Интилиши кучли аёл учун тадбиркор бўлиш осон

19.09.2023, 11:10

Интилиши кучли аёл учун тадбиркор бўлиш осон

– Мамлакатимизда ишбилармон, ташаббускор аёлларнинг ғоя ва интилишларини қўллаб-қувватлаш, касаначилик асосида янги иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Юртимизда ўз тадбиркорлигини энг қуйи поғонадан бошлаб, бугунги кунда йирик ишбилармонга айланган аёлларимиз жуда кўпчиликни ташкил қилади.

Интилиши кучли аёл учун тадбиркор бўлиш осон. Лекин бизнесни очгандан кейин ҳақиқий ишбилармон бўлиб қолиш ниҳоятда қийин. Фаолият бошлаганда кўп тўсиқлар юзага келади. Муаммоларнинг оқилона ечими катта ғайрат талаб қилади. Буларнинг барига бардош беролмаган тадбиркор ўз бизнесини ривожлантира олмайди. Модомики, мунтазам ҳаракат талаб қилинади. Доимий тарзда янги технологияларни ўзлаштирмаса, глобаллашув масштабига кира олмаса, иш тўхтайди. Айниқса, аёл кишига ана шу босқичларни босиб ўтиш осон бўлмайди. Ҳаммаси маблағга боғлиқ эмас, маблағи бўлган тақдирда ҳам ўз-ўзидан тадбиркор бўлиб қолмайди. Унда мотивация, интилиш ва албатта, билим бўлиши керак.

“Masquerade little star” оилавий корхонаси фаолиятини бундан 15 йил олдин бошлаганида бироз чўчиганим рост. Лекин оила аъзоларимнинг кўмаги билан ва албатта, юртимизда тадбиркор аёлларга яратилган қулай шароитлар туфайли бугун шижоатли тадбиркорга айландим.

Олдинлари турли кўргазмаларга бориб, тадбиркор хотин-қизларга ҳавас қилардим, уларнинг эришган ютуқларини кўриб мен ҳам эътироф этилармиканман, дея ўйлардим. Ўз олдимга мақсад қўйиб, тинимсиз қилган ҳаракатларим бугун аста-секин ўз мевасини бермоқда. Дастлаб фаолиятимни болажонлар учун турли эртак қаҳрамонларининг кийимларини тикишдан бошладим. Илк даврда қўл остимда саноқлигина ишчи бор эди. Асосий кўмакчи уйдагиларим эди. Бугунги кунда 35 хилдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқаряпмиз. Асосан болалар саҳна либослари, эртак қаҳрамонлари ва раққосалар учун либослар, миллий ва замонавий либослар, спорт кийимлари, миллий мато сумкалар, миллий тақинчоқлар ва зебигардонлар каби турли хил йўналишдаги маҳсулотлар бутун юртимиз бўйлаб ва қўшни Қирғизистонга етказиб берилмоқда.

Ўтган йили USAID халқаро агентлигининг 37 минг долларлик грантини ютиб олиб, ўзимизга керакли бўлган ускуналарни ҳориждан харид қилишга эришдик. Келгусида янги иш ўринлари яратиш мақсадида касаначилик асосида яна 100 нафар маҳалладошимизимизнинг бандлигини таъминлашни режалаштирганмиз. Бунда асосан уйда ишсиз ўтирган, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга кўмак беришни ният қиляпмиз.

Жуда кўплаб халқаро кўргазмаларда қатнашган бўлсам ҳам, O‘zLiDePнинг “Ишбилармон аёл – 2023” кўрик-танловида иштирок этганим каби ҳаяжонланмаганман. Бу ерда тадбиркор ва ҳунарманд опа-сингилларимиз билан тажриба алмашдик. Ҳамкорликда янги лойиҳаларни бошлашга келишиб олдик. Буларнинг барчаси мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, хотин-қизлар ва ёшларни тадбиркорликка жалб этиш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар самарасидир.

Гўзал ИБРАГИМОВА,

“Masquerade little star” оилавий корхонаси раҳбари,

“Ишбилармон аёл – 2023” кўрик-танловининг Хоразм вилоят ҳудудий босқичи ғолиби

  • Кўрилди
    323
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+