Жаҳон савдо ташкилоти: имкониятлар эшиги очилмоқда

28.09.2023, 14:41

Жаҳон савдо ташкилоти: имкониятлар эшиги очилмоқда

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19 сентябрь куни БМТ Бош ассамблеясининг 78-сессияси доирасида Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) бош директори Нгози Оконжо-Ивеала билан учрашиб, Ўзбекистоннинг қисқа вақт ичида ушбу нуфузли ташкилотга аъзо бўлиши бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни атрофлича муҳокама қилган эди. Ўз навбатида, ЖСТ бош директори ҳам давлатимиз томонидан бу ташкилотга аъзо бўлиш борасида кўрилаётган чораларни юқори баҳолагани бежиз эмас.

Хўш, ЖСТга аъзолик биз учун қандай имконият ва имтиёзлар беради? Бу ташкилот сафига интилиш нега бир муддат тўхтаб қолди? Кейинги етти йилда изчил ислоҳотлар жараёни тезлашар экан, бу ташкилотга тўлақонли аъзо бўлиш Янги Ўзбекистон учун тараққиёт босқичларида ўзига хос зинапоя вазифасини ўташи муқаррар эканлиги тобора аён бўлиб бормоқда.

Янги Ўзбекистонда изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида иқтисодиётимиз барқарор ўсиш суръатларини намоён этмоқда. Сўнгги олти йилда ялпи ички маҳсулот ҳажми бир ярим мартадан ортиқ кўпайди. Бизнинг бош мақсадимиз – 2030 йилга қадар бу кўрсаткични яна 2 баробарга ошириш ҳисобланади. Иқтисодиётимизни либераллаштириш йўлидаги яна бир устувор вазифа эса тез фурсатда Жаҳон савдо ташкилотига тўлақонли аъзо бўлишдир.

Очиқ ва конструктив мулоқотлар

Бир жиҳат борки, маҳсулотларимизни қўшимча қийматдан ҳимоя қилиш ва уларнинг бошқа бозорларга тўсиқсиз киришини таъминлаш мақсадида Жаҳон савдо ташкилотига Ўзбекистон учун мақбул бўлган шароитларда аъзо бўлиш муҳим жараён ҳисобланади. Шу боис ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ЖСТ Котибияти билан фаол мулоқот олиб бориляпти.

Жараёнда ЖСТ Котибияти, БМТТД, ЮНКТАД/ЖСТ Халқаро савдо маркази, ЮСАИД, Корея халқаро иқтисодий сиёсат институти, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти, Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги ҳамда хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари иштирок этаётгани Ўзбекистон бу йўлда қандай жиддий қадамлар қўяётганини кўрсатади.

Ўтказилган музокаралар жараёни натижасида бугунги кунда Ўзбекистон Европа Иттифоқи умумлаштирилган имтиёзлар тизимининг “GSP+” бенефициар мақомини олди. Бу ўзбек ишлаб чиқарувчиларининг мато, кийим-кечак ва пластмассадан тайёрланган буюмлар каби 6 200 дан ортиқ турдаги маҳсулотларини Европа бозорларига экспорт қилиш имкониятини беради.

Ўзбекистоннинг “GSP+” дастурига қўшилиши натижасида Европа Иттифоқи мамлакатларига экспорт ҳажми ҳозирги 87 млн доллардан 3 млрд долларгача оширилади, шу жумладан тайёр кийим ва трикотаж маҳсулотларини экспорт қилиш кўрсаткичи 42 млн доллардан 1,2 млрд долларгача, мева ва сабзавотлар экспорти 20 млн доллардан 900 млн долларгача, чарм ва пойабзал экспорти эса 5 млн доллардан 200 млн долларгача ва бошқа тайёр маҳсулотлар экспорти 20 млн доллардан 700 млн долларгача ошади.

Айтиш ўринлики, халқаро савдо ташкилотлари билан ҳамкорлик фақат Жаҳон савдо ташкилоти ва Европа Иттифоқи билан чегараланмайди. Жаҳон божхона ташкилоти, Халқаро хусусий ҳуқуқни бирлаштириш институти, Халқаро савдо палатаси ва бошқалар билан фаол конструктив мулоқотлар ўрнатилди.

Бугунги кунда Ўзбекистон 47 давлат билан энг қулай давлат режимини таъминловчи савдо шартномаларини имзолаган. Шунингдек, 49 давлат билан икки томонлама сармоявий шартномалар имзоланган. Мамлакатимиз 2020 йилда Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи мақомига эга бўлди ва Евроосиё тараққиёт банкига аъзо бўлишга тайёрланмоқда. Ўзбекистон ҳозирда ўн бир давлат билан эркин савдо шартномасига эга. 2021 йил 1 ноябрь куни Ўзбекистон Буюк Британиянинг Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган 7800 дан ортиқ маҳсулотга импорт божини нолга тенглаштириш имконини берувчи Кенгайтирилган умумий имтиёзлар тизимига қўшилган биринчи давлат бўлди.

Ўрта ва узоқ муддатли ривожланиш мақсадлари

Хабарингиз бор, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида барқарор иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олиш ва келгуси уч йилда тайёр маҳсулот экспортини 2 баравар ошириш мақсади белгилаб олинган. Бу жараёнда дунёнинг 164 та давлати билан савдо тизимини йўлга қўйиш ва барқарор бозорларни яратиш имконини берувчи Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш муҳим аҳамиятга эга. Шу боис, ҳозирги вақтда бу ташкилотга аъзо бўлиш жараёнини самарали якунига етказиш бўйича тизимли ишлар ва аъзо давлатлар билан бозорларга кириш бўйича музокаралар ишлар олиб борилмоқда. Бу йўлда йилига камида 10 та хорижий давлат билан бозорга кириш музокараларини якунлаш мақсад қилинган. Миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини Жаҳон савдо ташкилотининг қоида, меъёр ва битимларига мослаштириш ҳаракатлари кечмоқда.

Мулоқотларнинг ҳозирги босқичини кузатиб, шуни айтиш мумкинки, ҳозирги жараён аъзоликка эришиш учун энг фаол босқичга кирганини кўрсатяпти. Бу Ўзбекистоннинг мазкур нуфузли ташкилотга аъзо бўлиш бўйича тарихдаги энг узоқ давом этган музокаралардан сўнг жуда муҳим қадам бўлди. Биламизки, 1994 йил декабрь ойидан бошланган ҳамкорлик алоқалари ниҳоясига етиш арафасида турибди. Шу ўринда бунча узоқ муддатли жараён нега вужудга келди, деган савол туғилади. Буни интервенционистик иқтисодий ривожланиш стратегияси билан боғлаш мумкин. 2016 йилдан бошланган иқтисодий ислоҳотлар ва жонланиш эса ташқи сиёсатимизга ҳам ўзининг ижобий таъсирини кўрсатди.

Эътироф этиш керакки, ташқи савдода сўнгги олти йил ичида қатъий қадамлар қўйилди. Хусусан, 2019 йилда солиқ соҳасида фаол ўзгаришлар бошланди, шу билан бирга бизнес юритиш учун маъмурий харажатлар камайиб борди, божхона ва тариф процедураларини соддалаштириш йўналишида сезиларли ўзгаришлар юз берди. Кўрилган чора-тадбирлар ташқи савдони амалга ошириш имкониятини сезиларли даражада осонлаштирди. Ҳукумат ва тадбиркорлар томонидан янги ташқи бозорларини биргаликда излаш тизимининг йўлга қўйилиши ҳам ўз самарасини берди. Шундай қилиб, 2019–2022 йилларда мамлакатимиз экспорти йилига ўртача 12 фоиздан ўсиб борди. Экспорт қилувчи корхоналар фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташқи савдо жараёнини соддалаштириш бўйича бир қатор туб ўзгаришлар амалга оширилди ва 60 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2017–2022 йилларда республиканинг умумий экспорти 96,3 млрд долларни ташкил этди. Масалан 2022 йилда республика экспорти 19,2 млрд долларни ташкил этиб, бу 2016 йилга нисбатан экспорт кўрсаткичининг деярли 59 фоизга ошганлигини кўрсатиб турибди.

Мис ва мис маҳсулотлари экспортининг ўсиши 2,8 бараварга (704 млн долларга), транспорт воситалариники 10 бараварга (416 млн долларга), маиший техниканики эса 4,6 бараварга (180 млн долларга), озиқ-овқат маҳсулотлари ва уннинг экспорти 21 бараварга (343 млн долларга) ошди.

Экспортнинг ўсишига юқори қўшимча қийматга эга саноат маҳсулотлари ҳажмининг 169 фоизга ошиши, шунингдек, пахта толаси экспортининг кескин пасайиши ва уни қайта ишлаш даражасининг ошиши ҳисобига эришилди. Бундан ташқари, тикув ва трикотаж маҳсулотлари экспорти икки бараварга ёки деярли 1 млрд долларга ошди.

Албатта, бу улкан режани амалга оширишда олдимизда жуда катта вазифалар турибди. Шулардан бири — ресурслар экспортига қарамликни диверсификацияланган рақобатбардош иқтисодиёт билан алмаштириш ҳисобланади. Бу йўналишда амалга оширилган ишлар натижасида хомашё экспорти деярли 30 фоизга ёки 1 млрд долларга камайди.

Ўзбекистон жстга аъзо бўлса, фақат ютади

Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш қабул қилинган жаҳон савдо қонунчилигига риоя қилиш мажбуриятини билдиради ва мамлакат ташқи бозорларда фойда олишини таъминлашга ёрдам беради. Шунингдек, тўғридан-тўғри хорижий ва ички инвестицияларни янада жозибадор қиладиган яхши сиёсат ва яхши бошқарувга содиқликдан далолат беради.

Ҳар қандай давлат ёки божхона ҳудуди ЖСТга аъзо бўлишда мавжуд аъзо давлатлар билан аъзолик шартларини келишиб олишлари зарур. Юқорида қайд этиб ўтганимиздек, узоқ танаффусдан сўнг Ўзбекистон 2019 йилда ЖСТга қўшилиш жараёнини қайта бошлади. Жорий йилнинг март ойида Женевада ушбу жараён бўйича ишчи гуруҳнинг олтинчи йиғилиши бўлиб ўтганди. Ишчи гуруҳ товарлар ва хизматлар бозорига кириш бўйича икки томонлама музокаралар натижаларини кўриб чиқди. Ўзбекистон қонунчилигидаги ўзгаришларни баҳолади ва ушбу қўшилиш жараёнидаги кейинги қадамларни таҳлил қилди.

Бугунги кунда Ўзбекистон уч давлат билан музокараларни деярли якунлади ва 31 та давлат билан фаол музокаралар олиб бормоқда. Шунингдек, Жаҳон савдо ташкилотининг битимларидан келиб чиқиб, миллий қонунчиликни унга уйғунлаштириш, тартиб ва стандартларни халқаро талабларга мослаштириш бўйича тизимли ишлар амалга ошириляпти. Халқаро бозорга кириш бўйича икки томонлама мажбуриятларни синхронлаштириш жараёнида миллий иқтисодиётимизнинг барқарор ва изчил ўсишини таъминлайдиган ҳуқуқ ва мажбуриятлар мутаносиблигига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ҳақли савол туғилиши табиий: ЖСТга аъзо давлатлар билан олиб бориладиган музокаралар нима учун керак? Жараёнда аризачи ва алоҳида давлатлар ўртасида параллел икки томонлама музокаралар жуда муҳим. Чунки ҳар бир давлат турли хил савдо манфаатларига эга. Музокаралар жараёнида тариф ставкалари ва бозорга киришнинг ўзига хос мажбуриятлари ҳамда товарлар ва хизматлар соҳаси муҳокама қилинади.

Музокаралар вақт талаб этади. Чунки ЖСТ аъзолари Ўзбекистондан маълум секторларга ёки алоҳида ишлаб чиқарувчиларга ёрдам бериш учун қўлланадиган кўп лаб чораларни бекор қилишни кутишади. Шу билан бирга, Ўзбекистон ўзининг миллий манфаатларига тўғри келмайдиган ЖСТ қоидалари ва кодексларидан озод қилиниши бўйича музокаралар олиб бориш имкониятидан фойдаланади. Бу аъзолик ислоҳ қилинган иқтисодиётга фойда келтириши инобатга олинса, музокаралар жараёнида мақбул ечимларга эришилади.

Халқаро таҳлилчиларнинг эътирофича, Президент Шавкат Мирзиёев қўшнилар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кучайтириш ва халқаро иқтисодий муносабатларни яхшилаш йўлида собитқадам. Бу эса бошланган катта ишларнинг самарали якунланиши учун умид бағишлайди. Эсланг, 2017 йил сентябрь ойида валюта бозори либераллаштирилди. Бу қайта тикланган ЖСТга аъзолик аризасининг муваффақиятли бўлишида муҳим қадам.

Ўзбекистон барча масалаларни ўзаро тушуниш ва ҳурмат руҳида муҳокама қилиш учун очиқ, конструктив мулоқот таклиф қилиб келаётгани музокараларда алоҳида эътироф этиляпти. Аъзо давлатлар давлатимизнинг бу ташкилотга аъзо бўлиши учун устувор аҳамият бериш ва бу жараённи тезлаштириш бўйича мажбуриятини юқори баҳоламоқда. Шу билан бирга, улар аъзо бўлиш бўйича музокараларда аниқ муддатларга эмас, балки мазмун-моҳиятга эътибор қаратишни маъқулламоқдалар.

Хулоса қилиб айтганда, ташқи савдода тайёр маҳсулот экспортини кўпайтириш орқали мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини ошириш ва халқимиз турмуш фаровонлигини яхшилашда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш янада кенг имкониятлар эшигини очади. Дунёнинг бошқа давлатлари билан иқтисодий алоқаларни янада яхшилаш, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, бозор муносабатларига ўтиш жараёнини тезлаштиришга туртки беради.

Нодир ЖУМАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси раиси,

иқтисод фанлари доктори, профессор

  • Кўрилди
    512
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+