Депутат “маҳаллабай”, “хонадонбай” юриб аҳоли муаммоларини ўрганди

24.02.2022, 15:41

Депутат “маҳаллабай”, “хонадонбай” юриб аҳоли муаммоларини ўрганди

Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўз сайлов округларида бўлиб, сайловчилар билан учрашувлар ташкил қилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавлуда Ибрагимова аҳолининг турли қатламлари билан тўғридан-тўғри мулоқотни кенгайтириш, мавжуд долзарб муаммоларни аниқлаш, уларни бевосита жойига чиққан ҳолда бартараф этиш мақсадида ўз сайлов округида бўлди.

Дастлаб Мавлуда Ибрагимова Бувайда туманидаги “Бештерак” МФЙ Бештерак қишлоғида аҳоли хонадонларида бўлиб, улар билан дилдан суҳбатлашди. Бугунги кунда “Бештерак” қишлоғида 2240 нафар аҳоли истиқомат қилади, шундан 1121 нафари аёллардир. Уларнинг 60 нафари “аёллар дафтари”га,  3 нафари эса “темир дафтар”га киритилган.

Учрашув давомида аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш ҳолатларини ўрганди. Халқ вакили ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи Азизахон опанинг томорқасини кўздан кечирди. Ҳозирда Азиза опа томорқадан унумли фойдаланиб, иссиқхонада гул кўчатлари етиштириш билан шуғулланиб келмоқда. Бу орқали у ўз оиласини ва маҳалладаги 15 нафарга яқин ишсиз аёлларни иш билан таъминлаган.

Депутат М. Ибрагимова Азизахон опанинг ушбу гулчилик соҳаси билан яқиндан танишаркан, у билан дилдан суҳбатлашиб, таклиф ва муаммоларини тинглади. Шу ернинг ўзида маҳалладаги ишсиз хотин-қизлар иштирокида семинар ташкил қилинди. Уларга томорқанинг сир-асрорлари ўргатилди.

Халқ вакилининг кейинги маанзили Бувайда туманидаги оилавий поликлиникалар фаолиятини ўрганишдан бошлади. Ушбу тумандаги Доимобод қишлоғида фаолият юритиб келаётган 24-Оилавий  поликлиникада бўлиб, у ерда яратилган шарт-шароитлар, хизматлар кўрсатилиши ҳолатлари билан танишди. Шифокорлар билан суҳбат жараёнида ушбу поликлиника анча таъмирталаб аҳволга келиб қолгани, аҳолига хизмат кўрсатиш учун шароитлар етарли эмаслиги борасида мурожаат қилинди. Депутат ушбу муаммони ўз назоратига олди ва тегишли ташкилотлар орқали ижобий ечим топишга ваъда берди.

Депутат тумандаги учрашувлари давомида Жалоер қишлоғидаги Оилавий поликлиникасини ҳам кўздан кечирганда ҳудди шу ҳолат яна такрорланди. Мазкур поликлиникада деярли шароитлар йўқлиги, бино таъмирга мухтож эканлиги аён бўлди. Ушбу оилавий поликлиника муаммосини ҳал қилиб бериш мақсадида депутатлик сўрови чиқариладиган бўлди.

  • Кўрилди
    670
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+