Манфаатлар муштараклиги ҳамкорлик кўламини тобора кенгайтиряпти

07.10.2022, 11:57

Манфаатлар муштараклиги ҳамкорлик кўламини тобора кенгайтиряпти

Олти йил муқаддам мамлакатимиз ташқи сиёсатида  халқаро ташкилотлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги даври бошланди.  2021-2022 йилларда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислик Ўзбекистонга ўтиши  очиқ ва оқилона ташқи сиёсатимиз маҳсули, мантиқий давомидир. ШҲТнинг ўтган ойда юксак даражада ўтказилган Самарқанд саммитида 15 та давлат раҳбари ҳамда 10 дан зиёд халқаро ташкилотлар етакчилари иштирок этгани ҳам ижобий ўзгаришларнинг ёрқин тасдиғидир.

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида баён қилинган талай вазифалар Шанхай тузилмасининг мақсад ва режаларига кўп жиҳатдан ҳамоҳанг, дейиш мумкин. Уларни ҳаётга босқичма-босқич татбиқ қилиш яқин қўшнилар билан муносабатларни янада уйғунлаштириш, иқтисодий ва бошқа соҳаларни биргаликда ривожлантириш, Марказий Осиёда, умуман, бутун ШҲТ ҳудудида тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш имконини беради. Лўнда қилиб айтганда, юртимизнинг мазкур ташкилот ишида фаол қатнашиши, ҳамкорликни кенгайтириши халқимиз фаровонлиги ошишига хизмат қилмоқда.

Шу йилнинг январь-июль ойлари якунларига эътибор қаратсак, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан Ўзбекистоннинг ШҲТ мамлакатлари билан айланмаси 25,3 фоизга ўсиб, 14 миллиард долларни, экспорт эса 24,4 фоизга ўсиб - 4,6 миллиард долларни, импорт 27,3 фоизга ўсиб - 9,4 миллиард долларни ташкил этганини кўрамиз.  Бундай натижаларга ШҲТ ҳудудида транзит имкониятларини кенгайтириш туфайли эришилди.

Саммитда  Президентимиз  аъзо давлатлар  иқтисодий ҳамкорлигини жадаллаштириш,  дастурлар ижросини амалда қўллаш учун келгуси йил Ўзбекистонда ҳамкор давлатларнинг бизнес шериклиги ҳафталиги бўйича форум ўтказишни таклиф этди. “Саноат кооперациясини чуқурлаштириш ва ўзаро савдони рағбатлантириш мақсадида ШҲТ мамлакатлари махсус иқтисодий зоналари альянсини тузиш тарафдоримиз. Биз келгуси йилда Самарқандда “Ўзбекистон – ШҲТ” саноат зонаси базасида махсус зоналар администрациялари раҳбарларининг биринчи учрашувини ўтказишга тайёрмиз. Яна бир чора-тадбир сифатида ҳар йили ШҲТ йирик савдо ярмаркасини ўтказишни, унинг асосида ягона электрон платформа яратишни таклиф этамиз”, деди давлатимиз раҳбари. Шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг умумий тамойиллари ва ёндашувларини ишлаб чиқишга, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш ва қайта ишлаш дастурларига, тўғридан-тўғри ўзаро таъминотнинг мувофиқлаштирилган схемаларини шакллантиришга, юқори сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш учун самарали логистика, “яшил” ва экспресс-йўлакларни ташкил этишга чақирди. Ушбу ҳаётий масалаларни кенг муҳокама қилиш мақсадида келгуси йили озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция ўтказишни таклиф этди.

Давлатимиз раҳбари илгари сурган таклифлар ШҲТ мамлакатларида иқтисодий барқарорлик таъминлаш, иқтисодиёт, савдо ва инвестиция соҳасидаги ҳамкорликнинг амалий таъсирчанлигини оширишда ғоят муҳим эканлиги туфайли дунё ҳамжамияти томонидан олқишланмоқда.

  Анжуманда иштирокчи давлатлар вакиллари ҳали фойдаланилмаган  табиий хомашёлар, турли жабҳалардаги резервларни ишга солиш ва Ташкилотни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш муҳимлигини билдирдилар.

Ҳақиқатан ҳам минтақада кўп жабҳаларда янги, қулай шарт-шароитлар яратилиши ШҲТга аъзо давлатларга катта иқтисодий фойда келтириши турган гап.

Саммит доирасида Ўзбекистон кўплаб давлатлар билан иқтисодиёт, савдо-сармоявий ва логистика соҳаларида муҳим келишувларга эришди. Хусусан, «Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой» темир йўли қурилиши  бўйича ҳамкорлик тўғрисида уч томонлама битим имзоланганини  таъкидлаш жоиз.

Мухтасар айтганда, ШҲТ Самарқанд саммитида қабул қилинган ҳужжатлар, ташкилотга аъзо давлат раҳбарлари кенгашининг тор доирадаги учрашуви, кенгайтирилган тартибдаги мажлисида илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар ижроси минтақавий ҳамкорлик кўламини ниҳоятда кенгайтириши,  ШҲТ фаолиятида янги босқични бошлаб бериши кутилмоқда.

Фарҳод Одилов,

O‘zLiDeP Жиззах вилоят кенгаши қошидаги

фахрийлар кенгаши аъзоси, вилоят кенгаши депутати

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    391
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+