Марказий Осиё ва Кўрфаз давлатлари ўртасидаги ишончли ва узоқ муддатли ҳамкорликни қўллаб-қувватлаймиз

21.07.2023, 09:35

Марказий Осиё ва Кўрфаз давлатлари ўртасидаги ишончли ва узоқ муддатли ҳамкорликни қўллаб-қувватлаймиз

Ҳеч муболағасиз айтишим мумкинки, мамлакатимиз ташқи сиёсатда мисли кўрилмаган даражада муваффақиятларга эришмоқда ва бунда яқиндагина Президентлик лавозимига киришган Шавкат Мирзиёевнинг улкан хизматлари мужассам. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг “Кўрфаз араб давлатлари – Марказий Осиё” олий даражадаги биринчи саммитидаги иштироки ва унда нутқ сўзлаши бугун кенг жамоатчилик ва халқимизни жуда мамнун этмоқда. Чунки Марказий Осиё ва Кўрфаз минтақаси халқларини азалдан яқин савдо алоқалари, муштарак қадрият ва урф-одатлар, энг муҳими, муқаддас ислом динимиз чамбарчас боғлаб туради. Бу яқинлик асрлар оша фан, маданият, маърифат ва бошқа соҳаларда бир-бири билан чамбарчас боғланиб кетганки, яқинда ўтказилган саммит бу алоқаларни янада мустаҳкамлашга ҳуқуқий асос яратди.

Президентимизнинг саммитдаги нутқида Ўзбекистоннинг Кўрфаз мамлакатлари билан алоқалари янги босқичга кўтарилганини мамнуният билан таъкидлаб, бугунги кунда юртимизда етакчи компания ва банклари билан амалга оширилаётган умумий лойиҳалар портфели 20 миллиард доллардан ортганини мамнуният билан эътироф этди. 

Нутқда Шавкат Мирзиёев алоқаларни 5 та йўналиш бўйича ривожлантириш ҳақидаги фикрни олға сурди. Биринчиси — сиёсий соҳада кенг қамровли алоқаларни турли форматларда ривожлантириш, иккинчи йўналиш – юқори технологиялар ва инвестициялар соҳасидаги ҳамкорлик, учинчи йўналиш – савдо ва транспорт боғлиқлигини кучайтириш, тўртинчи йўналиш – экология ва иқлим ўзгаришлари масаласи ва бешинчи йўналиш – туризм соҳаси яъни Кўрфаздан сайёҳлар сонини кўпайтириш мақсадида бу давлатлар аҳолисига визасиз тартибни жорий этишга қаратилди.

Ҳақиқатдан ҳам бугунги кунда туризм соҳаси мамлакат иқтисодиётига катта ҳисса қўшадиган тармоқлардан бирига айланиб улгурди. Диёримизнинг Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларида йилдан йилга туристлар сони ортиб бораётганликда кузатиш мумкин. Шу сабабли ҳам Президентимиз ушбу соҳага бежизга алоҳида эътиборларини қаратиб ўтмадилар.

Давлатимиз раҳбари “Кўрфаз – Марказий Осиё” ягона визасиз сайёҳлик маконини ва туристлар учун мўлжалланган замонавий кластерларни яратиш, қўшма туристик маҳсулотларни кўпайтириш айни муддао бўлишлигини таъкидлади.

Бундан ташқари минтақаларимиз етакчи сайёҳлик операторлари форумини 2024 йилда Ислом дунёси туризм пойтахти, деб эълон қилинган Хива шаҳрида ўтказишни таклиф этилди. Шунингдек, гуманитар йўналишда давлатларимизда миллий маданият ҳафталиклари, маданий мерос кўргазмаларини ташкил этиш орқали биродар халқларимизни янада яқинлаштириш ҳақида фикр билдирилди. Чунки ҳозир Ўзбекистонда юз мингдан зиёд нодир қўлёзмалар сақланмоқда. Бу борада Ўмон Султонлиги кўмагида пойтахтимизда йирик лойиҳа амалга оширилгани қувонарлидир.

Бир сўз билан ифодалаганда, биз депутатлар “Кўрфаз араб давлатлари – Марказий Осиё” олий даражадаги биринчи саммитни ва унда қабул қилинган ҳужжатларни ҳаётга татбиқ этилишида ўз ҳиссамизни қўшамиз ва кейинги саммитни мамлакатимизда ўтказилишини мамнуният билан қўллаб-қувватлаймиз.

Дилбар Усмонова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг халқаро
ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси.

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    364
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+