Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!

03.08.2022, 17:00

Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!

Минг йилларга бориб тақалувчи шонли тарихимизда қутлуғ саналар кўп. Уларнинг ҳар бири биз учун азиз. Уларнинг ҳар бири халқимиз ҳаётида ўз тутган ўрни ва қадрига эга. Бироқ, улар орасида Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллик куни ўз мазмун-моҳияти билан алоҳида ажралиб туради.

Буни биз тинч-тотув ҳаётимиз, фаровон турмушимиз, бугун пойдевори қўйилаётган Янги Ўзбекистоннинг буюк келажагига ишонч туйғуси, истиқлол шарофати билан турмуш тарзимизга, хонадонларимизга кириб келаётган рўшноликлар, тўкин ризқ-насиба, дунёқарашимизда юз бераётган ўзгаришлар мисолида яққол кўриб турибмиз.

Айни пайтда юртимизнинг ҳар бир гўшасида байрам шукуҳи кезиб юрибди. Бу йилги Мустақиллик байрами ўзгача кайфият билан қарши олинмоқда. Конституциявий ислоҳотларга оид қонун лойиҳаси халқимизнинг қизғин муҳокамасидан ўтди. Мазкур жараён, истиқлол йилларида, айниқса, сўнгги олти йилда халқимиз дунёқарашида қандай катта ўзгаришлар рўй берганини яққол кўрсатиб берди. Бу муҳокамаларда  иштирок этар эканмиз, одамларимиз мустақиллик туфайли нафақат миллий тарихимизнинг, давлатчилигимизнинг, миллат қадди бастининг, тилимизнинг, дину диёнатимизнинг тикланганини, балки сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар сабаб, Инсон қадри улуғ, деган тушунча кундалик ҳаётимизни белгилаб берувчи мезонга айланиб бораётганини англаб етганларига гувоҳ бўлдик.

Гарчи, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти биноси олдида Ярим ой ва ўн икки юлдуз тасвири тушурилган байроғимиз тенглар қаторида тенг бўлиб, мағрур ҳилпираб турганига 30 йилдан ошган бўлса-да, юртимизни – дунё ҳамжамияти Янги Ўзбекистон сифатида айнан сўнгги олти йил давомида қайтадан кашф қилди.

Истиқлол сабаб эришган ютуқларимиз бисёр. Бутун мамлакат қурилиш, янгиланиш, бунёдкорлик майдонига айланган. Дунё мамлакатларининг раҳбарлари, таниқли давлат ва сиёсат арбоблари Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт йўлини, давлатимиз раҳбарининг халқни тинглаш, унга дилдан яқин бўлишдек чинакам инсонпарвар сиёсатини қўллаб-қувватламоқда, жаҳон аҳли бу ўзгаришларга ҳавас кўзи билан қарамоқда. Бугунги ривожланиш шиддатимиз, кўзлаган улуғ мақсадларимиз дунё аҳлини яхши маънода ҳайратга солмоқда. Чунки, Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотлар авваламбор, энг олий мақсад – инсон қадрини улуғлаш, уларнинг бугунги кундан рози бўлиб яшашлари ва эртанги кунга ишонч билан интилишларига қаратилган.

Истиқлолдек буюк неъматни асраш, уни ҳар жиҳатдан мустаҳкамлаш, ёшлар онги ва қалбига бу улуғ туйғуни янада чуқур сингдириш, янги авлодни дунёнинг бугунги юксак талабларига мос равишда тарбиялаш борасида зиммамизда жуда катта масъулият борлигини яхши англаб турибмиз. Чунки, дунёда кечаётган мураккаб жараёнлар жамиятнинг ҳар бир аъзосидан фаоллик ва ташаббускорликни, зукко кузатувчанликни талаб этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида “ги қарори матбуотда эълон қилинди.

Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида O’zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши фаоллари, депутатлар томонидан маҳаллаларда, корхона ва муассасаларда учрашувлар, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирлар ўтказиш режалари белгилаб олинди.

Унга кўра, ўтказиладиган тадбирларда сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган туб демократик ислоҳотлар, халқимизнинг ҳаёти, қалби ва онгида юз бераётган ижобий ўзгаришларни, мамлакатимизда турли миллат ва диний конфессия вакиллари ўртасида аҳиллик ва тотувлик муҳитини янада кучайтириш, жамиятда тинч ва осойишта ҳаётни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг аҳамиятини чуқур таҳлиллар, аниқ ҳаётий мисоллар ёрдамида кенг жамоатчиликка етказилади.

Шунингдек, бугунги тинч ва эркин ҳаётни қадрлаб, шукроналик туйғуси билан яшашга, инсон қадрини улуғлашга даъват этиш, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш, ёшлар, хотин-кизлар, кекса авлод вакиллари, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишга қаратилган дастурларимизнинг ижобий натижаларини кўрсатиш, байрам муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари, кекса авлод вакилларини қўллаб-қувватлаш, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган ҳамда кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга беғараз ёрдам бериш билан боғлиқ хайрия тадбирлари амалга ошириш белгилаб олинган.

Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз! Инсон қадрини улуғлаш – бош мезон, деб қаралаётган мамлкатимизда халқимизни буюк келажак йўлида бирлашишга, миллати, тили, динидан қатъи назар, ҳар бир фуқаронинг мустақил она Ватанимиз равнақи, гуллаб-яшнаши учун жон куйдириб яшашга, фидойиларча меҳнат қилишга чорлаш олдимизда турган асосий вазифалардан биридир.

Шерзод Маматқулов,

O’zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши раисининг

биринчи ўринбосари – аппарат раҳбари

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    579
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+