Ҳамма ҳам юристмас, лекин ҳуқуқимизни билишга барчамиз ҳақлимиз

20.04.2023, 11:19

Ҳамма ҳам юристмас, лекин ҳуқуқимизни билишга барчамиз ҳақлимиз

ШУ МУНОСАБАТ БИЛАН ЯНГИЛАНАЁТГАН КОНСТИТУЦИЯДА МАЛАКАЛИ ЮРИДИК ЁРДАМГА МУҲТОЖ ФУҚАРОЛАР УШБУ ХИЗМАТНИ ДАВЛАТ ҲИСОБИДАН ОЛИШИ КАФОЛАТЛАНМОҚДА.

Қонун ва кодекслар тили мураккаблиги боис уни тушунишда муаммолар борлиги ҳеч кимга сир эмас. Бир нормани ҳуқуқшуносларнинг ўзи ҳар хил талқин қилган ҳолатлар ҳам учрайди ҳатто. Айни бир маъмурий ёки жиноий иш юзасидан дастлабки суд чиқарган ажрим кейинги суд томонидан ўзгартирилиши фикримиз далили бўлиши мумкин. Энг қизиғи, бундай ҳолатлар табиий жараён, яъни ҳақиқат баҳсларда юзага чиқиши билан оқланади.

Мазкур модданинг кейинги қисмларида бу борадаги меъёрлар янада аниқроқ ўз ифодасини топмоқда: “Ҳар бир шахс жиноят процессининг ҳар қандай босқичида, шахс ушланганида эса унинг ҳаракатланиш эркинлиги ҳуқуқи амалда чекланган пайтдан эътиборан ўз танловига кўра адвокат ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи айбловнинг моҳияти ва асослари тўғрисида хабардор қилиниш, унга қарши ёки унинг фойдасига гувоҳлик бераётган шахсларнинг сўроқ қилинишини талаб этиш, таржимон ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Қонунни бузган ҳолда олинган далиллардан одил судловни амалга ошириш чоғида фойдаланишга йўл қўйилмайди...”

Бундан шуни англаш мумкинки, ҳамма ҳам ҳуқуқшунос ва ҳар ким ҳам юридик маълумотга эга эмас. Аммо демократик давлатда яшар эканмиз, ҳар биримиз ўз ҳуқуқларимизнинг давлат томонидан ҳимоя қилинишини сўрашга, таъбир жоиз бўлса, талаб қилишга ҳақлимиз.

Хўш, давлат ҳисобидан малакали юридик ёрдам қандай кўрсатилади?

Авваламбор, ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар бериш, ҳуқуқий хусусиятдаги ҳужжатлар тузишга бевосита кўмаклашиш, шунингдек, судлар, давлат органлари ва бошқа ташкилотларда шахс ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш орқали амалга оширилади. Сўнгги уч йилда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш учун давлат бюджетидан 111,9 миллиард сўм сарфлангани бежиз эмас.

Ҳозир амалиётда мавжуд тартибга мувофиқ, бепул юридик ёрдам асосан жиноят процессуал қонунчилиги доирасида кўрсатилади. Фуқаролик ишлари, меҳнат низолари ва бошқа йўналишларда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилмайди. Конституцияга мазкур янгилик лар киритилса, нафақат жиноят ишлари доирасида, балки фуқаролик, меҳнат ва бошқа соҳаларда ҳам давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш мумкин бўлади.

Ҳар қандай шахс ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан чақирилганда ёки ушланганда бироз ўзини йўқотиб қўйиши мумкин. Бундай ҳолатда адвокат ёрдамидан фойдаланишни таъминлаш муҳим. Шу боис ушбу моддада адвокат ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқининг алоҳида белгиланиши ноқонуний ёки асоссиз айблов қўйилишидан, турли босимлардан муҳофазалайди. Шахс ўз танловига кўра, яъни истаса, адвокат ёрдамидан фойдаланади, истамаса, воз кечади. Борди-ю, бунга имкони бўлмаса, давлат ҳисобидан адвокат ажратилиши таъминланади.

Инсон ҳуқуқлари олий қадрият экани ҳақида сўз юритар эканмиз, айни ҳолатларга уйғун яна бир жиҳат тўғрисида ҳам мулоҳазаларни илгари суриш мақсадга мувофиқдир. Гап халқимизнинг азалий одати – кечиримлилик хусусида кетмоқда.

Давлат хато қилган фарзандини кечирувчи ота-она сингари ўз фуқароларига қайта имконият тақдим этиши таҳсинга сазовор эканига эътибор қаратмоқчиман. Бу фуқароларнинг давлатга бўлган ишончи ва меҳрини ҳис этишида дозарб аҳамият касб этади. Унинг Конституцияда мустаҳкамланиши эса ана шу эзгу мақсаднинг кафолатидир.

Жиноят қилганларни жазолашдан мақсад уларни қайта тарбиялаш, хатоларини англаб етишига шароит яратишдан иборат. Кўпчилик адашганидан ёмон йўлга қадам босади ёки жаҳл устида жиноятга қўл уради. Бироқ орадан сал вақт ўтгач, пушаймон бўлиб, ҳеч қачон бундай ишларни қайтармасликка виждонан аҳд қилади. Бундай инсонларни панжара ортида ушлаб туришдан наф йўқ. Озодликка чиқсин, сидқидилдан ишлаб, ота-онаси, яқинлари, маҳалла-кўй, жамият олдидаги айбини ювсин.

Янгиланаётган Конституцияга шундай ҳолатларнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришга хизмат қиладиган норманинг киритилаётгани фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини ишончли таъминлайди ҳамда одил судловдан фойдаланиш имкониятини кафолатлайди.

Шахсга қарши ёки унинг фойдасига гувоҳлик берган шахслар сўроқ қилиниши жоизлиги ҳамда таржимондан фойдаланиш ҳуқуқининг берилиши, биринчи навбатда, тергов ва суд тизимининг сифатини оширишга, айбсизлик презумпция сининг мустаҳкамланишига олиб келади.

Бунинг замирида нафақат кечиримлилик, балки юксак инсонпарварлик туйғуси ҳам мужассамдир. Негаки, афв этилган шахсларнинг оила аъзолари, яқинлари ҳам бундай муносабатдан баҳраманд бўлади. Адолатли жамиятда айбдорларни жазога тортишдан мақсад уларни янада қаттиқроқ жазолаш эмас, аксинча тўғри йўлга қайтариш, жамиятнинг тўлақонли аъзосига айлантиришдир. Шундай экан, ушбу меъёрни Конституция да аниқ белгилаб қўйиш барча учун манфаатли бўлади.

Афв этилган инсон ортида унинг яқинлари, оила-аъзолари, дўстлари, қариндошлари турганини унутмаслик керак. Кечиримлилик орқали кўплаб кишиларнинг нозик кўнглида давлатга нисбатан ишончни мустаҳкамлаш мумкин. Бу каби ишлар тизимли, давомий бўлиши учун эса унинг ҳуқуқий асоси Конституцияга киритилиши жуда муҳимдир.

Қаҳрамон ЭРГАШЕВ,

 Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    379
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+