Ишончли вакил нукуслик сайловчилар ҳузурида

16.06.2023, 15:56

Ишончли вакил нукуслик сайловчилар ҳузурида

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги ишончли вакили Байрамбай Отемуратов Нукус тумани сайловчилари билан учрашди. Унда ҳудуд фаоллари, туман Кенгаши депутатлари,  фаол хотин-қизлар, ёшлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Учрашувда ишончли вакил сайловчиларга номзоднинг сайловолди дастури, бешта устувор мақсадни ўз ичига олган асосий йўналишлари бўйича батафсил маълумотлар бериб ўтди.

Дастурдаги биринчи мақсад ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароит яратишга қаратилган чора-тадбирларни ўз ичига олади.

Маълумки, Янги Ўзбекистон ижтимоий давлат, деб эълон қилинди. Хусусан, янгиланган Конституциямизда давлатнинг ижтимоий мажбуриятлари 3 баробар кўпайтирилди. Конституциявий қоида ва талаблардан келиб чиқиб, адолатли ижтимоий сиёсатни юритиш – Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг асосий омилларидан бири этиб белгиланган. Бинобарин, биринчи мақсаддаги вазифалар таълим, тиббиёт ва аҳоли фаровонлигини таъминлаш бўйича давлат ўз мажбуриятларини бажариши йўналишидаги ислоҳотлар янги босқичга олиб чиқилишига хизмат қилади.

Одамларни ҳаётдан рози қилиш учун барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш эса, дастурда иккинчи мақсад сифатида белгиланган.

 Унга кўра, 2030 йилга бориб аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот ҳажмини ҳозирги 2 минг 200 доллардан 4 минг долларга ошириш, Ўзбекистоннинг “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига киришига катта эътибор қаратилиши баён қилинган.

Сайловолди учрашувида Янги Ўзбекистонни барпо этишда ана шу беш мақсад – беш устунга зарурат борлиги, улар ўз-ўзидан ёки шунчаки танланмагани, уларни таъминлаш билан кўзланган мақсадимизга эришишимиз мумкинлиги ҳамда бу нафақат келгуси етти йилда бош вазифамиз бўлиши, яқин келажакда ҳам ҳал қилувчи ўрин тутиши таъкидланди.

Айниқса, бизнесни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорларга эркин фаолият юритиши учун энг қулай шароитлар яратиш ишлари янада давом эттирилиши, мазкур соҳа вакилларига бир қатор қулайлик ва имкониятлар яратиш вазифаси белгиланаётгани аҳамиятлидир.

Сўзга чиққанлар тадбир иштирокчиларини халқимиз фаровонлиги йўлида тинмай изланаётган, Янги Ўзбекистонни барпо этишга ўз ҳаётини бағишлаган фидойи инсон, юртимизда учинчи Уйғониш даврини бошлаб берган давлат арбоби Шавкат Мирзиёев учун овоз беришга чақирдилар.

Теглар
Сайлов 2023
  • Кўрилди
    449
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+