Миллий иқтисодиёт барқарорлиги йўлида ишчи гуруҳлар қандай ишлаяпти?

09.03.2023, 18:30

Миллий иқтисодиёт барқарорлиги йўлида ишчи гуруҳлар қандай ишлаяпти?

Хабарингиз бор, бир қатор устувор мақсадларни кўзлаган ҳолда 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тасдиқланган. Ушбу дастур ижроси юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси ҳамда партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамкорлигидаги ишчи гуруҳлар фаолият олиб бораётгани ҳам юртдошларимизга яхши маълум.

Айтиш керакки, “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” давлат дастури ўтган йил - “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” давлат дастурининг мантиқий давоми бўлиб, унга асосан ишчи гуруҳ мамлакатимизда миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суратларини таъминлаш бўйича жамоатчилик ва депутатлик назоратини олиб боришни мақсад қилган.

Дастурнинг 3-устувор йўналиши 21, 22 ва 23-мақсадлари ижроси юзасидан Фракция раиси ўринбосари, Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси ўринбосари Д.Аҳмедов раҳбарлигидаги кичик ишчи гуруҳ  ҳудудларда жамоатчилик ва депутатлик назорати олиб борди. 

Ишчи гуруҳ 14 марта йирик лойиҳаларни жойига чиққан ҳолда масъул вазирлик ва идоралар раҳбарлари билан ўрганиб, музокаралар ўтказди, ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйди. Музокаралар давомида 70 дан ортиқ масалалар бевосита ўз ечимини топгани эса қувонарли.

Жумладан, Чирчиқ шаҳрида “Чирчиқ кимё-индустриал технопарки” ташкил этилиб, дастурда белгиланган 2 та резидент лойиҳаси ўрнига 12 та резидент лойиҳаси технопарк маъмурий кенгашидан ўтказилди. Унга асосан 35,5 млн АҚШ доллари ҳажмида лойиҳа амалга оширилиб, 868 та янги иш ўрни яратиш белгиланди. Ўтган йили эса 3 та резидент лойиҳаси тўлиқ амалга оширилиб, жами 6,5 млрд сўмлик юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Натижада 97 та янги иш ўрни ташкил этилди.

Қайд этиш лозимки, янги технологияларни бошқариш учун танлов асосида қабул қилинган ишчи ва мутахассислар илғор хорижий компанияларда қайта малака оширган бўлиб (жумладан, Татаристон Республикасида), бугунги кунда уларга ўртача 5 млн сўм ойлик иш хақи тайинланган. 7 та резидент лойиҳаси  жорий йил ишга туширилиши режалаштирилган.

Шунингдек, ишчи гуруҳ томонидан технопарк резиденти – “Rhodium Polimer” масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонасини Ягона етказиб берувчилар реестрига киритиш масаласи юзасидан масъул вазирлик ва идораларга таклиф тайёрланмоқда.

“Rhodium Polimer” МЧЖ ҚК Марказий Осиёда кўпиклантирилган полипропилен ишлаб чиқарувчи ягона корхона ҳисобланади. Бугунги кунга қадар ушбу маҳсулот республикамизга фақат импорт қилинган.

Ўрни келганда, ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилаётган қуйидаги ишларни ҳам санаб ўтиш жоиз:

 – давлат қарзини бошқаришда 2022 йили янги жалб қилинган ташқи қарз миқдори 4,5 млрд АҚШ долларидан ошиб кетмаслиги таъминланди (21-мақсад, 72-банд). 

– айрим тизимли муаммолар юзасидан ишчи гуруҳ раҳбарига амалдаги қонуности ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимча киритиш бўйича таклифлар берилди.

Дастурнинг 21-мақсади 71-бандига асосан ҳудудий ички йўлларни таъмирлаш учун ажратиладиган маблағларнинг камида 50 фоизини “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали жамоатчилик фикри асосида амалга ошириш  белгиланган. Мазкур банд бўйича ўтган йили Молия вазирлигида, шунингдек, Бухоро вилоятининг Ромитан ва Бухоро туманларида “Zoom” платформаси орқали тегишли вазирлик ва идоралар, депутатлар, ҳоким ёрдамчилари иштирокида ишчи гуруҳининг онлайн вебинарлари ўтказилган. 

Шу ўринда бир масалага эътибор қаратиш зарур. Маълумки, 2022 йил
2 февралда Вазирлар Маҳкамасининг “Автомобиль йўллари соҳасида очиқлик стандартларини жорий этиш ва соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори қабул қилинган. Унга асосан “Очиқ бюджет” ахборот порталида “Менинг йўлим” лойиҳаси жорий этилган. Лойиҳага келиб тушган таклифлар овозлар сонига асосланган ҳолда, юқоридан пастга қараб саралаб олинади ва ғолиб аниқланади. Ўрганишлар кўрсатдики, бундай танловда аҳолиси зич жойлашган марказлар кўпроқ ютиб, аҳолиси кам олис қишлоқ ва маҳаллалардагилар тизимдан кенг фойдалана олмаяпти.

Ишчи гуруҳ томонидан юқоридаги муаммони тизимли ҳал этиш учун қуйидагича таклиф берилган:

– “Менинг йўлим” лойиҳасида ғолибни аниқлаш мезонида, истисно тариқасида, туман марказидан узоқда жойлашган чекка қишлоқ ва маҳаллаларга устувор аҳамият бериш;

– келиб тушган таклифлар овозлар сонидан келиб чиқиб юқоридан пастга ҳамда энг чекка қишлоқ ва маҳаллалардан туман марказига қараб саралаб олиш бўйича тегишли қонуности ҳужжатларига қўшимча киритиш.

Хулоса қилиш мумкинки, юзага келган муаммоларни масъул вазирлик ва идоралар билан ўзаро ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликда ҳал этиб бориш, давлат дастури ижроси бажарилишини таъминлаш 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ҳамда Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида белгиланган вазифаларга асосан аҳолининг ҳаёт даражасини янада юксалтириш, таълим сифатини жаҳон стандартларига мувофиқлаштириш, барқарор иқтисодий ўсишга эришиш ҳамда камбағалликни қисқартириш борасидаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Ғайрат ТУРҒУНОВ,

ишчи гуруҳ аъзоси,

O‘zLiDeP сектор мудири

  • Кўрилди
    669
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+