Янгиланаётган Конституция – тинч ва осуда кунлар кафолати

11.04.2023, 13:38

Янгиланаётган Конституция – тинч ва осуда кунлар кафолати

Ғиждувон туман ҳокимлигининг очиқ майдонида O‘zLiDeP вилоят ва туман кенгашлари ташаббуси билан ташкил этилган эвент тадбир байрамона ва кўтаринки руҳда ўтди. Бу эса унинг иштирокчилари қалбида мустақил Ватанимиз келажагига юксак ишонч, бугунги ва эртанги кунга бўлган чексиз умид ҳис-туйғуларини уйғотди.

Тарғибот-ташвиқот тадбирда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов, парламет қуйи палатаси ва маҳаллий кенгаш депутатлари, партия фаоллари, пешқадам тадбиркор ва фермерлар, хотин-қизлар, ёшлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўз олган партия етакчиси Янги Ўзбекистонни барпо этишдек олий мақсад сари қўйилган қадамлар албатта Асосий қонунимизни янгилаш зарурлигини тақозо этгани ва янги таҳрирдаги ҳужжатда Ўзбекистон ижтимоий давлат, деган ғоя асосий мезон қилиб олинганини таъкидлади. Конституциямизни қайта ишлаб чиқишда бевосита халқнинг таклиф, хоҳиш-истаклари эътиборга олингани, ҳужжат референдумга қўйиш орқали қабул қилинишини айтиб ўтди.

Дарҳақиқат, Янгиланаётган Бош қомусимизда миллий иқтисодиёт ва тадбиркорликни ривожлантириш, мамлакатда инвестициявий муҳитни яхшилаш ҳамда мулк ҳимоясини янада кучайтиришга қаратилган нормалар киритилмоқда. Банк омонатлари, балки банк операциялари ва ҳисоб варақларнинг ҳам сир тутилиши кафолатланмоқда. Солиқ ва йиғимлар адолатли бўлиши ва фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишига тўсқинлик қилмаслиги мустаҳкамланмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Эмма Аслонованинг фикрича, янгиланаётган Конституцияга мувофиқ давлат қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлайди. Мазкур норма инвесторларнинг ишончини ошириш, тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга хизмат қилади.

Тарғибот тадбирида парламент қуйи палатаси депутати Мадина Баротова ҳам сўз олар экан, янги таҳрирдаги Асосий қонун халқимизнинг ҳуқуқ ва манфаатлари, эркинликлари ҳимоясини ҳар томонлама таъминлаши, зотан Бош Қомусимизнинг барча моддаларида инсон омили олий мақсад қилиб олинганини қайд этди.

Партия вилоят Фахрийлар кенгаши раиси, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Беҳбуд Жумаев йиғилганларга юзланиб, мамлакатимизда меҳнат фахрийлари чинакамига фахримизга айланиб бораётгани, бугун инсон қадри ҳар нарсадан устун экани, “Инсон-жамият-давлат” тамойили тобора устуворлик касб этиб бораётганини тилга олди.

Эътиборлиси, ушбу муҳим ва халқпарвар жараён эндиликда халқчил Конституцияда ҳам ўз ифодасини топаётгани боис, ёшу-қари 30 апрелда ўтказиладиган референдумда якдиллик билан овоз беришни кўнгилларига тугиб қўйишган.

- Тадбиркорликни бошлаганимга анча йиллар бўлди, – дейди тадбиркор, туман кенгаши депутати Замира Сафарова. – Бор йўғи 2-3 киши билан фаолиятимни бошлаган бўлсам, бугунги кунда 45 нафар ишчи-ходимим билан “Ғиждувон машҳураси” хусусий корхонасига раҳбарлик қилаяпман. Асосан қурилиш-пардозлаш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган тадбиркорлик субъектимиз фаолиятининг самараси ўлароқ дунёдаги бир қатор – Туркия, Қирғизистон, Исроил, Нидерландия сингари давлатларга экспорт маҳсулотларини юборяпмиз. Эришаётган ютуқларимизнинг барчаси юртимизда соҳа ходимлари учун яратиб берилган имкониятлар шарофатидандир. Мен оила аъзоларим ва меҳнат жамоам билан бирга референдумда иштирок этаман. Ватанимиз равнақи, элимиз тинчлиги ва осойишталиги, халқимиз фаровонлиги кафолати бўлган Янги Конституцияни ёқлаб овоз беришга барчани чақириб қоламан.
Тадбирда Бухоро туманидаги  “Маданият Муҳаммад Исмат” фермер хўжалиги раҳбари, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Муҳаммад Аҳмедов ҳам сўзга чиқиб, ўзини тўла оқлаётган кластер тизими юртимиз аграр соҳасида ҳам пировард натижа бераётганини, бу айниқса пахта тўқимачилик кластерлари фаолиятида аниқ кўзга ташланаётганлигини айтиб ўтди.

Маҳаллий санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқ ва жозибали рақслар барчага байрамона кайфият бахш этди.

  • Кўрилди
    560
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+