривожлантириш учун қўшимча янги имкониятлар яратилмоқда. Эндиликда ундан фойдаланган ҳолда нафақат иқтисодиётимиз учун балки ижтимоий, маънавий ва маданий соҳа ривожи учун катта аҳамиятга эга бўлган бу соҳани ривожлантириш учун ҳар бир киши бел боғлаши лозим.

Барно Мирзамова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

  • Кўрилди
    288
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+