Шаҳрисабзнинг ишбилармон аёллари сараланди

23.05.2022, 15:40

Шаҳрисабзнинг ишбилармон аёллари сараланди

“Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг Шаҳрисабз шаҳар босқичида ўттизга яқин хотин-қизлар тайёрлаган маҳсулотларни намоён этиш баробарида ёшлар бандлигини таъминлаш борасидаги амалий ишлари ҳақида тўпланганларга сўзлаб бердилар. Тадбиркорлик фаолиятларини қай тариқа йўлга қўйганликлари, маҳсулот ишлаб чиқариш борасида чеккан заҳматлари, бугунги кундаги ютуқлари ҳақида ёш қизларга мастер класс ўтишди.

Айниқса, улар томонидан яратилган миллий маҳсулотлар кўргазмаси иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Биринчи ўринга 20 нафар хотин-қизларни доимий иш билан таъминлаб, уч юзга яқин  ёш қизларга миллий каштачилик сирларини ўргатиб келаётган оилавий тадбиркор Зуҳра Ибодуллаева лойиқ деб топилди. Ҳунарманд аёл ироқи каштачилиги борасида тинимсиз изланиб, ўндан ортиқ қадимий кашталарни қайта кашф этганлигини ҳам эътироф этмоқ лозим. Иккинчи ўринга Ситора Камолова сазовор бўлди. У миллий нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариб, аҳолини бу неъматга бўлган эҳтиёжини таъминлашга ҳисса қўшмоқда. Келинлар либослари, махсус кийим-кечак, болалар кийимлари каби ўнлаб маҳсулот турларини ишлаб чиқараётган тадбиркор аёл Роҳила Насимова учинчи ўринни банд этди.

Шаҳрисабз туман босқичида ўттиздан ортиқ хотин-қизлар омадларини синаб кўрдилар. Ҳакамлар ҳайъати томонидан биринчи ўринга муносиб кўрилган Мадина Бойқобилованинг цехида 25 нафар қизлар мунтазам ишлайди. 60 нафар аёллар эса касаначилик орқали иш билан таъминланган. Мўъжазгина ўқув марказида ҳар йили юзга яқин ёш қизлар миллий либослар, миллий қўғирчоқлар тикишни ўрганишади. Иккинчи ўринга кондитер маҳсулотлари ишлаб чиқаришда барчага намуна бўлаётган Лобар Саидова, учинчи ўринга эса ироқи каштачилигини ривожлантириб, хотин-қизларга ўргатиб келаётган Дилбар Самиевалар сазовор бўлишди.

Шаҳрисабз шаҳар ва туман босқичлари ғолибалари Зуҳра Ибодуллаева ҳамда Мадина Бойқобиловалар кўрик-танловнинг вилоят босқичида иштирок этадиган бўлишди. Бир нечта номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.

Сайфулла ИКРОМОВ,

“ХХI asr” мухбири

  • Кўрилди
    534
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+