Бедана тухуми – холестеринсиз маҳсулот

08.11.2022, 16:47

Бедана тухуми – холестеринсиз маҳсулот

O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси А. Хаитов “Ўзбекистон” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Миришкор қишлоғида яшовчи тадбиркор Шарифжон Исмоилов томонидан беданачиликни ривожлантириш, бедана тухуми ишлаб чиқариш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Тадбиркор йигит 2018 йил бедана боқишни бошлаган экан. Айни пайтда унинг беданахонасида 23 минг бош бедана мавжуд. Кунига 11 минг  дона тухум етиштирилаётир. Йилига 1 млрд сўм соф фойда олинаяпти. 12 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланган.

 - Бедана тухуми умрни узайтириб, инсоннинг кўриш қобилиятини яхшилар экан, - деди Актам Хаитов. - Диетологлар товуқ тухумида холестерин мавжудлиги туфайли унинг ўрнига бедана тухумини тавсия қилишмоқда. Бедана тухуми барча озуқа моддаларга бой маҳсулотдир. Асаб тизими касалликлари, камқонлик, гипертония, бронхиал астма ва қандли диабетда ижобий самара беради. Бугунги кунга қадар кўплаб мамлакатлар паррандачилик саноатида беданачилик тармоғи кундан-кунга ривожланиб бормоқда. Улар бошқа паррандаларга нисбатан кўп миқдорда тухум, сифатли ва мазали гўшт бериш хусусияти билан алоҳида ўринга эга. Германия, Югославия, Франция, Англия, Италия, Канада каби мамлакатларда бедана маҳсулотларига талаб жуда юқори. Мамлакатимизда  бедана етиштириш бўйича фермер хўжаликлари сони сезиларли даражада ошиб бораётган бўлса-да, маҳсулотга бўлган талабни тўлиқ қондира олмаяпмиз. Интенсив усулда бедана боқиш бугунги кун паррандачилигининг муҳим аҳамиятга эга вазифаларидан биридир. Шу боис Шарифжон Исмоилов тажрибасини партия аъзолари ва қишлоқлар аҳолиси ўртасида кенг тарғиб қилишга келишиб олдик.

Тадбиркорнинг таъкидлашича, нормал шароитда бедана 35-45 кунлигидан тухум қўйишни бошлайди. Бир йил давомида бир дона урғочи бедана тахминан 2,5 кг тухум массасини беради, бу унинг тирик вазнидан 20 баравар кўп дегани. Тадбиркорга Кенгаш ҳузуридаги Жамғарма маблағларидан фоизсиз 50 млн.сўм ссуда ажратиладиган бўлди. Тадбиркор молиявий кўмак учун кенгаш раҳбариятига ўз миннатдорчилигини билдираркан, беданалар сонини 100 бошга етказиб, яна 28 нафар ҳамқишлоқларини иш билан таъминлашга сўз берди.

Ишчи гуруҳи аъзолари томонидан воҳада фаолият олиб бораётган фермер, деҳқон хўжаликлари раҳбарлари ва томорқа ер эгалари билан учрашиб, қишлоқларда деҳқончилик маданиятини юксалтириш, аҳолини қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан таъминлашни янада яхшилаш учун бўш турган ер майдонларини деҳқончилик билан шуғулланаман деган ташаббускор ёшларга бериш кечиктириб бўлмайдиган вазифа эканлиги эътироф этилди. Томорқа ер эгалари учун замонавий технологиялар асосида томчилатиб суғориш ускуналари асосида маҳсулот етиштириш борасида мастер класслар ташкил этиш, бу борада мутасаддилар, O’zLiDeP кенгашлари, депутатлар ва бошланғич партия ташкилотлари етакчилари олдида турган вазифалар ҳақида таклиф мулоҳазалар билдириб ўтилди. 

O’zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши

Матбуот хизмати

  • Кўрилди
    708
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+