O‘zLiDePнинг халқаро ташаббуслари

02.05.2023, 11:49

O‘zLiDePнинг халқаро ташаббуслари

Осиё сиёсий партиялари халқаро конференцияси (ICAPP) Осиё минтақасининг 370 дан ортиқ сиёсий партияларини бирлаштириб, минтақавий ва глобал долзарб масалалар давлатларнинг етакчи сиёсий партиялари даражасида муҳокама қилинадиган, фикр ва тажриба алмашиладиган нуфузли платформадир. Сўнги йилларда O‘zLiDeP билан мазкур тузилма ўртасидаги халқаро ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашди.

ICAPP Доимий қўмитасининг 2021 йил 3 сентябрда бўлиб ўтган 36-йиғилишида микро, кичик ва ўрта корхоналарда COVID-19 оқибатида юзага келган иқтисодий инқироздан иқтисодиётни тиклашга кўмаклашиш мақсадида ICAPPнинг шўба органи сифатида Ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди. Ушбу ғояни амалга ошириш доирасида Пусан ​​шаҳрида (Корея Республикаси) шу кунларда ICAPP Ишбилармонлар кенгашининг “Иқлим инқирози даврида Осиё бизнеси имкониятлари ва муаммолари” мавзуида биринчи йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Унда партиямиз вакилларидан - O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раис ўринбосари Сардор Ғиёсов, партия фаоли тадбиркор Ифтихор Зиёев иштирок этаяпти.

Партиямизда ICAPP Ишбилармонлар кенгаши йиғилишининг танланган мавзуси долзарб ҳисобланади. Зеро, дунё мамлакатлари барқарор ривожланиш истиқболини белгиловчи аниқ тавсияларга муҳтож. Бундан ташқари, O‘zLiDeP вакилларининг фикрича, иқлим инқирозига тоза ва самарали энергияни рағбатлантириш мақсадида жаҳон иқтисодиётини ислоҳ қилиш имконияти сифатида қараш муҳим.

O‘zLiDeP фаоллари ICAPP Ишбилармонлар кенгашида сўзлаган нутқларида иштирокчилар эътиборини сиёсий партиялар нафақат бугун, балки келажак авлодлар ҳақида ҳам ўйлаши лозимлигига қаратди. O‘zLiDeP “яшил иқтисодиёт”га ўтиш стратегиясини амалга ошириш орқали энергия ва ресурсларнинг энергия сиғимини камайтириш, ишлаб чиқаришга иқтисодий технологияларни кенг жорий этиш, қайта тикланадиган технологиялардан фойдаланишни кенгайтириш, атом энергетикасини ривожлантириш тарафдори.

Партиямиз қайта тикланувчи ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда электр энергияси ишлаб чиқариш улушини кўпайтиришни, ишончли, хавфсиз, тежамкор ва самарали электр энергияси манбаларини таъминлашни муҳим, деб ҳисоблайди. Муҳокама чоғида O‘zLiDeP вакиллари қувватларни кенгайтириш, ишлаб чиқаришни модернизация ва диверсификация қилиш орқали электр энергияси ишлаб чиқаришни кўпайтиришга эътибор қаратиш муҳимлигини таъкидладилар.

ICAPP Ишбилармонлар кенгаши йиғилишида O‘zLiDeP вакиллари янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасини қабул қилиш бўйича умумхалқ референдуми жараёни натижалари, ташаббускорларидан бири мамлакат парламентидаги O‘zLiDeP фракцияси фаолиятига оид саволларга жавоб берди. Булар, хусусан, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни кучайтириш, “ижтимоий давлат” тамойили ва бошқаларни амалга ошириш, алоҳида экологик стандартларга оид янгиликларни қамраб олди. Янгиланган Конституцияда табиий ресурслар, жумладан, сув ҳавзалари ва ер ости бойликларини муҳофаза қилиш талаблари мустаҳкамланган, шунингдек, Оролбўйи ҳудудининг экологик тизимини муҳофаза қилиш ва тиклаш, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар кўриш кафолатланган.

Шунингдек, тадбирда O‘zLiDeP вакиллари қатор халқаро ташаббусларни илгари сурди. Бу, айниқса, кичик ва ўрта бизнесда водород энергетикаси инфратузилмасини амалга ошириш ва барпо этиш механизмлари ҳақида маълумотларнинг етарли эмаслиги билан боғлиқ. Шу боис Ишбилармонлар кенгаши таркибида водороддан фойдаланиш соҳасида тажриба, технология ва сармоя алмашинувини ташкил эта оладиган маслаҳат органини тузишга эҳтиёж мавжуд.

Шунингдек, O‘zLiDeP вакиллари Ишбилармонлар кенгаши ҳузурида турли форум ва кўргазмалар ташкил этиш имкониятларини кўриб чиқиш ташаббуси билан чиқдилар. Бу иштирокчи давлатларнинг ташқи савдо айланмасини кенгайтиришга қаратилган инновацион лойиҳалари билан ишбилармон доиралар вакилларини бирлаштиради.

Хулоса қилиб айтганда, ташкил этилган ICAPP Ишбилармонлар кенгаши йирик бизнес ҳамжамиятлари ўртасидаги тармоқларни кенгайтириш орқали минтақада бизнесни ривожлантириш ҳамда потенциал бизнес ва тижорий ҳамкорликка кўмаклашишда сиёсий партияларнинг ролини кенгайтиришга хизмат қилади. Шундай қилиб, ICAPP партиялараро ҳамкорлик орқали иқтисодий ривожланишнинг инновацион йўлига, рақобатни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашга, тадбиркорлик фаолияти учун тенг имкониятлар яратишга ёрдам берувчи рақобатбардош Осиё бозорини шакллантиришга ҳисса қўшади.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    784
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+