Беш ташаббус олимпиадаси — ёшларни бирлаштиришда муҳим омил

28.09.2023, 16:24

Беш ташаббус олимпиадаси — ёшларни бирлаштиришда муҳим омил

Мамлакатимизда кейинги йилларда келажагимиз эгалари бўлган ёшларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг орзу-интилишлари, қобилият ва истеъдоди, интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилган улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Зеро, ёшлар — мамлакатнинг энг катта бойлиги, Ватанимиз таянчи ва халқимиз суянчи ҳисобланади. Шу боис, юртимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар йигит-қизларимиз билан ишлашнинг вертикал тизимини яратиш, ёшлар муаммоларини бевосита маҳаллаларда ҳал этишга қаратилди.

Ёшларнинг эътиборсиз қолиши жуда катта муаммо бўлиб, унинг ечими давлат, фуқаролик жамияти, хусусий сектор, қўйингки, барчанинг биргаликда ҳаракат қилишини талаб этади. Биргина пандемия даврида мактабларнинг бир неча ойга ёпилгани таълим сифати билан бирга ёшлар ўртасида социаллашув, ижтимоий бирдамлик даражаси кескин пасайиб кетгани, гаджетларга муккасидан кетиш сингари салбий ҳолатлар бунга яққол мисол.

Шунингдек, рақамли технологиялар асрида ёшларнинг кам ҳаракат бўлиб қолиши, ҳамма нарсага хафсаласизлик, дунёқарашнинг торайиши, базавий билимларнинг (hard skills) бўшлиги сингари муаммолар глобал даражага чиқмоқда. Шу маънода, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш масаласига аввалгидек “битта тўгарак машғулоти билан ўтиб кетади” дея қараб бўлмайди.

Хўш, бизда бу борада ҳолат қандай ва нима ишлар қилиняпти? Бунга мисол сифатида давлатнинг ёшлар сиёсати доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар орасида энг катта шуҳрат қозонгани маҳалла-сектор-туман-ҳудуд-республика даражасида ўтказилаётган 5 босқичли “Беш ташаббус олимпиадаси”ни келтириш мумкин.

Боиси 2023 йилнинг ўтган даврида мазкур тадбирларда 11,9 миллион нафар ёшлар иштирок этди. Ушбу олимпиаданинг 5 та йўналишда ўтказилаётган республикамизнинг энг чекка қишлоқ ва овулларидаги қобилияти, истеъдодини етарлича намоён эта олмаётган ёшларимиз учун жуда катта имконият эшигини очиб берди, десак айни ҳақиқат.

Мисол учун, унинг доирасида “Ёшлар овози” республика танлови ғолиблари Италияга 10 кунга халқаро тажрибаларни ўрганиш мақсадида юборилди. Тошкент шаҳри, Яшнобод туманида туғилган, анъанавий ижрочилик йўналиши ғолибаси Севинч Жовлиева, Фарғона вилояти Бешариқ туманида туғилган, анъанавий ижрочилик йўналиши ғолиби Хушнуджон Солижоновлар шулар жумласидан.

Мазкур лойиҳа доирасида эришилган натижалар ҳақида гапирганда 2022 йилги олимпиада доирасидаги спорт мусобақаларида республикада ғолиб ва совриндор бўлган ёшларнинг яшаш маҳаллаларида жами 623 та спорт майдончалари қуриб берилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Яна бир муҳим масала. “Ёш китобхон” республика танловининг учта ёш тоифаси (10-14, 15-19 ва 20-30 ёш)да бўлиб ўтиб, 2023 йилда ёшлар қамрови сони 805 минг нафарни, ўтган йилга нисбатан 25,7 фоизга ошган. Ўтган мавсумда 10-14 ёш тоифасида Навоий вилояти Зарафшон шаҳридан Азиза Иброҳимова, 15-19 ёш тоифасида Самарқанд вилояти Ургут туманидан Марҳабо Маҳкамтошева ва 20-30 ёш тоифасида Наманган вилояти Чортоқ туманидан Замира Абдуллаева ғолибликни қўлга киритиб, Президент совғаси “Спарк” автомобиллари билан тақдирланди.

Айтиш жоизки, “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг иккинчи мавсуми жорий йилнинг сентябрь-декабрь ойларида ўтказиш режалаштирилган. Ҳозирги кунга қадар мазкур тадбир доирасида ўтказиладиган 14 та танлов ва мусобақаларда иштирок этиш учун 5tashabbus.uz сайти орқали жами 7 миллион нафардан ортиқ ёшлар рўйхатдан ўтган. Рақамлар олимпиаданинг ёшлар ҳаётига нақадар кенг кириб борганини яққол кўрсатиб турибди.

Ушбу мавсумда анъанавий танловлардан ташқари шахмат, шашка, стол тенниси, енгил атлетика, қувноқ стартлар, футбол, волейбол спорт мусобақалари, ҚВЗ (Қувноқлар ва зукколар), “Заковат” интеллектуал ўйинлари ташкил этилади. Ҳозирги кунда “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг маҳалла, мактаб, йўналиш ва факультет босқичлари бўлиб ўтмоқда.

Умуман олганда, буларнинг барчаси олий мақсад – жамиятимизда билимли, соғлом, меҳнатсевар ёшлар, ишбилармон тадбиркорлар, меҳрибон ота-оналар ва фаол фуқаролар авлодини шакллантиришга хизмат қилади.

Баҳром  РАҲМОНАЛИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    879
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+