“Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг иқтисодиётга доир мақсад-вазифаларида ҳам халқимиз манфаатлари ифодаланган

15.09.2023, 17:34

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг иқтисодиётга доир  мақсад-вазифаларида ҳам халқимиз манфаатлари ифодаланган

Мамлакатимизда  етти йил аввал иқтисодий соҳада ҳам ўта муҳим ислоҳотлар бошланганди. Ўтган даврда иқтисодий тизим муайян даражада қайта қурилди, бозор механизмлари изчиллик билан амалда жорий этилди. Натижада  мазкур йўналишда ҳам салмоқли ютуқлар қўлга киритилди. Лекин эришилган муваффақиятлар, Президентимиз таъбири билан айтганда, энди тарихга айланмоқда. Олдимизда бу борада  янги ҳаётий заруратлар, улкан вазифа ва имкониятлар вужудга келяпти. Бинобарин, давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2023 йилда ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори туб ислоҳотлар бардавомлигини таъминлаш баробарида уларни бутунлай янги босқичга олиб чиқишга қаратилгани билан ғоят аҳамиятли.  

Халқ, инсон манфаатлари – юртимизда кечаётган жамики иқтисодий ислоҳотларнинг негизи, асос-моҳиятини ташкил этмоқда. Буни стратегиянинг иқтисодий соҳадаги мақсад-вазифалар баён қилинган қисмининг “Барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш” деб номлангани ҳам яна бир бора тасдиқлаяпти. 

Стратегиядан маҳаллий хомашё базасидан самарали фойдаланган ҳолда илғор технологияларга асосланган саноатни ривожлантириш мақсади ҳам ўрин олган. Саноат шундай тармоқки, унда табиий, меҳнат ва молиявий ресурслар, илм-фан ютуқларидан кенг фойдаланиш имконияти мавжуд. Ҳар қандай давлат иқтисодиётида саноатнинг тараққиёти мана шу имкониятлардан унумли фойдаланишга боғлиқ. Бу борадаги мавжуд салоҳиятимизни рўёбга чиқариш бўйича бир қанча чора-тадбирлар белгилангани диққатга молик. Қайта ишлаш саноатида меҳнат унумдорлигини 2 баробар ошириш,  барча маиший техникани ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга 1,5 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш, тадбиркорларга “тайёр бизнес” шаклида бино бериш механизмларини назарда тутувчи саноат ипотекаси тизимини жорий этиш, металлни қайта ишлаш, машинасозлик ва электроника, транспорт ва логистика, қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик йўналишларида 8 та илмий-ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш ва бошқа вазифалар шулар жумласидандир.

Иқтисодиёт ривожини жадаллаштирувчи омиллардан бири, шубҳасиз, инвестиция эканлиги исбот талаб қилинмайдиган ҳақиқат. Негаки, чуқур таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, саноатни диверсификациялашга қаратилган лойиҳалар ижросини, ишлаб чиқаришни техник ва технологик янгилашни, умуман, мамлакатимизни модернизация қилишни  сармоясиз тасаввур этиб бўлмайди. Комил ишонч билан таъкидлаймизки, фаол ва оқилона инвестиция сиёсати тараққиёт локомотивидир. Келгуси 7 йиллик ривожланиш истиқболларимизни белгилаб берувчи ҳужжатда мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини янада ошириш ва қимматли қоғозлар бозорини жадал тараққий эттириш бўйича ҳам аниқ, пухта чора-тадбирлар белгилангани ҳеч бир йўналиш, тармоқ назардан четда қолмаганидан далолат. Шу ўринда ЎзЛиДеП бу йўналишдаги давлат сиёсатига ҳамоҳанг иш юритаётганини қайд этиш зарур. Дастуримизда қайд этилганидек, партия    Ўзбекистоннинг бизнес юритиш ва инвестиция киритиш учун энг жозибадор мамлакатлар қаторидан ўрин олишини таъминлаш, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкиллаштиришга йўналтирилган фаол инвестициявий сиёсат юритилиши тарафдоридир. 

Кейинги йилларда Президентимизнинг тадбиркорлик соҳасига қаратаётган эътибори, ғамхўрлиги натижасида мамлакатимизда хусусий бизнес билан шуғулланувчилар сезиларли даражада ортди. Бугунги кунда Ўзбекистонда 1 миллиондан зиёд тадбиркор фаолият юритяпти. Тадбиркорлар тасарруфидаги корхоналарда эса 5 миллиондан зиёд киши, жумладан, миллионлаб ёшлар меҳнат қиляпти. Бошқача айтганда, мамлакатимизда ҳар йили яратилаётган иш ўринларининг қарийб 90 фоизи хусусий сектор ҳиссасига тўғри келяпти. Бу эса хусусий бизнеснинг нафақат иқтисодий, балки ижтимоий ҳаётимиздаги аҳамияти, роли ҳам ортиб бораётганини кўрсатади. Тадбиркорлар манфаатлари, ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш   ғоят муҳим, жамият ва давлат барқарорлиги,  тараққиётига дахлдор долзарб масала бўлиб қолаётир. Шу нуқтаи назардан қаралганда стратегияда монопол соҳаларни бозор тамойилларига изчил ўтказиш, иқтисодиётда хусусий сектор улушини ошириш, тадбиркорларга эркин фаолият юритиши учун энг қулай шароитлар яратиш мақсади ҳам белгилангани партиямизнинг асосий электорати саналган тадбиркорлар, демакки, бутун халқимиз хоҳиш-истагига мос ва ҳамоҳанг.  Келгуси йилларда давлат улуши мавжуд 2,3 мингта корхона сонини 6 баробарга камайтириш, давлат тасарруфида фақат магистрал энергия ва транспорт тармоқлари, давлат бошқаруви ва хавфсизлиги билан боғлиқ соҳаларни сақлаб қолиш, маҳаллий тадбиркорлик субъектларига стратегик фойдали қазилма конларини бериш амалиётини кенгайтириш, бизнес учун қўшилган қиймат ва фойда солиқ ставкалари уч йил давомида оширилмаслигини кафолатлаш, микро молиялаштиришни ривожлантириш ва бошқа шу каби ишбилармонлар учун айни муддао бўлган ўнлаб чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилмоқда. 

 Эътиборлиси, шу ва бошқа талай  янгиланишлар  O`zLiDeP – мулкдорларнинг ўрта синфи, хусусий  бизнес  вакиллари, ўзининг  тадбиркорлиги  эвазига  халқ  фаровонлигини оширишга  интилувчи  барча  фуқароларнинг манфаатларини ифодаловчи сиёсий кучнинг дастурий ғоялари, мақсадларига батамом уйғундир. Зеро, партиянинг бош вазифаси иқтисодиётнинг энг муҳим тузилмавий сектори бўлган, ички бозорни зарур товарлар ва хизматлар билан тўлдирувчи хусусий тадбиркорлик, кичик бизнес ва фермерлик ҳаракатига имтиёз ва преференциялар бериш бўлиб қоляпти.

Мухтасар айтганда, “Ўзбекистон-2030” стратегиясида кўзланган эзгу мақсадларнинг рўёби  юртдошларимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришга, мамлакатимизнинг жаҳондаги ривожланган давлатлар сафига қўшилишига мустаҳкам замин яратади. Бошланган ислоҳотларни тизимли давом эттириш Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт йўлини янги босқичга олиб чиқишнинг кафолатидир.

 Дилшод Шоумаров,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси

раиси ўринбосари

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    350
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+