Янги Ўзбекистонни барпо этишда азм-у шижоатли ёшларимизни халқимизнинг чинакам таянчи ва суянчи, деб биламиз!

21.08.2023, 15:08

Янги Ўзбекистонни барпо этишда азм-у шижоатли ёшларимизни халқимизнинг чинакам таянчи ва суянчи, деб биламиз!

Маълумки, тарихда биронта халқ, бирон-бир миллат ўз мустақиллигини ҳеч қачон осонлик билан қўлга киритмаган. Шу билан бирга, истиқлолга эришиш ва унинг неъматларидан фойдаланиш бир кун ва ҳатто, бир неча йил давомида амалга ошмаган. Ўз юртининг озодлиги ва халқининг бахт-соадати учун ҳаёт-мамот жангларида жонини қурбон қилган аждодларимизнинг муқаддас номларини ғурур билан тилга оламиз. Тўмарис, Широқ, Спитамен, Нажмиддин Кубро, Темур Малик, Жалолиддин Мангуберди, Маҳмуд Таробий, Амир Темурлар босқинчиларга қарши озодлик учун кураш олиб бордилар ва авлодлар хотирасида абадий сақланиб қолдилар.

Бугунги кунда Ўзбекистон аҳолиси умумий сонининг 60 фоизидан ортиғини – мутақиллик фарзандлари бўлмиш шижоатли, ҳурфикр қарийб 18 миллион ёш фуқаролар ташкил этмоқда. Шу боис, ёшлар масалалари давлат сиёсатида стратегик аҳамият касб этади. Ёшлар таълими ва тарбияси, кадрлар тайёрлаш ҳамда ўғил-қизларимизни ҳар томонлама етук, билимли, салоҳиятли шахс сифатида камол топтириш ўттиз бир йиллик тарихимизда тизимли равишда такомиллаштирилиб келинмоқда.

Хусусан, охирги 7 йилда ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган 50 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Мустақиллик йилларидан бошлаб Ўзбекистонда ёшлар ташкилоти ўз фаолиятини олиб бормоқда. Ёш авлод вакилларининг ижтимоий ҳаракати ўз атрофида миллионлаб фаол ёшларни бирлаштира олди.

Қайд этиш жоизки, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раҳбарлигининг илк кунларидан ёшлар сиёсатида ҳам янгича ёндашув ва муносабатни илгари сурдилар. Бу йўналишга энг устувор аҳамият қаратиб, биринчи имзолаган ҳужжатлари ҳам “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун бўлди.

Мазкур қонунда Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаб берувчи ижтимой, иқтисодий, ҳуқуқий ва ташкилий чора-тадбирлар ўз аксини топди.  Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этувчи ҳар бир субектнинг ваколатлари аниқ белгиланди.

Шу билан бир қаторда, Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини
2025 йилгача ривожлантириш концепсияси, 2019-2023 йилларга мўлжалланган “Жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш концепсияси, 2020-2025-йилларга мўлжалланган Китобхонликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастур” доирасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар эса, ёшлар масалалари ва уларни қийнаётган муаммоларни бевосита давлат даражасида кўриб чиқиш ва ҳал этиш имконини таъминламоқда.

Таъкидлаш жоизки, бугунги замонавий тенденсиялар ёш авлоднинг  ҳаётий ва ахлоқий қадриятларига бевосита таъсир кўрсатади. Мазкур вазиятда ёшларни тараққиёт иштирокчиси қилиш орқали уларда ислоҳотлар моҳиятини тушуниш, имкониятларни қадрлаш ҳиссини шакллантиришимиз мумкин.

Президентимиз ҳам ёшлар бугунги ислоҳотларнинг кузатувчиси эмас, талаба, ёш олим, давлат хизматчиси, тадбиркор, спортчи сифатида уларнинг иштирокчиси бўлишларини ҳамда ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқаришда фаол иштирок этишини таъминлашга эътибор қаратмоқдалар. Зеро, “Биз Янги Ўзбекистонни барпо этишда азм-у шижоатли ёшларимизни халқимизнинг чинакам таянчи ва суянчи, деб биламиз!”

Отабек Собитов,

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси бўлим мудири,

Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти раиси ўринбосари

  • Кўрилди
    425
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+