Шавкат Мирзиёев андижонлик сайловчилар билан учрашди

14.06.2023, 22:36

Шавкат Мирзиёев андижонлик сайловчилар билан учрашди

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 14 июнь куни Андижон вилояти сайловчилари билан учрашув ўтказди.

Тадбирни номзоднинг Андижон вилояти бўйича ишончли вакили Ўктамжон Ахунов очди. У ўз сўзида Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида сўнгги олти ярим йилда вилоятда амалга оширилган ишларнинг натижадорлиги, аҳоли фаровонлиги, иқтисодиёт тармоқлари ривожи ҳақида айтиб ўтди.

Хусусан, ушбу давр мобайнида ялпи ҳудудий маҳсулот 1,5 марта ўсиб, 54 триллион сўмдан ошган, аҳоли жон бошига 15 миллион сўмдан ошган. Саноат тармоқларида 9 мингга яқин янги корхона ташкил этилиб, ишлаб чиқариш ҳажми 2,5 марта кўпайган. Экспорт 5 баробар ўсиб, 1 миллиард 200 миллион долларга етган. 472 та кўп қаватли уй барпо этилиб, 20 минг оиланинг турмуш шароити яхшиланган.

Учрашувда Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастури юзасидан маъруза қилди. Унда, аввало, аҳоли саломатлигини сақлаш масаласига устувор аҳамият қаратилди.

Тиббий хизмат сифатини ошириш ва уни одамларга янада яқин қилиш орқали, юртимизда ўртача умр давомийлигини ҳозирги 73 ёшдан келгусида 78 ёшга етказиш мақсад қилинмоқда. Номзод бунинг учун “Аҳоли саломатлиги – 2030” миллий дастурини қабул қилиб, келгуси етти йилда бунга 5 миллиард доллар инвестиция жалб қилинишини айтди.

Бунда аҳоли энг кўп мурожаат қиладиган бирламчи бўғин ривожлантирилади. Келгуси етти йилда туман ва шаҳарларда 700 та янги поликлиника ташкил этилади. Бу орқали 3 миллион аҳоли учун бирламчи тиббий хизматлар янада яқинлашади. Илк бор бирламчи бўғинда буйрак касалликлари скрининги ташкил этилади. Вилоят шифохоналарида 400 турдаги янги даволаш ва диагностика усуллари йўлга қўйилади. Тиббиёт таълими ҳам такомиллаштирилади.

Номзод учрашувда Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича режаларини ҳам баён қилди.

Қайд этилганидек, бунда аҳолини қийнаётган долзарб масалаларга асосий эътибор қаратилади. Андижонда 2030 йилга қадар 3 мингта кўп қаватли уй барпо этилиб, 100 минг оила янги уй-жойли бўлади. 427 та маҳаллада 600 минг аҳоли марказлашган ичимлик сув билан таъминланади, 1 миллион аҳоли учун сув таъминоти яхшиланади. 6 минг километр электр тармоғи тортилиб, 5 минг километр ички йўллар таъмирланади. 290 миллион доллар эвазига “Андижон – Фарғона – Қўқон – Наманган – Андижон” темир йўл ҳалқаси тўлиқ электрлаштирилади.

Таълим-тарбия сифатини яхшилаш мақсадида 1,5 мингта давлат ва хусусий боғчалар, жами 20 минг ўринли янги мактаблар барпо этилади. 6 та янги олийгоҳ ташкил этилиб, уларда 30 дан ортиқ янги йўналишлар очилади.

Шавкат Мирзиёев Андижон вилояти иқтисодиётини ривожлантириш имкониятларини ҳам кўрсатиб ўтди. Хусусан, 2030 йилга бориб, вилоятда саноат ҳажмини ҳозирги  5 миллиард доллардан 13 миллиард долларга етказиш мўлжалланган. Умуман, вилоятда келгуси етти йилда жами 17 миллиард долларлик 9 мингта инвестиция лойиҳасини амалга ошириб, 500 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилиши қайд этилди. Бу саноат ҳажмини 170 триллион сўмга етказиш, вилоят экспортини эса 4 карра ошириб, 5 миллиард долларга олиб чиқиш имконини беради.

Бундан ташқари, учрашувда аҳолини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, маҳалла тизими имкониятларини кенгайтириш, сув ва ер ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича аниқ режа ва мақсадлар билдирилди. Номзод ҳар бир ташаббус ва режаларнинг аниқ ҳисоб-китоби ва манбаси борлигини таъкидлаб, булар асосида вилоятни 2030 йилгача ривожлантириш дастури қабул қилиниши ва унга жами 25 миллиард доллар йўналтирилишини айтди.

Учрашув сўнгида партия вакиллари ва таклиф этилган меҳмонлар сўзга чиқдилар. Улар сайловолди дастуридан ўрин олган ҳар бир ташаббус вилоят аҳолисининг турмуш фаровонлигини янада оширишга хизмат қилишини таъкидлаб, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

Теглар
Сайлов 2023
  • Кўрилди
    812
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+