Наманганлик энг фаол ишбилармон аёллар аниқланди

25.08.2022, 16:51

Наманганлик энг фаол ишбилармон аёллар аниқланди

O'zLiDeP томонидан 2016 йилдан бери ўтказиб келинаётган "Ишбилармон аёл" танлови Наманганда ҳам юзлаб тадбиркор аёлларни кашф этди, уларга ўз бизнесларини бошлаб, оилада, жамиятда муносиб ўрин эгаллашларида муҳим омил бўлди, десак айни ҳақиқат.

Бу галги танлов ҳам ҳар йилгиданда юқори савияда ташкил этилди. Унинг шаҳар, туман босқичларида ғолиб бўлганлар Наманган шаҳри марказидаги "Уч фаввора" хиёбонида учрашдилар.

Мустақиллигимизнинг 31 йиллиги байрами арафасида "Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз" шиори остида ташкилланган ушбу тадбирга пухта тайёргарлик кўрилди.

"Уч фаввора хиёбони ҳар қачонгидан ҳам гўзал қиёфа касб этди. Байроқлар, истиқлолни, инсон қадрини улуғловчи шиорлар, ишбилармон аёллар фаолияти ҳақидаги маълумотлар, маҳсулотлар кўргазмаси кишининг диққат-эътиборини тортди.

Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 31 йиллиги байрами арафасида ҳамда Президентимиз тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказган  шукуҳли кунларда ўтганлиги билан ҳам ўзгача мазмун касб этди.

Танловнинг республика ва ҳудудий босқичида шаҳар, туманлардан йигирма икки нафар ғолиблар ўз кўргазмалари билан иштирок этишди.

O'zLiDeP вилоят Кенгаши раиси Солижон Мўминов, партиянинг Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси бўлим мудири Севара Муслимова, Олий  Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Сардор Ғиёсов, Барно Мирзамовалар барчани энг улуғ ва энг азиз байрам билан табриклаб, танлов иштирочиларига омад ва зафарлар тиладилар.

Ҳакамлар хайъати аъзолари ҳар бир иштирокчи фаолиятини баҳолашда аёлларнинг ишбилармонлик салоҳиятига, яратилган маҳсулотлар, хизматларнинг сифатига, янги иш ўринлари яратилганига ва бошқа жиҳатларига алоҳида эътиборни қаратдилар.

Вилоят мақом ансамбли ҳамда Наманган шаҳар маданият бўлими хонандалари ижросида дилрабо куй ва қўшиқлар янгради. Гўзал ва лобар қизлар томонидан намойиш этилган миллий ва замонавий либослар ҳам барчага манзур бўлди.

Дастлаб саҳна марказига 2016-2021 йилларда ушбу танловда иштирок этиб, республикада фахрли ўринларни эгаллаган ишбилармон аёллар Адиба Хожимиржаева, Нозима Маматова, Хакима Тошматова, Юлдуз Каримова, Тупанисса Раимжонова, Мохидил Исоқовалар таклиф этилиб, ижтимоий-иқтисодий ҳаётдаги фаолликлари учун уларга фахрий ёрлиқлар топширилди.

Сўнгра эса бу йилги танловда намунали иштирок этган тадбиркор аёллар, турли номинациялар бўйича ғолиблар ташаккурномалар билан тақдирландилар.

Энг якунида эса ғолибларнинг номлари эълон қилинди. Унга кўра 1-ўрин Наманган шаҳридан “Latifa Guli” МЧЖ раҳбари Гулнора Мирзаабдуллаева, 2-ўрин Уйчи туманидан “Begoyim textile” MChJ раҳбари Севара Олимова, 3-ўрин Поп туманидан "SHAXOBIDDIN-SHUKRONA TEXTILE" корхонаси раҳбари Наргиза Давронова сазовор бўлдилар.

  • Кўрилди
    334
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+