Инсон манфаатлари бирламчи ўринда

12.04.2023, 11:28

Инсон манфаатлари бирламчи ўринда

Қизилтепа тумани марказидаги Маданият истироҳат боғида O‘zLiDeP фаоллари, вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари жам бўлишди. Йиғилганларга Янгиланаётган Конституциянинг мазмун-моҳияти  ва бўлажак референдумда аҳолининг иштироки хусусида сўз юритилди.

Тадбирга ташриф буюрган O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов ва Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати Акшагул Тўлегенова, сенатор Улуғбек Файзиев ўз нутқида таъкидлаганидек, ўтаётган ҳар бир кун мамлакатимизда ўзгаришларга бой бўлмоқда. Юртимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар натижаси бугун шаҳару узоқ қишлоқларимизда ҳам ўз аксини топмоқда. Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган янгиланишларга Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳам  муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

- Қўлга киритилаётган муваффақиятларни барчамиз кўриб турибмиз, - деди партия лидери. – Ҳақиқатан ҳам, халқимиз ҳаётини тубдан яхшилаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонун устуворлиги ва ижтимоий адолатни таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш борасида мамлакатимиз муҳим қадамларни қўймоқда. “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган тамойил асосида шаклланган янги тизим эса ўзини тўла оқламоқда. Бу эса мустақил юртимизнинг бугуни ва эртасини ҳал қилувчи жараёнлар даврига кириб келганимизни англатиб турибди.

Мамлакатимиз тараққиётининг ҳозирги босқичида илгари сурилаётган, моҳиятан мутлақо янги вазифалар, Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида акс этган эзгу мақсадлар, умидбахш интилишлар шунга мос конституциявий-ҳуқуқий макон яратилишини зарурат қилиб қўймоқда. Бу талабни тўғри англаган ҳолда Бош қомусимиз бутунлай янги таҳрирда қабул қилиниши кутилмоқда.

Эътибор беринг, Янгиланаётган Конституциямизниг 65-моддасида қуйидаги меъёрлар мустаҳкамланмоқда: “Хусусий мулк дахлсиздир. Мулкдор ўз мол-мулкидан қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари ҳамда суднинг қарорига асосланмаган ҳолда маҳрум этилиши мумкин эмас”.

Ушбу норма юртимизда инсон манфаатларини таъминлаш масаласи бирламчи ўриндалигидан далолат. Шунингдек, юртимизда мулкий ҳуқуқларнинг ишончли ҳимоясини янада кучайтиришга хизмат қилади.

Ёки фуқароларни мол-мулкидан суднинг қарорисиз маҳрум этмаслик тўғрисидаги нормани олайлик. Бу янгилик ҳам келажакда аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш, мулкчилик муносабатларини ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлаш, хусусий мулкнинг дахлсизлигини кучайтиришга катта туртки бўлади.

Юқоридаги янгиликлардан руҳланган аҳоли вакиллари халқнинг турмуш тарзини янада оширишга қаратилаётган бундай ўзгаришлардан мамнун эканликларини билдиришди.

Тарғибот-ташвиқот тадбир сўнгида барча иштирокчилар референдумда Янгиланаётган Конституция учун овоз беришларини билдирди.

Ҳушовоз хонандалар томонидан ижро этилган тинчлик, Ватан ва  оилани таранум этувчи куй-қўшиқлар йиғилганларга хуш кайфият бағишлади.

O‘zLiDeP Навоий вилоят кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    383
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+