Гурланда маҳаллаларда томорқачиликни ривожлантириш бўйича семинар ташкил қилинди

11.10.2022, 09:31

Гурланда маҳаллаларда томорқачиликни ривожлантириш бўйича семинар ташкил қилинди

Саховатли заминимиз бор. Юртимиз иқлими ҳам деҳқончилик учун ғоятда қулай. Ҳар бир қарич ердан йил давомида бир неча маротаба ҳосил олиш мумкин. Хусусан, кунлар совий бошлайдиган кеч кузда тўқсонбости экинлари экиш мумкин. Шу боисдан, далаларимизда асосий ва такрорий экинлар ҳосили йиғиб олинган шу кунларда бободеҳқонларимиз тўқсонбости экинлар экишни бошлаб юборишди.

Эътиборлиси, деҳқончиликнинг тўқсонбости усули яхшигина даромад манбаи бўлиш билан бирга, аҳолининг эртаки сабзавот маҳсулотларига бўлган талабини қондириш имконини беради. Натижада қиш ва баҳор ойларида ҳам бозорларимиз тўкин-сочин, нарх-наво барқарор бўлади.

Гурлан туманида ташкил этилган семинар ҳам айни шу мавзуда бўлди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Сипикери ўринбосари, O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов Гурлан туманида бўлиб, “Пахтачи” маҳалласидаги намунали томорқачилар ва маҳаллардаги ҳоким ёрдамчилари билан мулоқот ўтказди. Маҳалладаги Рахмонбой Шомуратовнинг томорқасида ташкил этилган семинар давомида “Бир маҳалла - бир маҳсулот” тамойили асосида мазкур томорқачининг тажрибасини оммалаштириш, исмалоқ ва саримсоқпиёз етиштиришга ихтисослашган маҳаллага айлантириш ва ерда йилига 3-4 маротаба ҳосил олишни ўргатиш каби муҳим жиҳатларга эътибор қаратилди.

Маълумот ўрнида айтганда Гурлан туманида 21836 та аҳоли уй томорқалари мавжуд бўлиб, бу эса 1399 гектар ерни ташкил қилади. Жорий йилда 889 гектар хонадон уй томорқаларига тўқсонбости усулида пиёз, саримсоқпиёз ва кузги булғор қалампири каби полиз экинлари экилди. Йилдан йилга аҳолининг уй ва дала томорқаларидан юқори ҳосил олиш кўникмалари  юксалиб бормоқда.

2015 йилда ўзининг 12 сотих томорқасида иссиқхона ташкил этиб, томорқачиликни йўлга қўйган Р.Шамуратов бугунги кунда йилига 4 мартадан ҳосил олишга эришди. Қўшимча 2 сотихлик дала томорқасида иссиқхона ташкил этиб, помидор, бодринг, саримсоқпиёз, пиёз, исмалоқ каби сабзавот экинларидан йилига 50-60 миллион сўмгача даромад олмоқда.

Спикер ўринбосари томорқачи фаолияти билан танишаркан, маҳаллалардаги аҳолини уй томорқаларидан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш, томорқачи тажрибасини оммалаштириш ва аҳолининг томорқачилик борасидаги билим ва кўникмаларини ошириш, устоз шогирт анъаналари асосида бу каби намунали томорқачиларга 20 та ёшлар ва аёлларни бириктириш лозимлигини таъкидлади. Бунда ҳоким ёрдамчилари ҳар бир маҳаллада камида 5 тадан томорқачиликка ва иссиқхоначиликка қизиқувчи фуқароларни тўғри йўналтириши ва уларнинг ўз фаолиятларини йўлга қўйишда кўмаклашиши зарурлиги эътироф этилди.

Р.Шамуратов нафақат томорқадан унимли фойдаланмоқда балки қўйчиликни ривожлантириш бўйича ҳам анчагина ишларни йўлга қўйган. Мазкур йўналишда ҳам яхшигина даромад топиш мумкинлиги хусусида семинар иштирокчилари билан фикр алмашди.

Тадбиркорнинг келгусидаги режалари ҳам катта, яъни олтиариқ услубида иссиқхона қошида узумзор ташкил этиш ва маҳсулотларни сақлаш бўйича музлатгич қуриш ниятида эканлигини айтди. Бу борада партия раҳбари томорқачига амалий ёрдам кўрсатишини билдирди. Кенгаш ҳузуридаги жамғармадан имтиёзли кредитлар ажратилиб, фаолиятни ташкил қилиш ва водий тажрибасини ўрганиш учун кўмак бериладиган бўлди.

Хулоса ўрнида айтганда, мамлакатимиз деҳқонлари нафақат қуёшли кунларда, балки йилнинг энг совуқ ва ноқулай об-ҳаво шароитида ҳам маҳсулот етиштириш орқали бозорларимизнинг тўкин-сочинлигини таъминлашга, экспорт ҳажмини кўпайтириб, қўшимча даромад олишга эришмоқда.

Насиба Ваисова,

O’zLiDeP Хоразм вилоят кенгаши

Жамоатчилик билан алоқалар

ва мафкуравий тарғибот бўлими мудири

 

  • Кўрилди
    428
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+