O‘zLiDeP лидери: халқимиз манфаатига дахлдор масала – конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамаларида ҳаммамиз ва ҳар биримиз фаол қатнашишимиз керак

26.07.2022, 15:54

O‘zLiDeP лидери: халқимиз манфаатига дахлдор масала – конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамаларида ҳаммамиз ва ҳар биримиз фаол қатнашишимиз керак

O‘zLiDeP "Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳиятини тушунтиришга бағишланган тадбирлар ўтказишни тизимли равишда давом эттиряпти. Бу жараёнда асосий эътибор турли соҳа ва тармоқлар, аҳолининг барча қатламлари қамраб олинишига қаратиляпти.

Навбатдаги мулоқот “Навоий кон-металлургия комбинати жамғармаси” давлат муассасаси “Нуробод” ҳудудий бошқармасининг маданият саройида бўлиб ўтди. Унда бошқарма жамоаси ходимлари, партия фаоллари, маҳаллалар вакиллари қатнашди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов иштирок этди.

Партиямиз етакчиси ўз сўзида қайд этганидек,  қонун лойиҳасида Бош қомусимизнинг 64 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартишлар киритилиши назарда тутиляпти. Бундан ташқари, 16 та  нормадан иборат  6 та янги модда белгиланиши мўлжалланяпти. Ўзгартиш ва қўшимчалар  мазмун-моҳиятига кўра “инсон — жамият — давлат”, “Янги Ўзбекистон — ижтимоий давлат” деган устувор ғояларни конституциявий қоида сифатида муҳрлашга йўналтирилган. 

Хусусан, Асосий қонуннинг  27-моддасига киритилиши таклиф этилган “Ҳар ким уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқига эга. Суднинг қарорисиз уй-жойдан маҳрум этилишга йўл қўйилмайди”, деган норма аҳолини анча йиллардан бери қийнаб келаётган “снос” муаммосини бартараф этади.  

30 йил муқаддам қабул қилинган Асосий қонунимизнинг 53-моддасида иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлиги, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги, хусусий мулкнинг дахлсизлигининг ҳуқуқий асоси мустаҳкамланган. Эндиликда мазкур моддани бугунги реал воқеликка, туб ислоҳотлар мазмун-мантиғига мослаштириш талаб қилиняпти. Жумладан, мазкур модда “Ҳеч бир шахс ўз мол-мулкидан суднинг қарорисиз маҳрум этилиши мумкин эмас. Мулкни жамоат эҳтиёжлари учун мажбурий равишда бошқа шахсга ўтказиш қонунда назарда тутилган алоҳида ҳолларда ҳамда тартибда унинг ўрнини олдиндан ва тенг қийматда қоплаш шарти билан амалга оширилиши мумкин”, деган қоида билан тўлдириляпти. Шунинг баробарида ана шу моддага “Давлат иқтисодиёт тармоқларининг ва ҳудудларнинг уйғун ҳолда ривожлантирилиши учун шарт-шароитлар яратади, шунингдек иқтисодий ресурсларнинг адолатли равишда тақсимланишини таъминлайди” мазмунидаги меъёрнинг киритилиши давлатимизнинг барча ҳудудларининг тенг ривожланиши, молиявий ресурсларнинг тенг тақсимланишига ҳуқуқий замин яратади.

Партиямиз етакчиси уқтирганидек, Конституция – жамият, давлат шаклланишида, унинг бошқарувида энг муҳим ҳуқуқий ҳужжат. Асосий қонуннинг ўзгариши бутун халқ манфаатига дахлдор масаладир. Бинобарин, юртимиз келажагига бефарқ бўлмаган ҳар бир фуқаро конституция такомиллаштирилишида фаол қатнашиши керак.

O‘zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    600
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+