Янгиланган Меҳнат кодексига бир қатор янги нормалар киритилди

01.11.2022, 12:19

Янгиланган Меҳнат кодексига бир қатор янги нормалар киритилди

Янги Ўзбекистонни барпо қилиш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳар бир соҳада янгиланишларни, янги имкониятдан фойдаланишни, айниқса, меҳнат ва меҳнат муносабатларини қонун доирасида амалга оширишни тақозо этади. Шу маънода айтиш жоизки, амалдаги Меҳнат кодекси 1995 йилда қабул қилинган бўлиб, бугунги шиддатли замон талабларига тўла мос келмайди. Куни кеча давлатимиз раҳбари томонидан имзоланиб, Янги қабул қилинган ва 6 ойдан сўнг кучга кирадиган Меҳнат кодекси эса фуқароларнинг меҳнатга жалб этишнинг янги шаклларини назарда тутади.

Хусусан, янги Кодексда меҳнат ва у билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг асосий тамойиллари яъни ходимлар меҳнат ҳуқуқларининг тенглиги, меҳнат ва касб-ҳунар соҳасида камситишларга йўл қўймаслик, меҳнат эркинлиги ва мажбурий меҳнатни тақиқлаш, меҳнат соҳасида ижтимоий шериклик ҳамда меҳнат ҳуқуқини таъминлаш ва меҳнат мажбуриятларини бажариш кафолати, ходимнинг ҳуқуқий ҳолатини ёмонлашишига йўл қўйилмаслик каби ҳолатларга катта эътибор қаратилган.

Яна шуни алоҳида қайд этишни истар эдимки, ҳужжатда Ўзбекистоннинг “Электрон ҳукумат” тизимига кирувчи Ягона миллий меҳнат тизимида барча тузилган меҳнат шартномаларини (ва уларга киритилган ўзгартиришларни) мажбурий рўйхатдан ўтказиш бўйича талаблар белгиланмоқда. Муддатли меҳнат шартномасини тузиш асослари сезиларли даражада кенгайтирилмоқда. Муддатли меҳнат шартномаси муддати бир марталик узайтириш ҳуқуқи билан 5 йилдан 3 йилгача қисқартирилган.

Бундан ташқари иқтисодий сабабларга кўра меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бекор қилишнинг соддалаштирилган тартиблари жорий этилмоқда, меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари соддалаштирилмоқда. “Ходимнинг пенсия ёшига етганлиги муносабати билан иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш” асоси чиқариб ташланмоқда. Ходимни бошқа иш берувчига хизмат сафарига юбориш тартиби белгиланмоқда, бу эса доимий иш жойидаги меҳнат шартномасининг амал қилишини тўхтатиб туришни ва ходим ишга юборилган ташкилот билан муддатли шартнома тузишни назарда тутади.

Яна бир ўткир муаммолардан саналган яъни ишдан бўшатиш нафақасини иш берувчида ишлаган иш стажига қараб дифференциациялашган миқдори белгилангани ҳам бугунги кун атлабига тўла мос келади. Айниқса, дам олиш кунини давлат байрамлари (ишланмайдиган байрам кунлари) кунларига тўғри келган тақдирда кўчириш қоидаси амалга киритилётгани, меҳнат таътилининг минимал давомийлиги календарь кунларда (15 иш куни ўрнига 21 календарь куни) этиб, ҳисобланаётгани ҳам янги Меҳнат кодексининг инсон қадри учун тамойилларига мослигидан далолат беради.

Айтмоқчиманки, бугунги глобаллашув жараёнлари шиддат билан давом этаётган замонда юртимизда меҳнат қилиш ва меҳнат муносабатларининг оқилона йўлга қўйилишида янги Меҳнат кодексининг аҳамияти ниҳоятда каттадир.

Актам ХАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

O`zLiDeP фракцияси раҳбари.

  • Кўрилди
    366
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+