Батошлик касаначилар ўз маҳсулотларини Туркияга экспорт қилишади

06.03.2023, 11:03

Батошлик касаначилар ўз маҳсулотларини Туркияга экспорт қилишади

O`zLiDeP Қарши туман Кенгаши “Аёллар қаноти” гуруҳи томонидан    Янги  Батош маҳалла фуқаро  йиғини ҳудудида фаолият юритиб келаётган “Ахмад кидс” оилавий корхонасида “Бугуннинг тадбиркор аёли” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Партия депутатлари, яқин атрофдаги маҳаллалар хотин-қизлари иштирок этган тадбирда оилавий корхона раҳбари Хадича Пиримова оилавий корхонасида хотин-қизларнинг ҳунар ўрганиши учун яратилган шарт-шароитлар, бандлиги ва фаровонлигини ошириш ҳамда ишсизлик даражасини камайтириш, тадбиркорликка ўқитиш ва бизнесга жалб қилиш борасидаги амалий ишлар ҳақида сўзлаб берди. 

- Мен дунёдаги энг бахтли инсонлардан бири деб санайман, - дейди Хадича Пиримова. – Давлатимиз раҳбарининг корхонамизга ташриф буюриб, фаолиятимиз билан танишиб, суҳбат қурганликларидан бошимиз кўкка етди. Очиғи, бундай бахт ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Бизга қанот бахш этган учрашувдан руҳланиб, фаолиятимизни янада кенгайтиришга аҳд қилдик. Бу йилдан тайёрлаган маҳсулотларимизни Туркияга экспорт қилиш борасида шартнома имзоладик. Олинган фойдани корхонанни кенгайтириш, хотин-қизларга ҳунар ўргатишга сарф этамиз. Оилавий корхонамизда бугунги кунда 35 нафар хотин-қиз ҳунар ўрганиб, тикувчилик, касаначилик, кўрпа қавиш, қуроқчилик, бисир қадаш, сачоқ ва салфеткалар, кийим-кечаклар тикиш билан шуғулланиб келмоқдалар. Аксарияти ҳаётда қийналиб қолган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, оғир шароитда яшаётган, “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”га киритилган аёллар бўлиб, 2 ой давомида ҳам иш ўрганади, ҳам ишлаб даромад топади. Биз махсус буюртмаларни бажарамиз, бир қисм маҳсулотларимизни эса бозорлар ва савдо дўконларига чиқарамиз. Бугунги тадбиримизда қатнашган хотин-қизларга  оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш, касаначиликни ривожлантириш, заргарлик ва ҳунармандчиликни йўлга қўйиш борасида мастер класс ўтилди. 

Тадбир сўнгида маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, фарзанд тарбияси, оила ва хотин-қизлар маънавиятини юксалтириш, жамиятда соғлом маънавий муҳитни шакллантириш,  оилалар мустаҳкамлашлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш асносида турмуш фаровонлигини ошириш борасида “Аёллар қаноти” гуруҳи олдида турган вазифалар ҳақида амалий таклифлар билдирилди.

  • Кўрилди
    677
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+