Сурхоннинг янги ташаббускор, тадбиркор аёллари кашф қилинди

21.08.2023, 16:31

Сурхоннинг янги ташаббускор, тадбиркор аёллари кашф қилинди

Термиз шаҳридаги Ёшлар марказида мустақилликнинг 32 йиллигига бағишлаб “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” шиори асосида O'zLiDeP Сурхондарё вилояти Кенгаши, шунингдек, Савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармаси, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамкорлигида “Ишбилармон аёл-2023” кўрик-танловининг Республика ҳудудий босқичи ўтказилди.

Унда танловнинг шаҳар ва туман босқичларида ғолиб бўлган фермер, тадбиркор, ҳунарманд хотин-қизлар иштирок этди.

Хотин-қизларни оилавий тадбиркорликка, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерликка жалб этиш ҳамда бандлигига кўмаклашиш орқали ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, иқтидорларини рўёбга чиқариш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган кўрик-танлов ўнлаб ишбилармон аёлларни кашф этиб келмоқда.  Бу йилги кўрик-танловда ҳам янги қиёфалар, янги ташаббускор, ҳунарманд ва тадбиркор аёлларимиз кўплигига амин бўлдик.

Тадбир аввалида, танловнинг туман ва шаҳар босқичларида ғолиб бўлган 15 нафар иштирокчи томонидан келтирилган маҳсулотларининг кўргазмаси ташкил этилди. Улар орасида полиз экинларидан тортиб қандолат маҳсулотларигача, тикувчилигу, гул савдоси, ёғоч ўймакорлиги, гиламдўзлик билан ҳам ўзининг, ҳам атрофидаги кўплаб аёлларнинг рўзғорини обод қилаётган ғайратли хотин-қизларимизнинг ҳам қўл меҳнатлари, ишлаб чиқарган маҳсулотлари намойиш қилинди.

— Қумқўрғон туманидаги «Меҳрабод» маҳалласида неча йилдирки, гулчилик, тикувчилик билан шуғулланиб, кўплаб шогирдлар орттирдим, — дейди «Begoyim Nafosat» хусусий корхонаси раҳбари Нилуфар Мусурмонова. — Ҳозирда табиий гуллар билан биргаликда, сунъий гуллардан ҳам декоратив буюмлар ясаб, сотаяпмиз. Бугунги кунда бу маҳсулотларимиз ҳам хоридоргир. Қолаверса, 2 та тикувчилик цехи ҳам очганмиз. Яна яқинда тўқув иплари ёрдамида қўғирчоқлар ясашни ҳам йўлга қўйдик. Шу ишларни орқасидан маҳалладаги 50 нафар кишини иш билан таъминладим. Уларнинг аксарияти дафтарда рўйхатда турадиган аёллар ва ёшлардан иборат. Келгусида туманимизда ҳунармандчилик маркази очишни ҳам режалаштирганмиз. Бугун ана шу тайёр маҳсулотларим билан «Ишбилармон аёл-2023» кўрик-танловида биринчи бор иштирок этдим. Албатта, партиянинг биз каби тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаётгани бизга янада куч ва шижоат бағишлайди.

Тадбир давомида ҳамкор ташкилотлар масъулларидан таркиб топган ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларнинг фаолиятига оид ролик, тегишли ҳужжатлар билан танишишди. Шундан сўнг, ҳар бир номзод ўзининг ишлаб чиқараётган маҳсулоти, унинг сифати, яратган иш ўрни ва сотуви, экспорт ҳажми ҳақида маълумот беришди. Ҳакамлар ҳайъати эса уларни белгиланган низом асосида одилона баҳолаб боришди.

Натижаларга кўра, Музработ туманидаги «Тилов Ҳожи» кўп тармоқли фермер хўжалиги раиси Шоира Тиловова кўрик-танловнинг ҳудудий республика босқичи ғолиби деб топилди.

— 100 гектар майдонни эгаллаган фермер хўжалигимиз асосан, пахта ва ғалла етиштиришга мўлжалланган бўлса-да, қўшимча равишда бошқа тармоқларни ҳам йўлга қўйганмиз, — дейди «Тилов Ҳожи» фермер хўжалиги раҳбари Шоира Тиловова. — Яна хўжалигимизда дуккакли экинлардан мош, ловя, гуруч етиштирилади. Бундан ташқари, иссиқхона ҳам ташкил қилиб, унда сабзавотлардан помидор, бодринг, булғор қалампири ҳам етиштирилади. Яна тикувчилик цехи ҳам очиб, унда 12 нафар киши меҳнат қилмоқда. Фермер хўжалигимизда эса 70 дан ортиқ киши иш билан банд. O'zLiDeP томонидан ўтказилган мазкур кўрик-танловда ғолибликни қўлга киритдим ва бундан жудаям қувондим. Мендек бир қишлоқ аёлининг меҳнатини қадрлаб, муносиб баҳо беришгани менга бошқача мотивация берди. Бугун шундай  аёл тадбиркорлари қўллаб-қувватланаётган жамиятда яшаётганимдан фахр туйдим.

Кўрик-танловда «Saodat Denov Textile» хусусий корхонаси раҳбари  Зарина Тошмуратова 2-ўринга, «Begoyim Nafosat» хусусий корхонаси раҳбари Нилуфар Мусурмонова 3-ўринга муносиб кўрилди. Ғолиблар диплом ҳамда пул мукофоти билан, қолган иштирокчилар ҳам ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

O'zLiDeP Сурхондарё вилояти Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    459
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+