Тадбиркорларни текшириш тартиби ўзгартирилди

26.09.2022, 10:30

Тадбиркорларни текшириш тартиби ўзгартирилди

Бундан беш-олти йил муқаддам бир тадбиркор иш бошласа, унинг фаолиятига аралашиб, ҳуда-беҳуда текшируви билан тўсиқ қўядиганлардан кўп эди. Тадбиркорга фаолиятини ривожлантиришга ёрдам бериш ўрнига унинг ишига халал қилиш, албатта, ривожланиш йўлидаги тўсиқ эди.

2016 йилдан бошлаб эса мамлакатимизда тадбиркорларга муносабат тубдан ўзгарди. Давлат тадбиркорларнинг муаммолари, мурожаат ва таклифларини тинглайдиган, уларга ечим топадиган самарали тизим яратилди. Соҳани ривожлантиришга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратила бошланди.

Ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар натижасида юртимиз аҳолиси ўртасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга қизиқиш тобора ортди, ўз бизнесини йўлга қўйиб, эл-юрт фаровонлигига муносиб ҳисса қўшаётган тадбиркорлар сафи кенгайди.

Нафақат пойтахтимизда, балки ҳудудларда ҳам янги корхоналарнинг фойдаланишга топширилиши орқали минглаб оилаларга барака кирди, кўплаб ёшлар, хотин-қизлар доимий иш ўрнига, даромад манбаига эга бўлди. Хуллас ўтган давр мобайнида соҳада қилинган салмоқли ишлар ва эришилган юксак натижалар ҳақида кўплаб гапириш мумкин.

Аммо юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга қарамай, жорий йилнинг 8 ойи давомида назорат қилувчи органлар томонидан 330 та ноқонуний текшириш ўтказилган. 6 минг 400 та ҳолатда эса текшириш тартиби бузилган. Бу ўз навбатида, ҳали бу йўналишда қилиниши лозим бўлган ишлар кўплигидан далолат беради.

Президентимизнинг шу йил 13 сентябрдаги “Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказишни мувофиқлаштириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашувларнинг олдини олиш, назорат қилувчи органларнинг масъулиятини ошириш ва фаолияти очиқлигини таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Ушбу ҳужжат тадбиркорликни кенг қулоч ёйиши ва аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилгани билан бизнес вакилларини ниҳоятда тўлқинлантириб юборди, уларни фаолликка чоралади. Сабаби ҳужжат билан жорий йил 1 ноябрдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган барча текширувлар “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида рўйхатга олинади.

Назорат қилувчи органлар эса “хавфни таҳлил этиш” тизими натижаларига асосан ўтказиладиган текширувларнинг бошланиши ҳақида камида 10 иш куни олдин тадбиркорлик субъектини хабардор қилади.

Яна бир эътиборли томони, қарор билан тадбиркорлик субъектларига қатор ҳуқуқлар берилмоқда. Хусусан, текширув ўтказиш тўғрисидаги буйруқ ўрнатилган тартибда расмийлаштирилмаганда, текширув тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишилмаганда ёки у хабардор этилмаганда, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳнома мавжуд бўлмаганида, текширувларни рўйхатга олиш китобига маълумотларни киритишдан бош тортганида назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларини текширув ўтказиш учун ўз ҳудудига қўймаслик ҳуқуқи белгилаб берилди.

Келгуси йил 1 январдан бошлаб назорат қилувчи органларга “Ягона давлат назорати” ахборот тизимидаги давлат назорати функциялари реестрига киритилмаган функциялар бўйича тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказиш тақиқланиши бизнес вакилларининг айни дилидаги гап бўлди.

Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ва профилактика тадбирларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг тасдиқланиши эса яна бир муҳим янгиликлардан бири бўлди. Шубҳасиз, бу тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашиш, ортиқча текширишларни олдини олиш, миллионлаб юртдошларимизнинг яшаш шароитлари яхшилашга хизмат қилади.

Бир сўз билан айтганда, бугун одамларнинг тадбиркор бўлишга интилишига амалий ёрдам берилса, бунёдкорлик янада кенг қулоч ёзиши кундек равшанлашмоқда. Ушбу қарорнинг сўзсиз ижроси минглаб янги иш ўринлари, янгидан-янги ишлаб чиқариш қувватлари ташкил этилиши орқали иқтисодиётимиз барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.

Одинахон ОТАХОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    701
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+