O'zLiDeP фаоли бўлган ҳоким ёрдамчисининг амалий ишлари билан танишилди

20.12.2022, 10:07

O'zLiDeP фаоли бўлган ҳоким ёрдамчисининг амалий ишлари билан танишилди

Бугунги кунда маҳаллаларда “маҳаллабай” ишлаш тизими кенг йўлга қўйилди. Бунинг натижасида жойларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳоли турмуш даражаси ва бандлигини таъминлаш ишлари маҳалла даражасида амалга оширила бошланди. Ҳокимларнинг маҳаллалардаги ёрдамчилари фаолияти ҳам ана шу вазифалар ижросини таъминлашга қаратилаётгани ўзининг ижобий самарасини бермоқда. O'zLiDeP Навоий вилоят ҳудудий партия ташкилоти жамоатчилик билан алоқалар ва мафкуравий ишлар бўлими мудири А.Узоқов айнан партия фаоли бўлган бугунги кунда ҳоким ёрдамчиси лавозимида фаолият юритаётган депутатларнинг ҳудудларида бўлиб,  уларнинг фаолияти билан танишди.

Дастлабки манзил Кармана туманидаги Мир Саид Баҳром маҳалласи бўлди. Бу ерда Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати, партиянинг Ёшлар қаноти раиси Беҳзод Савуров маҳалладаги ишсиз ёшларни тадбиркорликка жалб этишда, кредитлар олишда, ёшларнинг касб-ҳунар ўрганишида яқиндан ёрдам бериб келаётганлиги фактларда исботини топди.

- 2600 нафар аҳоли истиқомат қилаётган Мир Саид Баҳром маҳалласининг асосий драйвери хизмат кўрсатиш соҳаси ҳисобланади, -дейди ҳоким ёрдамчиси Беҳзод Савуров.

- Ҳудуддаги 8 та объект тадбиркорларга фойдаланиш учун берилди ва ишга туширилди. Шунингдек, фойдаланилмай келинаётган ва қурилиши тугалланмаган бино замонавий кўринишга келтирилиб, ўқув маркази ташкил этилди. Жумладан, маҳаллада янги иш бошлаган “Algorizmus” нодавлат таълим маркази замонавий жиҳозланиши, ўқувчилар учун яратилган шароитлари билан эътиборимизни тортди. Таъкидланишича, аввал бу фойдаланилмаётган ва қаровсиз бино бўлган. Б.Савуровнинг саъй-ҳаракати билан ушбу қаровсиз бино тадбиркор Ш.Нуриддиновга берилди. У бинони тўлиқ қайта қуриб, ёшлар учун 500 ўринли янги замонавий ўқув биносини барпо этди. Ҳозирги вақтда ушбу нодавлат ўқув марказида 14 нафар ходим 9 та фан йўналишлари бўйича ёшларга билим бериб келиняпти. Ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган оилалар ва кўп болали оилалар фарзандлари учун тўловларда чегирмалар жорий қилинган.

Кейинги манзил Халқ депутатлари Навоий шаҳар Кенгаши депутати “Ўзбекистон” маҳаллсининг ҳоким ёрдамчиси Ҳусен Амоновнинг партиянинг электорати бўлган тадбиркорлар билан олиб бораётган ишлари билан танишилди.  Маҳалла ҳудудида узоқ йиллардан буён бўш турган ерда тадбиркор томонидан қурилиб, ишга туширилган “Kids Akademy” нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолияти ўрганилди. Х.Амоновнинг таъкидлашича, мазкур нодавлат мактабгача таълим ташкилоти жорий йилги Инвестиция дастурига киритилган бўлиб, у энг замонавий кўринишда барпо этилган.

Муассаса ишга тушиши билан 50 киши иш билан таъминланди. “Билимдон” дастури билан ишлаш баробарида, ноанъанавий усулларда ҳам дарс машғулотлари олиб бориляпти. Масканда рус, корейс тили, инглиз тили бўйича, ментал арифметика бўйича ва гимнастика, таэквондо бўйича тўгараклар ҳам ташкил этилган.

Бир сўз билан айтганда, партия фаоллари бўлган энг илғор ҳоким ёрдамчиларининг олиб бораётган амалий ишлари натижасида катта ғайрату шижоат билан иш бошлаган ёш тадбиркорларнинг амалга ошираётган янги лойиҳалари билан танишдилар. Энг муҳими, ҳар бир янгиланишда, истиқболли лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилишида ва бунёдкорлик ишларида тадбиркорларнинг ҳиссаси катта эканлигига яна бир бор амин бўлмоқдамиз.

O'zLiDeP Навоий вилоят кенгаши

 Матбуот хизмати

  • Кўрилди
    378
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+