Қашқадарёлик ишбилармон аёллар сараланди

18.08.2023, 17:17

Қашқадарёлик ишбилармон аёллар сараланди

Қарши шаҳридаги “Насаф” ўйингоҳи мажлислар залида “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” шиори остида “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг республика ҳудудий босқичи бўлиб ўтди.

Дастлаб вилоятнинг шаҳар ва туман босқичларида ғолибликни қўлга киритган ишбилармон аёллар хусусий тадбиркорлик, фермерлик, маҳаллий ишлаб чиқариш, ҳунармандлик соҳасидаги салоҳиятларини намойиш этдилар. Тадбирда улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди. Иштирокчилар ўзлари тайёрлаган маҳсулотларни намоён этиш баробарида ишбилармонлик салоҳияти, маҳсулотларнинг рақобатбардошлиги ва экспортбоплиги, инновацион технологияларни қай тариқа ишлаб чиқаришга жорий этиш борасидаги амалий ишлари ҳақида тўпланганларга сўзлаб бердилар. Ғолибларни аниқлашда иштирокчиларнинг хотин-қизлар учун янги иш ўринлари яратганлиги, экспортга йўналтирилган ёки импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослашганлиги, замонавий технологияларни амалиётга татбиқ этганлигига алоҳида аҳамият қаратилди.

Эътироф этмоқ лозимки, партия томонидан 2016 йилдан буён ўтказиб келинаётган мазкур кўрик-танловда тўрт мингга яқин қашқадарёлик хотин-қизлар иштирок этган бўлиб, мингдан ортиғи ҳозирги кунда воҳанинг таниқли ишбилармон аёллари саналишади.

Баҳолаш жараёнида кўп тармоқли ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва доимий иш ўринлари яратишдаги фаоллиги, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги ташаббуслари эътиборга олинди. Иштирокчилар орасидан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами бўлган ногиронлар, қаровчиси кексалар, кам таъминланган оилаларга моддий, маънавий жиҳатдан ғамхўрлик қилган, тадбиркорлик ва фермерлик фаолиятини ривожлантириш мақсадида янги инновацион лойиҳалардан самарали фойдаланган ҳолда “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, “Темир дафтар”га киритилган фуқароларни иш билан таъминлаган ишбилармон аёллар танлаб олинди.

Биринчи ўрин Шаҳрисабзлик ишбилармон аёл Фарида Яллақодировага насиб этди. Иккинчи ва учинчи ўринларга Қарши туманидаги “Нисо голд сервис” МЧЖ директори Хайринисо Қурбонова ҳамда Қамаши туманидаги “Мироншоҳ ва Иброҳимжон” масъулияти чекланган жамият раҳбари Шоира Эркаевалар сазовор бўлишди.

Ғолиб ва совриндорларга танлов ташкилотчиларининг диплом, ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

Бир сўз билан айтганда, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожланишида тадбиркор ва фермер хотин-қизларнинг фаол иштирокини таъминлаш, юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ислоҳотлар моҳиятини аёллар ўртасида кенг тарғиб қилишда “Ишбилармон аёл” кўрик-танлови муҳим аҳамият касб этаётир.

  • Кўрилди
    532
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+