Озиқ-овқат хавфсизлиги борасида белгиланаётган вазифалар туб ислоҳотлар мантиғига мос ва ҳамоҳангдир

16.08.2023, 11:37

Озиқ-овқат хавфсизлиги борасида белгиланаётган вазифалар туб ислоҳотлар мантиғига мос ва ҳамоҳангдир

Халқимиз, давлатимиз Янги Ўзбекистонни жадаллик билан бунёд этмоқда.  Барча соҳалар Президентимиз илгари сурган “Инсон қадри учун” тамойили асосида тубдан ислоҳ қилиняпти.

Хусусан, кейинги етти йил мобайнида Президентимиз Шавкат Мирзиёев саъй-ҳаракатлари туфайли мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга бўлган ёндашувлар мутлақо ўзгарди, давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Мамлакатимизда, жумладан,  маҳсулот ишлаб чиқариш ва импорт қилиш даражалари оқилона уйғунлаштириляпти,  бу йўналишда аҳоли учун кафолатланган имкониятлар яратиляпти, халқаро ҳамкорлик алоқалари ривожлантириляпти, даврий равишда янгиланиб турадиган озиқ-овқат захирасини яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти. Ўз навбатида, катта  ишлар салмоқли натижалар беряпти. Мисол тариқасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми қарийб икки баробар ортгани, сифати ҳам яхшиланганини қайд этиш зарур.  Мамлакатимизда эндиликда йилига 20 миллион тоннадан ортиқ мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириляпти. Сўнгги йилларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақловчи юзлаб катта сиғимли, замонавий омборлар барпо қилингани ҳам эътиборга молик. Шунинг баробарида ҳозирда 180 дан ортиқ турдаги қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари 80 дан ортиқ давлатга экспорт қилиняпти. Яна бир эътиборли жиҳати, қишлоқ хўжалигида кластер усули йўлга қўйилиб, у кенг қулоч ёзяпти.

Жорий йилда 8,1 млн. тонна бошоқли дон, 528 минг тонна шоли, 12,2 млн. тонна сабзавот, 2,5 млн. тонна полиз маҳсулотлари, 4,1 млн. тонна картошка, 3,1 млн. тонна мева ва 2 млн. тонна узум етиштирилиши кутилмоқда.

Республикамиз ўзининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш баробарида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш орқали хорижий давлатлар озиқ-овқат таъминотига муайян ҳисса қўшиб келаётгани халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилаётир. Масалан, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида “Минг йиллик ривожланиш мақсадларига эришгани учун” махсус мукофотига сазовор бўлган дунёдаги 14 та давлат орасида Ўзбекистон ҳам борлигини таъкидлаш жоиз. 

Талай ютуқлар қўлга киритилган бўлса-да, соҳага эътибор заррача сусаймаётгани, озиқ-овқат хавсизлиги масаласи доимо давлатимиз раҳбари диққат марказида экани алоҳида диққатга лойиқ. Ўтган ҳафтада Бухоро шаҳрида Президентимиз раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида  озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш орқали нарх-наво барқарорлигини сақлаш масаласи атрофлича муҳокама қилингани ҳам фикримизни тасдиқлайди.

Йиғилишда давлатимиз раҳбари бу борада янги ташаббусларни билдирди. Энди дастлабки босқичда 10 йил муддатга ажратилган 73 минг гектар майдоннинг ижара муддатлари 30 йилга узайтириб берилади. Бўш турган 100 минг гектар яйловларни чорваси бор аҳоли камида 10 гектардан 10 йил муддатга ижарага олишига рухсат берилади. “Ижтимоий ҳимоя реестри”га киритилган эҳтиёжманд аҳолига ер майдонлари беришда улар ер учун барча тўловлардан озод қилинади. Шунингдек, талабгор топилмаган майдонлар сувли ва аҳолига яқин ерларга алмаштирилади, янги экин жойлари очиқ-ошкора савдога чиқарилади.

Мажлисда бу борада бошқа вазифалар ҳам белгиланди. Буларнинг ҳаммаси ҳалол ишлайман, ўзимни ҳам, оиламни ҳам боқаман, эл-юртга фойда келтираман деган одамлар учун айни муддаодир. Бу чора-тадбирлар қишлоқларимиздаги меҳнаткашларнинг хоҳиш-истаклари ифодаси бўлиб, одамларнинг деҳқончилик, чорвачилик билан шуғулланишга иштиёқини каррасига оширади. Айтайлик, ер ижараси муддатининг 3 баробарга оширилиши  деҳқонларнинг келажакка ишончини мустаҳкамлайди, ҳеч бир хавотирсиз заминга сармоя, меҳнат сарфлашига йўл очади. Бинобарин, мажлисда тилга олинган ишлар ҳисобига 1 миллион тонна маҳсулот етиштириб, қўшимча 800 минг аҳолини даромадли қилиш мумкинлиги айтилганида ҳеч бир муболаға йўқ.  

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасидан озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилувчи муҳим вазифалар  ўрин олгани, бу йўналишдаги мақсадлар  аҳоли, турли ташкилотлар, шу жумладан, партиямиз фаоллари томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалар билан бойитилиб, такомиллаштирилаётгани ҳам соҳага бўлган катта эътибордан далолатдир.  Зеро, озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи барча давлатлар қатори Ўзбекистоннинг ҳам мустақиллиги, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий барқарорлигини таъминлаш гарови ҳисобланади.

Пировардида шуни айтишни истардикки, яқин истиқболда Ўзбекистоннинг ўртача даражадан юқори даромад оладиган мамлакатлар қаторига кириши  мақсад қилинган. Бу эса, хусусан, озиқ-овқат истеъмолининг тегишли тарзда ўзгаришига олиб келади. Демак, бу борада белгиланаётган вазифалар олиб борилаётган ислоҳотлар мантиғига тўла ҳамоҳангдир. 

Дилшод Шоумаров,

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия

қўмитаси раиси ўринбосари

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    688
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+