Ёш тадбиркорлар учун янги имкониятлар

22.08.2023, 10:53

Ёш тадбиркорлар учун янги имкониятлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 18 август куни республикамиздаги энг илғор ва ташаббускор тадбиркорлар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотда юртимизда тадбиркорликни янада ривожлантириш бўйича янгиликларни тақдим этиш билан бирга ёшларга мотивация берди.

“Тадбиркорлик жуда оғир. Улар билан гаплашсангиз, экспорт қилиш, бозор топиш азоб дейди. Улар кўп ўз устида ишлайди. Дунёни кезиб, ўрганиб келади. Уларга таъзим қилиб, раҳмат дейман. Сиз тадбиркорларга ҳавас қилиб, ҳар куни ўз устингизда ишланг. Мотивация фақат билим. Изланишдан, ўзингизни қийнашдан чарчаманг. Шунда Президент сизни ҳар доим қўллаб- қувватлайди.”, дея таъкидлаган сўзлари барча ишбилармон ёшларимизни янада руҳлантириб юборди, десак муболаға бўлмайди.

Сўнги етти йилликда ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, ёшлар бизнесини йўлга қўйиш учун Президент фармони билан “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси ташкил этилди. Ёшларга ушбу йўналишда билим ва кўникма ҳамда зарур маслаҳат бериш бўйича консалтинг хизматларини кўрсатувчи 20 та “Ёш тадбиркорлар коворкинг марказлари” ташкил этилди.

Ёш тадбиркорлар ўз фаолиятини амалга оширишлари учун 244 та “Ёшлар меҳнат гузари” комплекслари фойдаланишга топширилиб,  уларда жами 2 589 та янги иш ўринлари яратилди.

 “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури доирасида эса, 8 635 та бизнес лойиҳага жами 1 триллион 858 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилиб, 42 421 та янги иш ўринлари яратилди.

Бундан ташқари, ҳудудларда ташкил этилган 199 та “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари”да 3 мингта лойиҳа доирасида ёшлар учун 50 мингта янги иш ўринлари яратилмоқда.

“Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор” тамойили асосида кўнгилли тадбиркорларни жалб этган ҳолда 1 нафар тадбиркорга 1 нафардан ишсиз ёшни бириктириш ташаббуси ҳамда “Ёшлар: 1+1” лойиҳаси доирасида 452 минг нафар уюшмаган ва ишсиз ёшларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, уларда бизнес кўникмаларини шакллантириш, имтиёзли кредитлар ажратиш орқали ўз фаолиятини бошлашга кўмаклашишга эришилди. 2021 йилнинг ўзида 123 мингдан зиёд ёшларнинг тадбиркорлик лойиҳалари учун 3,1 триллон сўм имтиёзли кредитлар ажратилди.

Натижада охирги 7 йилда республикамизда 30 ёшгача бўлган тадбиркорлар сони 5 баробар кўпайиб, 500 мингдан ошди.

Умуман олганда, бугунги кунда ёшларимиз тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун барча имконият ва имтиёзлар мухайё қилинмоқда, фақат изланишда давом этса бўлди.

Абдулло АСЛАНОВ,

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси

раиси ўринбосари

  • Кўрилди
    460
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+