Тадбиркорлар учун янги имкониятлар

12.09.2023, 10:58

Тадбиркорлар учун янги имкониятлар

Шу йилнинг 18 август куни Президентимиз тадбиркорлар билан очиқ мулоқот қилган эди. Мулоқотда тадбиркорлар томонидан кўплаб мурожаат ва таклифлар кўтарилди, бу борада устувор вазифалар белгилаб берилди.  

Шу мақсадда давлатимиз раҳбари томонидан “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан 2023 йилдаги очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор билан тасдиқланган "йўл харитаси"га кўра кичик бизнесга янги имкониятлар яратиш, ўрта бизнесни барқарор иқтисодий ўсиш гаровига айлантириш, янги бозорларга сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар билан кириш, юқори даромадли корхоналарни кўпайтириш, содда солиқ маъмуриятчилиги ва бюрократиядан холи қулай муҳит яратиш   йўналишларни ўз ичига қамраб олган.

Қарорга мувофиқ, “Қишлоқ қурилиш банк” акциядорлик тижорат банки негизида Бизнесни ривожлантириш банки ҳамда унинг ҳузурида “Кичик бизнесни ривожлантириш жамғармаси” МЧЖ, ҳудудларда 14 та кичик бизнесга кўмаклашиш марказлари ташкил этилади.

Шунингдек, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида Бизнесни ривожлантириш банки томонидан кичик бизнес лойиҳалари учун 7 йилгача муддатларда кредитлар ажратилади. Ижобий кредит ва солиқ тарихига эга тадбиркорларга гаров талаби 50 фоизга камайтирилади.

Қарорга кўра, саноат соҳаларида “140 та илғор саноат корхонаси” дастури амалга оширилади. Шунга кўра, мазкур дастурга киритилган тарбиркорларнинг лойиҳаларини молиялаштириш учун хорижий валютада йиллик 4 фоиз, миллий валютада йиллик 10 фоиз ставкада 10 йил муддатгача кредит маблағлари ажратилади.

Бундан ташқари, дастурни амалга оширишни рақамлаштириш учун электрон платформа ишга туширилади.

Яна бир муҳим янгилик - камерал солиқ текширувини ўтказишда солиқ тўловчининг ҳудудига кириш, солиқ тўловчининг ҳудудини ва биноларини кўздан кечириш, солиқ тўловчининг ҳужжатларини талаб қилиб олиш ва уни чақиртириш, солиқ тўловчининг ҳужжатлари ва буюмларини олиб қўйиш тақиқланмоқда.

2024 йил 1 январдан бошлаб иқтисодий судлар томонидан солиқ органлари иштирокида кўрилаётган ишлар маъмурий судлар юрисдикциясига ўтказилади. Солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддати 5 йилдан 3 йилга туширилади.

Аҳоли ва тадбиркорларга ажратилган кредитлар бўйича қарздорликни ундириш бўйича суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда, мазкур кредитлар бўйича фоизлар неустойка ҳисобланиши тўхтатилади.

Тўлов миқдори кредит мажбуриятларини бажариш учун етарли бўлмаганда, маблағларни биринчи навбатда мутаносиб равишда муддати ўтган асосий қарз ва фоиз қарздорликларини, иккинчи навбатда жорий тўлов учун ҳисобланган фоизлар ва асосий қарзни, кейинги навбатларда неустойка ва ижро харажатларини қўллашга йўналтириш тартиби ўрнатилади.

Умуман олганда, давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори тадбиркорлар ва ишбилармонлар манфаттларига тўлиқ хизмат қилади.

Барно МИРЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    405
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+