Пискентда аёлларнинг турмуш шароитлари ўрганилди

15.09.2022, 16:16

Пискентда аёлларнинг турмуш шароитлари ўрганилди

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, партия фракцияси аъзоси Мавлуда Ибрагимова, O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси бўлим мудири Севара Муслимова ҳамда партия Тошкент вилоят Кенгаши “Аёллар қаноти” вакиллари Пискент туманида бўлиб, хотин-қизларнинг муаммо ва ткалифларини ўрганди.

Хотин-қизлар билан бевосита очиқ мулоқотда бўлиш, уларни қийнаб турган муаммоларни ўрганиш ва жойида тизимли бартараф этиш, ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, аҳолининг иш билан бандлигини таъминлашга хисса қўшаётган ишбилармон аёллар фаолиятини яқиндан ўрганиб, тажрибаларини тарғиб қилиш, оммалаштириш мақсадида келган ишчи гуруҳ аъзолари Пискентнинг “Янгиобод” ҳамда “Ойбек” маҳаллаларидаги хонадонларда бўлишди.

“Ойбек” МФЙнинг Бобур кўчасида яшовчи Зулайхо опа Рустамова хонадонида бўлган ишчи гуруҳ аъзолари оила гулчилик, кўчатчилик ортидан моддий даромад топиб, турмуш сифатини яхшилашга эришганининг гувоҳи бўлишди. Туман мутасаддиларига бир ойда атиги бир сотих майдондан иборат томорқасида етиштирилган гул ва кўчатлар орқасидан 15 миллион сўмдан ортиқ дамромад олаётган опанинг тажрибасини оммалаштириш кераклигини уқтиришди.

Хонадонма-хонадон ўрганиш ишларини олиб борган депутат Мавлуда Ибрагимова бу ердаги ўз-ўзини иш билан банд қилган, ишсиз, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларнинг турмуш шароитлари билан яқиндан танишди. Уларни иш билан бандлик, ўз-ўзини банд қилиш, ўқиш, соғликни тиклаш масаласидаги муаммоларини ўрганди.

Куннинг иккинчи ярмида ишчи гуруҳ аъзолари туман ҳокимиятида ҳудуд маҳаллаларидаги фуқаролар йиғини раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосарлари, фаоллари билан ҳам учрашишди.

Мулоқотда депутат Мавлуда Ибрагимова бугун юртимизда хотин-қизларнинг таълим ва касбий кўникмалар олишлари, муносиб иш топишларига ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ёш хотин-қизларни аниқлаш ва уларнинг қобилиятларини тўғри йўналтириш борасида ўта самарали ишлар амалга оширилаётгани ҳақида тўхталди.

Тошкентда ўтган Парламентлараро иттифоққа аъзо давлатлар аёл раҳбарларининг 14-саммитида ҳам Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, улар учун муносиб меҳнат ва турмуш шароитини яратиб бериш, қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ўзига хос тажриба шакллангани алоҳида эътироф этилгани ҳам бежиз эмаслигини таъкидлади.

Партия ҳам хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни ва мавқеини янада ошириш йўлида тизимли ишларни олиб бораётгани тўғрисида маълумот берди.

Учрашувда туман ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Матлуба Мирсоатова ҳудудда Оқила аёллар ҳаракати йўлга қўйилгани ҳақида сўзлади. Хусусан, тумандаги маҳаллаларда сайланган оқила аёллар орқали ҳар бир хонадондаги хотин-қизлардан хабардорлик ишлари тизимли ташкиллашттирилганига алоҳида тўхталди. Оқила аёллар билан ҳамкорликда ишлашда туман партия Кенгашининг ҳам ўз муносиб ўрни борлигига урғу берди.

Депутат Мавлуда Ибрагимова туман мутасаддилари билан ўтган суҳбат чоғида кўриб чиқилган масалалар юзасидан ҳар бир аёлга синглимиз, опамиз, онамиз, юртдошимиз, энг асосийси, инсон экани нуқтаи назаридан ёндашиб, қўллаб-қувватлаш, кўмак бериш керак эканини уқтирди.

Ишчи гуруҳ аъзолари ва туман мутасаддилари “Аёллар дафтари”, “Темир дафтари” да турувчи опа-сингилларимизни қўллаб-қувватлаш, иш билан таъминлаш, моддий фаровонлигини ошириш орқали мазкур дафтарлардан чиқариш, улардаги боқимандалик кайфиятини йўқотиш ишларида ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш борасида келгусидаги истиқболли чора-тадбирлар режасини ҳам ишлаб чиқишди.

Учрашув якунида туманда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ижтимоий, ҳуқуқий ҳимоя қилиш ишларида жонбозлик кўрсатаётган бир қатор мутасадди, раҳбар ва оқила аёллар партиянинг ташаккурномалари ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Зухро Мирзоҳамдамова,

O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши

матбуот хизмати котиби

  • Кўрилди
    609
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+