Жаҳон минбарида бизга тинч ва барқарор, очиқ Афғонистон кераклиги таъкидланди

22.09.2023, 15:09

Жаҳон минбарида бизга тинч ва барқарор, очиқ Афғонистон кераклиги таъкидланди

Бугун юртимиз дунёнинг илғор мамлакатларидан қолишмайдиган янгича замонавий қиёфада жаҳонга юз тутмоқда. Кейинги йиллар давомида мамлакатимизда кенг миқёсдаги демократик ўзгаришлар амалга оширилиб, “Янги Ўзбекистон” деган тушунча реал воқеликка айланмоқда. Ҳеч шубҳасиз, халқни рози қилиш, инсон ва унинг қадрини юксалтириш, фаровонлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг бари юртбошимиз Шавкат Мирзиёев номи билан чамбарчас боғлиқ.

Президентимиз мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг ташаббускори ва уларнинг марказида турган ислоҳотчи раҳбар сифатида демократия, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасида умумэътироф этилган норма ва принципларга қатъий амал қилган ҳолда, жаҳон ҳамжамияти билан дўстона ҳамкорлик тамойиллари асосида ривожланадиган, пировард мақсади халқимиз учун эркин, обод ва фаровон ҳаёт яратиб беришдан иборат бўлган давлат – Янги Ўзбекистонни барпо этишда бош-қош бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбари куни кеча Нью-Йорк шаҳридаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош қароргоҳида БМТ Бош Ассамблеяси 78-сессиясида иштирок этиб, умумсиёсий мунозаралар майдонида ҳам Ўзбекистоннинг эртанги ёруғ келажаги учун муҳим бўлган, глобал ва минтақавий кун тартибидаги энг долзарб масалалар ечимига қаратилган қатор ташаббусларни илгари сурди.

Жаҳонда ҳамжиҳатлик ва амалий ҳамкорлик руҳини сақлаш, умумий манфаатларни мавжуд зиддиятлардан юқори қўйган ҳолда мамлакатларни жипслаштириш зарурлиги қайд этилган нутқ мазмун-моҳиятига кўра, кенг қамровли ва мавжуд муаммолар ечимига қаратилган аниқ таклиф ва ташаббуслар илгари сурилгани билан жаҳон ҳамжамиятининг эътирофига сазовор бўлди.

Президентимиз ўз нутқида халқаро ҳамжамиятни юртимиздаги ислоҳотлар жараёни, инсон ҳуқуқлари, ижтимоий-сиёсий модернизация соҳаларида эришилган натижалар билан таништириш баробарида ўткир халқаро муаммолардан бири бўлган Афғонистон масаласига жиддий эътибор қаратди.

Афғон халқига инсонпарварлик ёрдами кўрсатишни сусайтирмаслик лозим, деган фикрни илгари сурган юртбошимиз ҳамжамиятни Афғонистоннинг музлатилган халқаро активларини бу юртдаги ўткир ижтимоий муаммоларни ҳал этишга йўналтириш учун мақбул механизмларни ишлаб чиқишга чақирди.

Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатини халқ ва давлатнинг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда изчил амалга оширишни устувор мақсад этиб белгилаган давлатимиз раҳбари "Бизга тинч ва барқарор, минтақавий ҳамкорлик жараёнларида иштирок этадиган, қўшнилари ва бошқа мамлакатлар билан ўзаро манфаатли шериклик учун очиқ Афғонистон керак", – деди.

Дунёнинг олий минбаридан туриб бутун ҳамжамиятни Марказий Осиёнинг узвий қисми бўлган Афғонистон муаммосини ҳал этиш йўлида бирлашишга ва бу борада БМТ раҳнамолигида Афғонистон бўйича биргаликда ишлаб чиқилган, вазиятга мослашувчан ва конструктив позицияни белгилашга чақирди.

Айтиш жоизки, юртбошимизнинг саъй-ҳаракатлари билан минтақамизда мутлақо янги сиёсий муҳит яратилиб, ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик алоқалари кун сайин мустаҳкамланмоқда.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам “Хавфсиз ва тинчликсевар давлат” тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттирилишининг белгилаб олингани ҳам фикримизнинг ёрқин исботи бўла олади. Бунда айниқса, Афғонистон билан кўп қиррали ва ўзаро фойдали муносабатларни ривожлантириш, унинг иқтисодий тикланишига яқиндан кўмаклашиш, транспорт-транзит салоҳиятини рўёбга чиқаришга хисса қўшишдек мақсад замирида ҳам бағрикенглик, инсонпарварлик, халқлар дўстлигини мустаҳкамлашдек узоқни кўзлаган  сиёсат ётибди.

Хулоса қилиб айтганда, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мазкур чорлови Афғонистондаги вазиятнинг яхшиланишига улкан ҳисса қўшиши муқаррар.

Зотан, Афғонистонда тинчлик ва осойишталик ўрнатилишидан нафақат Ўзбекистон, қўшни мамлакатлар, балки бутун дунё манфаатдордир.

Зухро Мирзоҳамдамова,

O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши “Жамоатчилик билан

алоқалар ва мафкуравий ишлар” бўлими мудири

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    212
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+