Янги таҳрирдаги Конституция ўқитилмоқда, ўрганилмоқда

05.09.2023, 16:35

Янги таҳрирдаги Конституция ўқитилмоқда, ўрганилмоқда

Маълумки, янги таҳрирдаги Конституциямиз Янги Ўзбекистон стратегиясини амалга оширишнинг сиёсий-ҳуқуқий асослари, давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.

Президентимизнинг 2023 йил 8 майдаги  “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ушбу муҳим ҳужжат талабларига сўзсиз ва тўлиқ амал қилиш, давлат органлари фаолиятини янгича йўлга қўйиш, фуқаролар буни ўз ҳаётида ҳис этишини таъминлаш мақсадида қабул қилинди. Унда бош қомусимиздан келиб чиқадиган вазифаларни амалга ошириш бўйича аниқ тадбирларни ўз ичига олувчи чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Уларни бажариш юзасидан барча тузилмаларга топшириқ юкланди.

Хўш, мазкур топшириқни ижро этишга мамлакатимиздаги етакчи сиёсий партия – O‘zLiDePнинг иштироки қандай?

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси, Ўзбекистон тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази ўзаро ҳамкорликда ташкил этилган давра суҳбатида ана шулар хусусида суҳбатлашилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлари, партия ҳудудий кенгашлари, депутатлик гуруҳлари аъзолари, БПТ масъуллари, олим ва экспертлар иштирок этди.

Қайд этилганидек, фармонда қонунчиликни янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқлаштириш, уни амалга ошириш жараёнини ахборот-таҳлилий, илмий-экспертлик жиҳатидан таъминлаш ишларини тизимли ташкил этиш бўйича чоралар ҳам кўрсатилди. Ҳужжатни ўргатиш бўйича замонавий методика асосида дарсликлар, ўқув қўлланма ва махсус адабиётларни яратиш топширилди.

Ҳужжатда янги таҳрирдаги Конституциянинг моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган ўқув-семинарлар ташкил этиш каби қатор вазифалар сиёсий партиялар ҳамда уларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциялари зиммасига юклатилди, – деди O‘zLiDeP Сиёсий таълим маркази раҳбари Насимжон АЛИМОВ. –  Бу борада партия ва унинг ҳудудий кенгашлари томонидан талай ишлар бажарилди. Хусусан, жойларда “Халқ Конституцияси билан халқчил давлат сари!”, “Янги Конституция билан умуммиллий тараққиёт сари!” шиорлари остида маънавий-маърифий семинар ва ўқувлар ташкил қилинди.  “Сиз Конституцияни биласизми?” мавзусидаги викторина ўтказилди. Келгусида бундай тадбирлар янада кенг давом эттирилади.

Шу боис иштирокчилардан мазкур саъй-ҳаракатларни янада самарали давом эттириш  юзасидан фикр-мулоҳазалар тингланди. Уларнинг таклиф ва хулосалари инобатга олиниб, келгуси фаолиятда қўлланилиши эътироф этилди.

Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА,

XXI asr мухбири

Теглар
СТМ
  • Кўрилди
    368
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+